“Уста бузар”нинг ихтироси жамиятга фойда келтиради

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Навоий вилоят бўлими қошидаги “Ёш олимлар” клубига вилоят ҳокимлиги томонидан унинг фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида 150 миллион сўм миқдорида пул маблағи ажратилган эди. Яқинда вилоят ҳокими ушбу клуб аъзолари билан учрашиб, улар амалга ошираётган лойиҳалар билан яқиндан танишди. Шунда вилоят раҳбари эътиборини бир ихтиро ўзига тортди. Бу мактаб ўқувчиси Суҳроб Ҳайдаровнинг “Ақлли чиқиндихона” лойиҳаси эди.

Суҳроб болалигидан темир-терсаклардан нималардир ясашга қизиқарди. Ота-онаси унга олиб берган турли хилдаги ўйинчоқларни “уста бузар”лик қилиб, анча дакки егани ҳам рост. Аммо ундаги қизиқувчанлик кейинги ютуқларига туртки бўлган бўлса, не ажаб.

Ёш иқтидор эгаси айни пайтда Навоий вилояти Кармана туманидаги 21-умумтаълим мактабининг 9-синфида таҳсил олмоқда. У тенгдошлари орасида ўзининг тиришқоқлиги, изланувчанлиги билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, аниқ фанларга доир турли-туман масалалар ечиш жон-у дили.

Суҳроб мактабда таҳсил олиш билан бирга Ёшлар иттифоқининг вилоят бўлими қошидаги “Ёш олимлар” клубида ҳам фаол иштирок етиб келади. Унинг тинимсиз интилишлари бесамар кетмади. Жорий йилнинг 15 октябирда ўтказилган Ёшлар форумининг республика босқичида 1-ўрини эгаллади. Унинг юқорида қайд этилган “Ақлли чиқиндихона” лойиҳаси Навоий вилояти ҳудудида кенг жорий этилган. Мазкур лойиҳа чиқинди контейнерларини автоматлаштириш жараёнини ўз ичига олади. Бунда чиқинди қутисига ахлат олиб борилганда у автоматик тарзда очилади ва қайта ёпилади. Қути қопқоғи атрофга бадбўй ҳид тарқалмаслигининг ҳам олдини олади.

 

Чиқинди қутисининг ичига газли сенсор, яъни, тутун сезувчи махсус мослама ўрнатилади, – дейди лойиҳа муаллифи Суҳроб Ҳайдаров. – Агар қутига чала ёнган сигарет ёки бирор бошқа маҳсулот қолдиғи ташланса, мослама ўша заҳоти сув пуркаб, ёнғин келиб чиқишининг олдини олади. Бугунги кунда мазкур лойиҳани янада такомиллаштириш устида иш олиб боряпман.

 

Таъкидлаш жоизки, ёш ихтирочимиз фақатгина “Ақлли чиқиндихона” лойиҳаси билан чекланиб қолмаган. У бундан аввал “Smart cage” (“Ақлли қафас”) номли лойиҳасини тақдим этган эди. Мазкур лойиҳанинг янгилиги шундан иборатки, унинг эшиги автоматик тарзда махсус тугма орқали очиб-ёпилади. Доимий тарзда дисплейда хона ҳароратини ҳам кузатиб бориш имкони мавжуд. Энг асосий жиҳати, “Ақлли қафас”нинг ишлаши учун бор-йўғи 12 вольт кучланишли электр энергияси кифоя қилади. “Smart cage” Arduino микроконтроллери ҳамда унинг сенсорларидан фойдаланилган ихтиродир. Ихтиронинг фойдали томони шундаки, келажакда мингтагача бўлган броллер товуқларни битта мия, яъни “Arduino mega” орқали бошқариш мумкин. Бу эса хонаки паррандаларга озуқа ва сув беришни янада қулай ва осон бажариш имконини беради.

Яна ўқинг:  Тозалик – барака калити

Тан олиб айтиш керак, бугун мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни яхшилаш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш борасида кўплаб муаммолар мавжуд. Соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ва қилинадиган ишлар жуда кўп. Юртимиздаги деярли барча қишлоқларда маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш ва ташиш тўлиқ йўлга қўйилмаган. Ўйлаймизки, Суҳробнинг “Ақлли чиқиндихона” лойиҳаси бу каби муаммоларни бартраф этишга хизмат қилади.

 

Маълумот ўрнида

Юртимизда 53 фоиз аҳолига санитария-тозалаш хизмати кўрсатилади, холос.

 

Ҳумоюн ҚУВОНДИҚОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: