Ота меҳри

Эсини танибдики, отаси унга нисбатан жуда қаттиққўл эди. Арзимаган нарсага ҳам танбеҳ бераверар, унинг ҳар бир ҳаракатини эътибор билан кузатарди. Қизгина падарини дугоналарининг оталари билан солиштириб, бир куни ҳатто онасига йиғлаб арз қилганди:

– Дадам мени ёмон кўради, яхши кўрганида бунчалик қаттиқ уришмасди…

– Йўқ, қизим, ундай дема! – юпатганди онаизор қизини, – аксинча, даданг сени жудаям яхши кўради, фақат ўзингга билдирмайди, туғилганингда шунақа хурсанд бўлган эдики… Ҳали катта бўлсанг, ҳаммасини тушунасан…

Аммо қиз отаси ҳақидаги фикрини ўзгартирмади: отаси уни яхши кўрмайди!

Йиллар ўтди. Ота назорати, она тарбияси таъсирида ҳавас қилса арзигулик ақлли, одобли қиз бўлиб улғайди. Дугоналари билан бирор ерда тўпланмоқчи бўлишса, дадасидан кўпда рухсат ололмасди, тўй-тантаналарга ҳам дадасининг розилиги бўлмаса, боролмасди. Яна ўша ўй кўнглидан кечарди: отаси уни яхши кўрмайди!

Вақти-соати етиб, рози-ризолик, ёруғ юз билан бахт остонасига қадам қўйди – келин бўлди. Тўй куни қадрдон уйини тарк этар маҳали остонада отасининг пойига бош урди. Отанинг қўллари дуога очилди, овози титраб, жигаргўшасига оқ фотиҳа берди:

– Берган тузимга мингдан-минг розиман, қизим! Борган ерингда тошдай қотгин! Бахтли-тахтли бўлгин! Омин!

Келиннинг кўзлари беихтиёр ёшланди, кўнгли алланечук бўлиб кетди. Лекин ўша ўйида қолди: отаси уни яхши кўрмаса керак!

Тўйдан сўнг чарлар баҳонасида ота уйига чақирилди. Турмуш ўртоғи, қайнонаси етовида туғилган гўшасига келар экан, кўчаларига бурилишлари билан дарвоза ёнида у ёқдан-бу ёққа бетоқат юриб, ўзларини кутиб турган отасини кўрди. Машинадан тушасолиб, қизариб-бўзарган кўйи салом берди. Пешонасидан ўпиб, кўришаётган отасининг кўзларига ёш қалққанини пайқади. Пайқадию ўзининг-да мижжалари намланди, аммо қалби бир кашфдан мунаввар эди: онаси рост айтган экан, ҳа, падари бузруквори уни жуда-жуда яхши кўрар экан! Қоғоздаги қанддай асраб-авайлаб, тергаб-койиб яхши кўрар экан!

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Яна ўқинг:  Бежирим қўғирчоқлар

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: