ЭЗГУЛИКДАН ЭЪЗОЗ ТОПИБ

Фарзандларимизнинг замонавий кўринишда қад ростлаган, барча қулайликларга эга мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олиб фан сирларини қунт билан эгаллаётганидан қалбинг чексиз фахрга тўлади. Бундай қулай имкониятларни яратишда бир томондан Юртбошимиз раҳнамолигида таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётган бўлса, иккинчидан бу ишларни амалга оширишда жонбозлик кўрсатаётган корхона-ташкилотлардан тортиб оддий қурувчигача муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Зеро, эзгулик йўлида қўйилган ҳар бир қадам юрт болаларининг баркамол вояга етишига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасалари ва ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб келаётган Раҳимжон Акрамов ҳам ана шундай ўз касбининг фидойиларидан бири ҳисобланади. У 1952 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Раҳимжон Акрамов пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 12-сонли мактабни тугатиб, Тошкент давлат техника университети (Тошкент политехника институти)нинг, саноат ва фуқаро қурилиши факультетини тамомлаган.

Дастлаб олий ўқув юрти йўлланмасига асосан Республика “Ўзжамоақурилиш” бирлашмасининг 1-сонли “Жамоамахсусқурилиш” трестида оддий муҳандисликдан иш бошлаган Раҳимжон ака ўз соҳасини чуқур ўргангани, касбини қадрлагани боис бўлим бошлиғи лавозимида фаолиятини давом эттирди. Шундан сўнг мазкур трестнинг Жиззах вилоятидаги 15-сонли механизациялашган кўчма колоннасида раҳбарлик лавозимларида ишлади. 1993 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида ишлаб келаётган бу фидойи инсон вазирлик тасарруфидаги таълим муассасалари ва ўқув юртларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб келмоқда. Раҳимжон Акрамов вазирлик буюртмаси асосида 2000 йилга қадар республика бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 16 та педагогика билим юртлари, Нукус, Навоий, Жиззах, Қўқон давлат педагогика институтларининг ўқув лаборатория бино ва иншоотлари қурилишида алоҳида жонбозлик кўрсатган.

Биргина бу эмас, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 19 февралдаги “Республикадаги умумтаълим мактабларини инвентаризациядан ўтказиш ва паспортлаштириш тўғрисида”ги Фармойиши ижросини таъминлаш бўйича Р.Акрамов томонидан республикадаги мавжуд мактабларнинг намунавий паспорт лойиҳаси ишлаб чиқилиб, шу асосда 2004 йилнинг февраль-март ойларида мавжуд 9727 та мактаблар инвентаризациядан ўтказилиб, паспортлаштирилди. Юқорида қайд этилган меъёр ва қоидалар асосида “Давархитектқурилиш” қўмитасининг етакчи лойиҳа институтлари билан биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқилди. Бунда асосий эътибор ўқувчи ёшлар учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий лойиҳалар яратилишига қаратилди.

Яна ўқинг:  Ўспиринлик: бу даврда фарзандингизга янада эътиборли бўлинг

Раҳимжон Акромов 2010 йилда “Умумтаълим муассасалари бино ва иншоотларини экпслуатация қилиш ва сақлаш” бўйича қўлланма ишлаб чиқди. Ушбу қўлланма республикадаги мавжуд 16000 та таълим муассасаларига амалда фойдаланиш учун юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 21 майдаги “2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган янги лойиҳалар асосида мамлакатимиздаги мавжуд 9727 та мактабларнинг 8528 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мазкур мактаблар замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси ва спорт инвентарлари билан жиҳозланди.

Бундан ташқари, Давархитектқурилиш қўмитаси ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ПРООН лойиҳаси асосида таълим муассасаларида электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа асосида синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Навоий ва Фарғона вилоятларидаги мактабларнинг қурилишида бевосита раҳбарлик қилаётган Раҳимжон ака ҳамон ташаббускор, тиниб-тинчимайди.

Ҳа, меҳнат қилган элда эъзоз топади. Халқимиз турмушининг ободлиги, фарзандларимизнинг замонавий таълим муассасаларида, шинам ўқув хоналарида таҳсил олишида қўшган хизматлари учун Р.Акрамов давлатимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

Раҳимжон ака чинакам таълим фидойиси, у Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби.

Жаҳонгир МУСАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси

Халқ таълими вазирлиги

Матбуот ва ахборот хизмати раҳбари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: