Ранглар боғининг жажжи боғбони

Халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган пурмаъно нақл бор. Санъат ҳам бир боғ: ранглар боғи, сўзлар боғи, куйлар боғи. Уста боғбонлар уни шу қадар гўзал яратганки, кезган сари кезгингиз келади. Унда бор оламни унутасиз.

Ранглар боғига қилган саёҳатларимнинг бирида ниҳолларга қўнган Пикассонинг кабутарларига меҳр билан тикилиб турган кичик боғбонни учратдим. Келинг, сизни ҳам у билан таништирай. Воҳа қуёшининг олтин мўйқалами юзларига ўзгача ранг берган бу бўлажак рассом Умидахон бўлади.

Болалигидан табиат ва унинг бетакрор ранг­ларига ҳайрат ила боқувчи бу истеъдодли қизнинг чизган илк расмларини кўрган отаси уни Яккабоғ туманидаги 12-Болалар мусиқа ва санъат мактабига олиб борди. Тинимсиз машқлар ва ҳаракатлар натижасида ёш иқтидор эгаси меҳридарё халқимизнинг буғдой ранг қиёфаси, залворли тоғлар салобати, шўхчан япроқларнинг рақсини оқ қоғозга ўзгача маҳорат билан тушира бошлади. Тиришқоқ, изланувчан Умидахон мактабдан фахрий ёрлиқлар билан қайтганда ота-онаси уни санъат соҳасига йўналтириб, адашмаганига яна бир бор амин бўлди.

Мактаб чоғларида Умидахон “Камалак юлдузлари”, “Маънавиятли ёш авлод” каби бир қатор республика кўрик-танловларида фахрли ўринларни эгаллади. У халқимизни қувонтирган ғалабани эса 2017 йил қўлга киритди. Ўша йили Умида Қаҳрамонова Россиянинг Қозон шаҳрида бўлиб ўтган “Казанские узоры” номли нуфузли халқаро танловда дастгоҳли рангтасвир йўналишида 1-, графика йўналишида эса 2-ўринни эгаллаб, юртимизга катта туҳфа билан қайтди.

Ҳозирда у Тошкент Маданият коллежи рассомлик йўналишининг 3-босқичида таҳсил олмоқда.

Минг бор эшитгандан кўра бир бор кўрган афзал. Яхшиси, жажжи боғбоннинг гулзорида ўзингиз бир сайр этинг. Ишонамизки, Умидахоннинг ниҳоллари сизнинг қалбингизда куртак ҳам ота бошлайди.

Ҳумоюн ҚУВОНДИҚОВ

Яна ўқинг:  Азамат ишончни оқлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: