Энг яхши дўст
У билан илк марта отаси ошно қилганди. “Қизалоғим! Бу – сенинг энг яхши дўстинг! Уни асраб-авайла!”
Уни ўзига шу тариқа яқин дўст санади. Аввалига дўсти унга эртаклар айтиб берди, шеърлар, ҳикоялар ўргатди. Улғайгани сари бу ҳикояларнинг мавзуси, салмоғи ортиб борди. Дўсти туфайли яхши-ёмонни ажратди, оқ-қорани таниди. Оламни, одамни баҳоли қудрат фикратига сингдирди.
Кейинчалик ҳаёти давомида кўплаб дўстлар орттирди. Турмуш тақозосими, тақдирми, улардан кўпчилиги билан йўллари айро тушди, айримларидан кўнгли зарб еди. Аммо ўша – отаси ошно қилган дўст унга ҳеч вақт хиёнат қилмади, уни ташлаб кетмади, умр йўлларида ҳамиша бирга бўлди. Бир куни ундан сўрашди:
– Энг яқин дўстингиз борми? У ким?
Унинг хира тортган кўзлари порлаб, жилмайиб жавоб берди:
– Ҳа, албатта, бор! Алдамайдиган, хиёнат қилмайдиган, ҳеч қачон ташлаб кетмайдиган, дилни оғритмайдиган ягона дўстим – бу Китоб!
Хуршида АБДУЛЛАЕВА