Янги оилавий поликлиника

Нафақат аҳолига, балки тиббиёт ходимлари учун ҳам кенг қулайлик яратди

Соҳибқирон Амур Темур бобомизнинг “Кимки қудратимизни билмоқчи бўлса, биз қурдирган иморатларга боқсин” деган ҳикматли сўзлари эзгуликни кўзлаган, яратувчилик иштиёқи билан ёнган халқимизга илҳом бахш этиб келмоқда. Буни ўзим ишлаётган пойтахтимизнинг Сирғали туманидаги 13-Оилавий поликлиника мисолида аниқ кўриб турибман. Яна тиббий масканимиз яқинда ишга тушган учинчи аэропортга борадиган кенг ва равон йўл бўйида жойлашган бўлиб, маҳалла кўркига кўрк қўшиб турибди. Бу худуд меъморий қиёфаси кейинги бир-икки йил ичида тубдан ўзгарди. Равон йўллар бунёд этилди, чор-атроф ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилди. Тиббий муассасамиз замонавий қиёфа касб этганидан кенг ва ёруғ хоналарда ишлаётганимдан фахрланаман.

Оилавий поликлиникада бугунги кунда 16 нафар шифокор, 40 нафар ҳамшира ва 20 нафар кичик тиббиёт ходими 15 минг 650 нафар кишига хизмат кўрсатади. Шифокорлар ҳамда беморлар учун барча қулайликларга эга бўлган тиббий масканда ишлаш кишига аъло кайфият бағишлайди.

Жорий йилда поликлиникамиз ҳудудида яшаётган 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қариялар, кексалар, ногиронлар барчаси чуқурлаштирилган тиббий кўриклар билан қамраб олинди. Уларни соғломлаштириш мақсадида шаҳар касалхоналарига йўлланмалар, сиҳатгоҳларда даволанишга тавсиялар берилди.

Оилавий поликлиникамиз бош шифокори Зоя Дмитриевна Ан Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, улар поликлиника ҳудудидаги аҳолининг саломатлигини муҳофаза килиш масалалари билан биргаликда аҳолининг ижтимоий масалалар бўйича муаммоларини ҳам ҳал қилишда жон куйдириб келмокда. Поликлиника янги бинога кўчгани сабабли “Учувчилар” маҳалласи аҳолисига у анча узоқлик қилиб қолди. Шунингдек, у ердан келадиган битта транспорт воситаси ҳам йўқ эди. Шунинг учун поликлиника бош шифокори, депутат Зоя Дмитриевна Аннинг саъй – ҳаракатлари билан “Учувчилар” маҳалласидан оилавий поликлиникамизга қатнайдиган транспорт воситаси фаолияти йўлга қўйилди.

Поликлиникага қарашли ҳудуддаги қарияларнинг кўпчилиги “Учувчилар” маҳалласида истиқомат қилишини инобатга олиб яна бир эзгу иш амалга оширилди. Кексаларга кўрсатилаётган тиббий хизматни янада яхшилаш мақсадида ушбу маҳалла қошида маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда “Нуронийлар хонаси” ташкил этилди. Бу ерда маҳалланинг патронаж ҳамшираси қарияларнинг қон босимларини ўлчаб, даво муолажаларини тўғри олаётганларини назорат қилиб туради, зарурат бўлган ҳолларда шифокорни уйга чақиради.

Яна ўқинг:  Нима учун "Камолот" фаолияти тугатилди?

Аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида поликлиника ҳудудида истиқомат қилаётган фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирлар чуқурлаштирилган тиббий кўриклар билан қамраб олинмоқда. Касалликларни эрта аниқлаш ва ўз вақтида соғломлаштириш мақсадида даҳа хамширалари ва оилавий шифокорлар уйма-уй патронаж ишлари билан шуғулланиб, тана ҳарорати кўтарилган, қон босими ошган ва бошқа тиббий-ижтимоий муаммолари бўлган беморларни аниқлаб, соғломлаштирмоқдалар.

Оилавий поликлиникамиз мисолидаги бу ислоҳотлар мамлакатимизда тиббиёт тараққиётига бўлган эътиборнинг яққол намунасидир.

Донохон ЖОНИБОЕВА,

Сергели туманидаги 13–оилавий поликлиника шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: