ЁЗДА ХАСТАЛИККА ЧАЛИНМАЙ ДЕСАНГИЗ…

Ўткир юқумли ичак касалликлари ва уларнинг профилактикаси

Ўткир юқумли ичак касалликларига қорин тифи, паратифлар, сальмонеллёз, ичбуруғ, вирусли гепатитнинг “А” тури ва бошқа бир қатор ўткир юқумли касалликлар киради. Бу касалликларни аксарият ҳолларда бактерия ва вируслар қўзғатиб, бемор ва бактерия ташувчи одамлар касаллик қўзғатувчиларининг манбалари ҳисобланади.

Ўткир юқумли ичак касалликлари қўзғатувчиларининг барчаси ташқи муҳитга анча чидамли бўлади. Масалан, қорин тифи қўзғатувчиси оқар сувда, сабзавот ва меваларда 5-10 кун, кўлмак сувда 1 ойгача, нон ва нон маҳсулотлари юзасида бир неча кун давомида тирик сақланса, вабо қўзғатувчилари оқар сувда 18 кундан 5 ойгача сақланади. Вабо қўзғатувчиси сувда ва сальмонеллёз қўзғатувчилари озиқ – овқат маҳсулотларида қулай шароитда ҳаттоки кўпайиши ҳам мумкин.

Ўткир юқумли ичак касалликларининг юқиш йўллари бир-бирига ўхшаш бўлсада, уларнинг ҳар бирини етакчи юқиш омили бор. Масалан, қорин тифи ва вабо касаллик­ларида асосий юқиш омили сув ҳисобланса, сальмонеллёз касалликларида эса озиқ – овқат маҳсулотлари етакчи юқиш омили ҳисобланади.

Бу гуруҳ юқумли касалликлар маиший мулоқот йўли билан ҳам юқади.

Йилнинг иссиқ кунларида аҳоли, айниқса, болалар ўртасида ўткир юқумли ичак касалликлари тез – тез учраб туради. Ёз ойларида ўткир юқумли ичак касалликлари омиллари фаоллашади. Аҳоли кўпроқ сув, ҳар хил чанқовбосди ичимликлар ичади. Яна мева – сабзавотлар, кўкатлар истеъмол қилади ҳамда касаллик қўзғатувчилари билан зарарланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилади ва шу жараёнларда касалликларни юқтириб олиши мумкин.

Ўткир юқумли ичак касалликлари мавсумий ҳисобланиб, асосан йилнинг ёз ва куз фаслларида кўпроқ учрайди. Касаллик қўзғатувчилари одам организмига тушиб, токи касалликнинг илк аломатлари пайдо бўлгунига қадар маълум вақт ўтади. Бу давр касаллик белгиларисиз кечади ва бунга касалликнинг яширин даври дейилади. Ўткир юқумли ичак касалликларида бу давр бир неча соатдан 21 кунгача давом этади. Касалликнинг яширин даври унинг турига қараб қисқариши ёки чўзилиши мумкин. Бу давр касаллик қўзғатувчисининг айрим хусусиятлари ва одамнинг иммунитетига боғлиқ бўлади.

Аксарият ўткир юқумли ичак касалликларига чалинган беморларда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, тана ҳароратининг кўтарилиши каби аломатлар кузатилади.

Яна ўқинг:  Тез толиқиш юрак хасталигидан дарак

Беморларга ўз вақтида тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаса, бу касалликлар ўзидан бир қанча асоратлар қолдириши мумкин. Ичаклар фаолиятининг бузилиши, ундаги яралардан қон кетиши ва бу аъзолар деворининг тешилиши, ўткир буйрак етишмовчилиги ва шу каби оғриқ ҳолатлар кузатилади. Бундай асоратларнинг айримлари мудҳиш оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги, хонадонларда, жамоат жойларида тозалик ва обондонлаштириш ишларини мунтазам амалга ошириш, умумий овқатланиш, озиқ – овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг савдоси билан шуғулланадиган корхоналарда санитария талабларига риоя қилиш ҳамда аҳолининг тиббий – санитария маданиятини ошириш ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга омиллардан ҳисобланади.

Мазкур касалликларнинг олдини олишда шахсий гигиенанинг роли жуда ҳам катта. Ўткир юқумли ичак касалликлари “кир қўллар касалликлари” деб бежиз айтилмаган.

Овқатланишдан олдин, ҳожатхонадан чиққандан сўнг қўлларни албатта совунлаб ювиш, тирноқларни ўз вақтида олиш, қўлларни тозалигига доимо риоя қилиш, ҳар бир оила аъзоси ўз сочиғидан, тўй – маъракаларда ҳам алоҳида сочиқдан ёки шахсий қўл рўмолчадан фойдаланиш ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

Бундан ташқари бозорларда, кўчаларда сифати кафолатланмаган, қўлда (уй шароитида) тайёрланган яхна ичимликлар квас, морс, турли мева шарбатлари, айрон, ўрик шарбати, компотлар ва бошқа шу каби ичимликларни истеъмол қилиш ҳам ўткир юқумли ичак касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Ўткир юқумли ичак касалликлари асосан 3 ёшгача бўлган болалар ўртасида кўпроқ учрашини инобатга олиб, бола парвариши билан шуғулланувчи ота – оналар, энага, тарбиячи ва шу каби масъул инсонларга қуйидаги тавсиялар берилади:

Улар мунтазам равишда болалар шифокоридан болалар парвариши бўйича маслаҳатлар олиши зарур. Яна гўдак ёки болаларга қаровчи кишилар шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишлари, шунингдек миттивойларнинг ҳам шахсий гигиенасини таъминлаши ва уларни ҳам шунга ўргатиши керак.

Ёш болали оналар чақалоғини эмизишдан олдин қўлини совунлаб ювиши даркор. Болаларга совуткичда узоқ муддат сақланган таомларни едирмаслик, уларни тўғри келган озиқ – овқат маҳсулотлари билан овқатлантирмаслик лозим. Барча оила аъзолари, айниқса, ёш болалар учун мўлжалланган сув ва хом сутни албатта қайнатиш талаб этилади. Болаларга янги соғилган сутни қайнатмасдан бериш мумкин эмас.

Яна ўқинг:  Одам папиллома вируси

Кўчадан уйга кирганда, овқатланишдан олдин, болага овқат тайёрлашдан олдин ва уни овқатлантиришдан аввал қўлларни совунлаб ювиш унинг соғлиғини кафолатлайди.

Болалар қўллари ва оғизларини умумий фойдаланилган сочиқлар билан артмаслик зарур. Шунингдек, чақалоқнинг ҳам қўлларини совунлаб ювиб, ундан сўнг она кўкрагини ҳам илиқ сувда ювиб, кейин гўдакни эмизиши керак.

Болаларнинг бармоғини сўришига йўл қўймаслик ҳам уларни хасталиклардан асрайди. Бозорларда ва кўчаларда сотилаётган мева-сабзавотларни тоза ичимлик сувида ювмасдан таътиб кўрмаслик шарт. Гўдакларни чақалоқлик давриданоқ санитария – гигиена кўникмаларига ўргатиб бориш керак.

Шуни айтиш жоизки, соҳа мутахассислари ва олимларнинг таъкидлашича саломатликни асраш 18 фоиз ирсий омилларга, 17 фоиз атроф – муҳит омилларига, 10 фоизи тиббий хизматга боғлиқ бўлса, 55 фоиз инсонларнинг соғлом турмуш тарзига ва шахсий гигиенага қаътий амал қилишларига ҳам боғлиқ экан.

Демак, соғлом турмуш тарзини болаликдан шакллантириб бориш бир қатор касалликларни, шу жумладан, ўткир юқумли ичак касалликларининг олдини олишнинг энг муҳим гаровидир. Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш минг бор афзал эканлигини унутманг азиз юртдошлар!

SHU O‘RINDA

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра дунё бўйича ҳар йили 275 миллиондан ортиқ одамлар ўткир юқумли ичак касалликларига чалинади ва уларнинг 70 фоизга яқинини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.

Ҳусан САПАРОВ,

тиббиёт фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: