Яшаш завқи ободликда кўринади

Ватанимизнинг қайси гўшасига борманг, намунали уйлар, бунёд этилаётган спорт иншоотлари, кўзни қувнатади. Об-ҳавоси, табиатидан дил яйрайди. Шаҳар ва қишлоқларимизда қад ростлаётган замонавий таълим, тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари, кенг ва ёруғ йўллар, кўприклар бунёд этилаётганини кўриб қалбингиз қувончга тўлади. Уй-жойлар ҳудудлар кўркига кўрк қўшиш баробарида, аҳолининг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаётир. Қурилаётган спорт иншоотлари эса фарзандларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши билан бир қаторда мард, соғлом, бақувват бўлиб ўсиб-улғайишига замин яратмоқда.

Намунали уйлар – фаровонлик рамзи

Юртбошимиз ташаббуси билан бир неча йиллардан буён қишлоқ аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, замонавий қурилиш материалларидан фойдаланиб, сифатли уй-жойларни барпо этиш, ижтимоий соҳа биноларини бунёд қилиш, уларнинг янги инфратузилмаларини шакллантириш, пировард мақсадда қишлоқ аҳолиси дунёқарашини тубдан ўзгартириш, мамлакатимиз чекка ҳудудлари қиёфасини бутунлай янги бир босқичга кўтаришга қаратилган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши давом этмоқда.

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши давлат дастурини давом эттириш мақсадида, 2015 йилнинг 7 январида Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “2015 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши Дастури ва 2016 йилги қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга асосан респуб­ликамизнинг 149 та туман ва қиш­лоқларида 12 мингта якка тартибдаги уй-жойлар қурилиши режалаштирилган.

Бунёд этилаётган ушбу уйлар халқимизнинг урф-одатига, яшаш тарзига мос қатор қулайликлар асосида қурилаётгани эътиборга молик. Меҳмонхона, болалар хонаси, ошхона, ювиниш хонасидаги шароитлар – буларнинг барчаси яшовчиларга катта қулайликлар яратади. Уларнинг турмуш шароити ва маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

– Биз 2012 йилдан буён шу уйда яшаймиз. Мазкур турар-жойнинг имкониятлари шаҳардаги шарт-шароитлардан асло қолишмайди. Табиий газ, тоза ичимлик суви билан таъминланган. Айниқса, болалар хонасининг кенг ва ёруғлигидан фарзандларим хурсанд, – дейди Фарғона вилояти Бувайда туманида истиқомат қилувчи Дилфуза Мамадалиева.

Қад ростлаётган мазкур иморатлар аҳолининг қувончига қувонч қўшмоқда. Шундай шароитларда фарзанд­ларини тарбиялаб, вояга етказаётгани хонадон эгаларининг кўзларидаги мамнунлик ифодасида акс этади.

Ривожланаётган спорт иншоотлари

Президентимиз раҳнамолигида соғлом ва баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили сифатида болалар спортини ривожлантириш, ёш авлодни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур имкониятларни яратиш, уларни қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилмоқда.

Яна ўқинг:  ДСЭНМ: Саломатлик йўлида сергак

Хусусан, ёш авлодни ҳам ақлан, ҳам жисмонан соғлом дунёга келтириш, тарбиялаш ва муносиб авлодлар даражасида шакллантириш вазифаси давлат сиёсатига айланди. Қисқа муддат ичида мамлакатимизда бокс, шахмат, енгил атлетика ва спортнинг бошқа турлари бўйича жаҳон чемпионлари етишиб чиқди. Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ана шундай баркамол авлодни вояга етказишда муҳим ўрин тутмоқда.

– Жамғарманинг 2015 йил 25 февралдаги навбатдаги Ҳомийлик кенгаши топшириқларига биноан Болалар спорти иншоотларини янада ривожлантириш бўйича Концепция ишлаб чиқилаётганлигини инобатга олиб, жамғарма маблағлари ҳисобидан келгуси йилларда умумтаълим мактабларига спорт заллари қурилиши, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича бир қатор қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари, жамғарманинг ижро этувчи директори Эркин Искандаров.

Биргина жорий йилнинг ўзидаёқ жамғарма маблағлари ҳисобидан 221 та болалар спорт иншоотларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, ушбу мақсадларга 227,3 миллиард сўмлик маблағ сарфлаш режалаштирилган. Жумладан, 5та лойиҳа асосидаги спорт иншоотларини янгитдан қуриш, 174 та умумтаълим мактаблари учун спорт заллари қуриш, 23 та спорт иншоотини қайта реконструкция қилиш, 7 та спорт иншоотини капитал таъмирлаш, 12 та сузиш ҳавзаси қурилиши белгиланган.

Бундай ғамхўрликка жавобан ёшларимиз Ватанимиз байроғини янада юксакка кўтариб, жаҳон ареналарида муносиб ўринларни қўлга киритишмоқда.

Чарос ХУШВАҚТОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: