АЖДОДЛАРИМИЗ ЎЛЧОВЛАРИНИ БИЛАСИЗМИ?

Кундалик ҳаётимизда грамм, килограмм каби оғирлик, метр, сантиметр кўринишидаги узунлик ўлчовлари, тийин, сўм каби баҳо ўлчовларидан доимий фойдаланамиз. Бу ўлчов бирликлари ўзга тиллардан ўзлашган бўлса-да, сўзлашувда кенг қўлланилади.

Халқимизда “Бирники мингга, мингники туманга”, “Eтти ўлчаб, бир кеc”, “Бир мири ҳамён – ўн мири зиён” каби нақллар борки, уларда ота-боболаримизга хос ўлчов бирликлари номи мужассам.

Қайд этиш жоизки, шарқона ўлчовлар қадриятларимизнинг бир кўриниши, тарихимизнинг ажралмас ва муштарак қисми. Аммо уларнинг маъно-мазмуни ҳақида у қадар ҳам кўп нарсаларни билмаймиз.

Ботмон, мисқол, жариб, газ, пуд, қадоқ, андоза, таноб, тош, тутам, чақирим, қарич, мири, туман, ҳазор каби ўлчов бирликлари яқин ўтмишда ёзилган бадиий асарларда, ёши улуғ кишилар сўзлашувида ҳали-ҳамон сақланиб қолган.

Масалан, ботмон – оғирлик ўлчов бирлиги бўлиб, кичик ботмон 20, 6 килограмм, катта ботмон 171, 99 килограммга тенг бўлган. Ботмон ер ўлчовида ҳам қўлланилиб, бир ботмон оғирликдаги буғдой ёки арпа сепилиши мумкин бўлган ерга нисбатан қўлланган.

Дахсар – ботмоннинг тўртдан бир қисми, баъзан 32 килограммга тенг бўлган.

Жариб – оғирлик ва юза ўлчов бирлиги бўлиб, ўрта асрларда Мовароуннаҳрда ишлатилган ўлчов бирлиги, 22, 825 килограммни, юза ўлчови сифатида кичик жариб 1 минг 592 квадрат метрни, катта жариб 5 минг 837 квадрат километрни англатгани аждодларимизнинг нақадар аниқликка интилгани ва зукко бўлганидан далолат беради.

Мисқол – заргарлик, атторлик ва табобатда кенг қўлланилган бўлиб, 4, 1-4, 4 граммни ташкил этган.

Пуд – 16 килограммни англатган бўлса, 400 граммдан зиёди қадоқни ташкил этган.

Газ – ўрта асрларда кишининг бармоғи учидан бўйнигача ёки бир қўлининг учидан иккинчи қўлтиғигача бир газ ҳисобланган. Бу ўлчов турини ҳозир ҳам бозорларда учратишимиз мумкин. Бобомиз Амир Темур замонида бир газ 70 сантимерга тенг бўлган.

Таноб – узунлиги ўртача 60 газга тенг бўлган ер майдони, 17-18 сотихни ташкил этган. “Танобингни тортиб қўяман”, деган гап ҳам шунга ишора бўлган.

Чақирим – овоз етадиган масофа – 1, 5-2 километрга, қарич 20 сантиметрга тенг бўлган.

Мири – беш тийинлик чақа. “Чўнтагида бир мири йўқ” ибораси ҳам ҳозиргача ишлатиб келинади.

Яна ўқинг:  КЎКРАК СУТИНИНГ БОЛА ҲАЁТИДАГИ АҲАМИЯТИ

Бу каби ўлчов бирликлари алоҳида ўрганишни талаб қиладиган мавзу. Аммо бугун биз айтадиганимиз – уларда аниқлик, зукколик ва донолик мужассам. Уларнинг замирида чуқур маъно, мазмун бор.

Чоршанби ХУДОЁРОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: