ЎЗБЕКИСТОН – УМУМИЙ УЙИМИЗ
Пойтахтимизнинг Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” шиори остида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деб номланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Энг улуғ, энг азиз байрам – Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишланган мазкур тадбир Республика Байналмилал маданият маркази, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда уюштирилди. Унда юртимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданият марказлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, бадиий жамоалар, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этди.
Тадбир доирасида миллий маданият марказлари томонидан тасвирий ва амалий санъат асарлари, миллий таомлар ва либослар кўргазмаси ташкил этилди. Турли халқларга хос урф-одатлар намойиши, миллий маданият марказлари қошидаги фольклор жамоаларнинг куй-қўшиқлари барча иштирокчиларга байрамона кайфият бахш этди.
В.ПЎЛАТОВА