СОҒЛИК, ТИНЧЛИК, ОБОДЛИК

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – халқимиз ҳамда юртимизнинг бугуни ва келажагининг ифодаси. Шу боис ҳам мамлакатимизда Бош Қомусимиз қабул қилинган кунга бағишланган тантанали маросим ўтказилиши яхши анъанага айланди. Тантанали маросимда Юртбошимиз ўтаётган йилда қилинган ишларни сарҳисоб қилиб, келгуси йилнинг муҳим ва устувор вазифаларини белгилаб беради.

Давлатимиз раҳбари бу йилги тантанада 2013 йилни “Обод турмуш йили” деб эълон қилди. Зеро, обод турмуш халқимизнинг дилидаги орзу-умиди ва юрт фаровонлиги демакдир. Президентимиз ушбу тантанали маросимда сўзлаган нутқида мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият эканлигини таъкидлаб, шундай деди: “Ўтган даврда бизнинг қандай оғир қийинчилик, муаммо, таҳдид ва синовларни енгиб ўтишимизга тўғри келгани ҳаммамизга яхши маълум. Лекин буларнинг барчасига қарамасдан, Ўзбекистон иқтисодиёти йигирма йил давомида 3,5 баравардан зиёд ўсди.

Агар шу даврда мамлакатимиз аҳолиси қарийб 9 миллион кишига кўпайиб, 30 миллионга яқинлашиб бораётганини инобатга оладиган бўлсак, ўтган вақт мобайнида ялпи ички маҳсулотнинг жон бошига 2,5 баравар ошганлигининг ўзи кўп нарсадан далолат беради. Осиё тараққиёт банкининг маълумотлари бўйича мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари кейинги уч йилда 3 баробар кўпайган”.

Юртбошимиз яна шуни таъкидладиларки, ижтимоий соҳага доир долзарб вазифалардан бири – аҳоли бандлигига 2012 йилда катта аҳамият қаратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш орқали хотин-қизлар учун 204 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Ўтган йили оилаларга уч йилга мўлжалланган 317 миллиард сўмга яқин исътемол кредитлари ажратилгани аҳолининг турмуш маданиятини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, турмуш маданияти оширилса, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ишларга ҳам муносиб ҳисса қўшилган бўлади.

Ўтган йили мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Хусусан, истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб жорий этилган “Соғлом она соғлом бола” дастури доирасидаги чора-тадбирлар ортда қолаётган йилда янги босқичга кўтарилди.

Биргина бизнинг тиббиёт муассасамизда ҳам бу борада кўплаб самарали ишлар амалга оширилди. Ҳудудимизда ўн йиллардан буён оналар ўлими, уч йилдир-ки, болалар ўлими қайд қилинмаганлиги фикримизни яққол тасдиқлайди.

Юртбошимиз ўз маърузаларида, ЮНИСЕФ ва бошқа бир қатор халқаро жамғармалар билан ҳамкорликда “Саломатлик-3” лойиҳаси доирасида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, замонавий техникалар ёрдамида тўғри ташхис қўйиш, касалликларни илк босқичда даволаш ишлари аниқ режа асосида олиб борилди. Профилактик тадбирларда аҳолининг барча қатламларини қамраб олишга алоҳида эътибор қаратилгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, олий мақсадимиз бўлган соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказиш учун жорий йилда 8 миллион 300 минг нафар фертиль ёшидаги аёл ҳамда 8 миллион бола тиббий кўрикдан ўтказилгани шулар қаторида 5 мингга яқин ёлғиз кекса ва ногиронлар малакали текширувдан ўтказилиб уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилганини таъкидлади.

Яна ўқинг:  ҚИЗ БОЛАНИНГ ЗИЙНАТИ – ҲУНАР

Ана шу хайрли ишда бизнинг оилавий поликлиникамизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Тиббиёт масканимизга қарашли 23 минг 187 нафар аҳолини мунтазам тиббий текшурувдан ўтказиб турамиз. Ўн тўрт нафар врачимиз Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтида ўқиб келишди. Поликлиника қошида ҳам ўқув хонаси ташкил қилинган. Ушбу махсус хона мебель, проектор ва комьпютер билан жиҳозланган бўлиб бу ерда тез-тез замонавий тиббий билимлар асосида машғулотлар олиб борилди.

Юртбошимиз тиббиёт соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилганини Тошкент шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказининг Кардиожарроҳлик мажмуаси мисолида таъкидлади. Бу янгилик бизнинг поликлиникага ҳам дахлдор десак хато бўлмайди. Бу йил поликлиникамиз ҳомиланинг юрак уришини текширадиган 3 та ускуна билан таъминланди. Албатта, бу ногиронликнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшади. Умуман ҳудудимизда ногирон болалар туғилиши 2002 йилга нисбатан тенг яримга қисқарди.

Президент Ислом Каримов 2013 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб берар экан, унда соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам алоҳида эътибор бериб шундай деди: “Обод турмушнинг яна бир муҳим шарти бу инсон саломатлигини мустаҳкамлаш билан боғлиқ эканини барчамиз яхши биламиз. Шу боис халқимизнинг саломатлигини ҳимоялаш, бунинг учун соғлиқни сақлаш тизимини энг замонавий даволаш воситалари, техника ва технологиялар билан таъминлаш, профилактика, яъни касалликларнинг олдини олиш ишларини янада кучайтириш, бу соҳада фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг машаққатли ва масъулиятли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш масалалари биз учун доимий вазифа бўлиб қолади”.

Юртбошимизнинг маърузаси ва унда белгилаб берилган вазифалар билан яқиндан танишиб, бу жараёнда фаол ва муносиб иштирок этишга интиламиз.

Назира Исохонова,

Тошкент шаҳридаги

60-оилавий поликлиника

бош шифокори ўринбосари

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: