Умр саодати – яхшилик

Инсон умри ўзига хос пасту баландликлардан, машаққатли синовлардан иборат. Ана шу синовларни мардановор енгиб ўтиш кишидан чексиз матонат, тинимсиз меҳнат, сабр ва қаноат талаб этади. Филология фанлари доктори, профессор Раҳимжон Воҳидов ҳам илм йўлидаги изланишларини игна билан қудуқ қазишдек машаққатлар эвазига амалга оширган.

1942 йилда Бухоро вилоятининг Жондор туманида таваллуд топган устоз ўрта мактабни тамомлаб, Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетида таҳсил олади. Университетни муваффақиятли тугатгач, Р.Воҳидов дастлаб мактабда она тили ва адабиёт фанидан ўқувчиларга сабоқ беради. Кейинчалик, Бухоро давлат университетида ўқитувчи, сўнгра “Ўзбек адабиёти кафедраси” мудири, “Ўзбек филологияси” факультети декани вазифаларида ишлаган. Раҳимжон аканинг меҳнат ва ижтимоий фаолияти бевосита Бухоро давлат университети билан боғлиқ.

Раҳимжон Воҳидовнинг 150 дан зиёд илмий мақолалари, бир қатор китоблари чоп этилган. Устознинг кенг қамровли илмий мушоҳадалари ўқувчини асло бефарқ қолдирмайди. Айниқса, адабий манбааларни таҳлил қилар экан, мумтоз адибларимиз яшаган даврлар хусусияти, адабий муҳит, анъана, услубий ўзига хослик каби масалалар устида мулоҳаза юритиб, муҳим фикрларни айтган. Раҳимжон Воҳидов асарлари турли мавзуларда ёзилган. Улар орасида мумтоз адабиётимизнинг буюк сиймолари ижодига бағишланганлари ҳам адабий алоқалар ва қиёсий адабиётшунослик масалаларига доир ўрганганлари ҳам, илоҳиёт ва шеърият алоқадорлигини илмий тадқиқоти ҳам бор. Устоз Навоий ижоди борасида изланишлар олиб бориб, эътиборга лойиқ тадқиқотлар яратди ва навоийшунослар қаторидан муносиб жой эгаллади. “Алишер Навоийнинг икки дурдонаси”, “Алишер Навоийнинг ижод мактаби”, “Алишер Навоий ва илоҳиёт”, “Маънавият – комиллик саодати” каби бир қатор илмий асарлари шулар жумласидандир.

Тинимсиз изланишни хуш кўрган ­Раҳимжон ака Заҳириддин Муҳаммад ­Бобур, Низомий Ганжавий, Ҳофиз Шерозий, Саъдий, Фитрат каби алломалар ҳақида ҳам кўплаб мақолалар ва рисолалар чоп эттирган.

Устоз ҳам форсий, ҳам туркий мумтоз адабиётни ўзаро қиёслаб, таҳлилу талқин эта оладиган забардаст олим эди. Раҳимжон аканинг ёшларга бўлган доимий эътибори боис унинг илмий раҳбарлигида ўндан ортиқ мутахассис номзодлик диссертациясини ёқлаган. ­Раҳимжон Воҳидов шогирдлари даврасида илмий мунозаралар, янги мавзулар билан ҳозиру нозир эди. Талабчан педагог ўз навбатида талабаларга ғамхўр, шу билан бирга энг яқин маслаҳатчи ҳам эди. Талабалар билан ишлаш ҳамиша унга завқ бағишлар, улар билан бадиий кечалар, илмий тўгараклар, суҳбатлар ўтказарди.Табиатан хушмуомала, одамохун бўлгани боис атрофи ҳамиша ёшлар билан гавжум бўларди. Уларнинг қувончидан кўнгли тоғ қадар юксалса, ғам-ташвишига елкадош эди.

Яна ўқинг:  Яхши яшаш янада яхши

Ҳа, камтарин, тўғри сўз ва меҳнаткаш илм фидойиси Раҳимжон Воҳидовнинг кўплаб шогирдлари бугун севимли устозларининг эзгу ишларини давом эттиришмоқда. Ҳаётда кишининг неча йил умр кўргани эмас қандай яшагани муҳим.

Устоз рафиқаси Муборак ая билан етти нафар оқил фарзандларни эл корига ярайдиган зиёли инсонлар қилиб тарбия­лашди.

Раҳимжон Воҳидов бугун орамизда йўқ. Аммо олимнинг қаламига мансуб асарлар адабиётимиз хазинасига қўшилган муносиб туҳфадир. Бир сўз билан айтганда устознинг босиб ўтган ҳаёт йўли нурларга йўғрилган. Зеро, яхшилар ёди ҳамиша яхши сўзлар билан хотирланади. Ҳар бир инсон ўзидан сўнг яхши ном қолдириши унинг умри саодати мезонидир. Бу эса эзгуликнинг абадиятга дахлдорлигидан, дарак беради.

Наззора БЕКОВА,

филология фанлари номзоди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: