СОҒЛОМ МУҲИТ – ИНСОН САЛОМАТЛИГИ ОМИЛИ
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ботаника боғида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 24 йиллиги, Экоҳаракат ташкил этилганлигининг 7 йиллиги муносабати билан тадбир ва “Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури”нинг ижроси юзасидан “Юртимизни обод қилайлик” мавзусида экологик акция ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлари гуруҳи, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари иштирок этди.
Атроф муҳит муҳофазаси соҳасида халқаро ва хориж ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият олиб бориш Экоҳаракат фаолиятида устувор вазифа саналади. Экоҳаракат томонидан трансчегаравий сув ресурсларидан халқаро ҳуқуқий меъёрларига тўла мос келадиган холис ва оқилона фойдаланиш масалалари бўйича аниқ позиция ишлаб чиқилди.
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури” ижроси юзасидан экологик акция ўтказилди. Экологик акция давомида боғ ҳудудида турли чиқиндилардан тозаланди, боғ мутахассислари кўрсатмалари асосида дарахтларга ишлов берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар учун концерт ва спортчиларнинг дастурлари ташкил этилди.
Дилдора ҚАРШИБОЕВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири