Қўриқхонада медиа-тур
Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Tugan Falconry Club” ноёб йиртқич қушлар қўриқхонасига медиа-тур уюштирилди.
Мамлакатимизда ўттизга яқин қўриқхона, миллий табиат боғлари, ноёб ҳайвон ва қушларни сақлаш ва кўпайтириш марказлари бор. 2014 йилда ташкил қилинган “Tugan Falconry Club” қўриқхонаси улардан биридир.
Йиртқич қушларни давлат томонидан назорат қилиш, ўсимлик ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилиш мақсадида “Tugan Falconry Club” қўриқхонаси ходимлари замонавий махсус асбоб-ускуналар билан таъминланган. Жумладан, бу ерда туну кун видеокузатув ишлари олиб борилмоқда, қушларни кузатиш ва ўрганиш мақсадида уларга махсус микрочиплар қўйилмоқда. Ҳар бир қуш учун махсус паспорт ишлаб чиқилган.
Медиа-тур иштирокчилари қўриқхона фаолияти ва унинг истиқболдаги вазифалари билан таништирилди. Хусусан, лочиннинг ноёб шахин зотини кўпайтириш, Ўзбекистон Республикаси табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси кўмагида жанубий кореялик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида катта комплекс барпо этиш қўриқхонанинг истиқболдаги режаларидан биридир. Мазкур комплекс ташкил этилгач, 50 та янги иш ўрни яратилади.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
М.ТОЛИПОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири