WI-FI ВА СМАРТФОНЛАР
хавфли ўсмалар ривожланишига туртки бўлади
Мутахассислар фикрига кўра гаджетлар, симсиз телефонлар, смартфон, планшет ва шу каби буюмлар ҳамда интернетга симсиз уланиш (Wi-Fi) имкониятидан кўп фойдаланиш инсон ҳаёти ҳамда саломатлиги учун ниҳоятда хатарли экан.
Чунки, тадқиқот натижаларига кўра бу электрон қурилмалар ва Wi-Fi ускуналаридан чиқувчи зарарли нурлар нафақат соғлиққа зарарли бўлиб, балки организмда моддалар алмашинувини издан чиқаради. Яна бош оғриғи, сурункали чарчоқ синдроми, тери тошмалари, шунингдек, танада хавфли ўсмалар ривожланишига замин яратади.
Олимларнинг хулосасига таяниб шуни айтиш жоизки, атроф-муҳитдан организмга салбий таъсир этувчи омиллар, яъни зарарли электромагнит нурлар таъсирида реактив турдаги кислород пайдо бўла бошлайди. Бу эса ўз навбатида турли нуқсонларни келтириб чиқаради, шу жумладан, онкологик касалликларни ҳам. Яъни, патология (нуқсон)ларни ривожлантирувчи омилларга симсиз тармоқдаги нурланишлар ҳам таъсир этади.
Бундай салбий нурланиш таъсирида ҳужайрада оксидланиш жараёни кузатилади. Натижада эркин радикаллар пайдо бўлади. Бу эса ўз навбатида юзлаб хасталикларни келтириб чиқаради. Эркин радикаллар эса ҳужайра мембранаси (қобиғи)га салбий таъсир этади. Эрта қаришнинг яна бир сабаби шунга ҳам боғлиқ. Шунингдек, хавфли ўсмалар пайдо бўлиши, юрак қон томир касалликлари ва шу каби нуқсонлар ривожланиши эҳтимоли юқори бўлади. Замонавий гаджетлар ва симсиз тармоқдан мумкин қадар зарур бўлсагина фойдаланиш керак.
Шуни таъкидлаш жоизки, ҳозирда мобиль алоқа воситалари кенг тарқалган. Энг замонавий русумдаги алоқа воситалари инсон учун кенг қулайлик яратмоқда. Албатта ҳар бир киши ундан фойдаланиши керак. Аммо “танганинг иккинчи томони ҳам бор”лигини унутмаслик керак.
Ҳатто, баъзи ота-оналар гўдаклар инжиқлик қилса уларни тинчлантириш учун болаларнинг қўлига уяли телефонларни бериб қўйишади. Афсуски, “сотка” чақалоқ ва болалар учун уларни овутадиган овунчоқ эмас. Катталар қўлидан кун бўйи тушмаган телефонларни гўдаклар оғзига солганини ҳам гувоҳи бўламиз. Ёш оналарга бу ҳақида тушунтириб ёки танбеҳ берсангиз у Сизга “ҳайратланиб боқади”. Гўёки Сиз арзимаган нарса туфайли ваҳима қилаётгандек бўласиз. Аслида кўпгина юқумли касалликлар маиший йўл билан ҳам юқиши сир эмас. Яна гўдак организми ривожланиш ва жадал ўсиш палласида бўлади. Бу эса унинг соғлиғига катта зиён етказади. Катталар ҳам ҳуда-беҳудага, баъзан эса вақтни ўтказиш учунгина юқорида номлари тилга олинган воситалардан фойдаланмаслиги даркор. Уларни зарур ҳоллардагина қўлласалар, нафақат ўзларининг, балки оила аъзоларини ҳам асраб-авайлаган бўладилар. Инсон ухлаганида бу алоқа воситалари ўчирилган ҳолда бўлиши шарт. Уларни одам оёқ томонидан икки метр пастликда қувват олишга қўйиш керак.
ГУЛШИРИН