ДУОГЎЙ КЕКСАЛАР – БАХТУ САОДАТИМИЗ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мус­таҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида қимматли маслаҳатлари, панд-ўгитларини аямай келаётган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.

Нуронийларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳаётини мазмунли қилиш, кўнглини кўтариш йўлида амалга оширилаётган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 13 октябрдаги “1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан уларни ижтимоий ҳимоялаш кўлами янада кенгайди. Хусусан, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари йилига бир марта санаторий-соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш имкониятига эга бўлди.

Президентимиз ташаббуси билан 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили, деб номланди. Шу муносабат билан қабул қилинган Давлат дастури доирасида ёши улуғ инсонларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тизимли асосда соғломлаштириш каби хайрли ишлар такомиллаштирилди.

Хусусан, кекса ва нуронийлар учун тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида ташкил этилган 2-сонли Фарғона вилоят Уруш ва меҳнат фахрийлари шифохонаси ана шундай масканларидан биридир.

– Фарғона тумани Водил қишлоғи “Бўстон” маҳалласи ҳудудида жойлашган мазкур шифохонадаги табиий гўзал манзаранинг ўзи кайфиятингизни кўтаради. Ҳовуз ва фавворалари, капитал таъмирдан чиқарилган икки қаватли бино ҳамда кенг ва ёруғ хоналар кексаларимизнинг даволаниш ва кўнгилли дам олишларига мўлжалланган, – дейди шифохона бош врачи Алижон Жўраев. – Муассаса ҳовлисидан Арабсой оқиб ўтади. Унинг қирғоқларида хушманзара жойлар ташкил этилган. Шифохонани санаторийга менг­заса арзийди. Шинам ва барча шароитларга эга ошхона, дам олиш ва маънавият хонаси, физиотерапия, муолажа хоналари нуронийларга беминнат хизмат кўрсатмоқда.

Шифохонада уруш ва меҳнат фахрийларидан ташқари, I ва II гуруҳ ногиронлари ҳамда якка-ёлғиз қариялар ҳам даволанадилар. Уларга имтиёзли даволанишлари учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратилган. Шифохонанинг клиник лабораториясида гемотология, биокимё таҳлиллар амалга оширилса, стериллаш бўлимида тиббий жиҳозлар юқори босимда тозалашдан ўтказилади. Беморлар учун уч маҳал иссиқ овқат, ётоқ ва малакали тиббий хизмат, дори-дармонларнинг барчаси бепул. Бу ерда кексалар билан тез-тез ижодий учрашувлар, концерт ва маънавий суҳбатлар уюштирилади.

Яна ўқинг:  ЭР ЙИГИТ – ЮРТ ПОСБОНИ

Айтиш жоизки, Кексаларни эъзоз­лаш йили муносабати билан даволанувчилар учун яратилган шарт-шароитларни янада яхшилаш мақсадида бюджет маблағлари ҳисобидан юмшоқ ва қаттиқ жиҳозлар келтирилиб, ҳомийлар ёрдамида газ трубаси ўтказилди, хоналар гилам, телевизор билан жиҳозланди. Вилоят молия бошқармаси томонидан қўшимча соғломлаштириш тренажёрлари, тиббий жиҳоз ва ускуналари, физиотерапия хонасига дарсенвал, УТТ ва УВЧ аппаратлари келтирилди.

Шифохонада даволанаётган 100 ёшли Каримжон Шералиев, 96 ёшли Узоқҳожи Мирзаев, 93 ёшли Одилҳожи Зокиров, 92 ёшли Мўминжон Тошматов, 90 ёшли Абдуллажон Олтиев каби уруш ва меҳнат фахрийлари фаолият кўрсатаётган барча шифокор ва ҳамшираларнинг тиббий малакаси ва ширинсуханлигидан мамнун. Улар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик, эъзоз ҳамда меҳрдан бошлари осмонда. Нуронийлар шукроналар келтириб юртнинг тинч ва осойишталигини тилаб ҳар тонг дуога қўл очадилар.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: