Аҳоли саломатлигига камарбаста

Истиқлол йилларида барча соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам улкан муваффақиятларни қўлга киритмоқдамиз. Айниқса, вилоятлар, олис қишлоқларда ҳам тиббиёт марказларининг самарали меҳнати таҳсинга сазовор. Авваллари оғир хасталик билан оғриган беморларга шаҳар шифохоналарига йўлланма берилган бўлса, эндиликда пойтахтдагидек шарт-шоритлар барча ҳудудларда яратилган. Биргина, Қарши шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг тизимли фаолияти аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

“Касални дори билан эмас, ширинсўз билан даволаган маъқул” деган эди Гиппократ. Ана шу ақидага амал қилган ҳолда самимий муносабат, очиқ чеҳра билан беморлар руҳига тетиклик ва ишонч бағишлаб, даволашда муваффақиятга эришаётган марказ ходимлари ҳамиша элнинг дуосида.

– Муассасамизда интизом ва ишга масъулият биринчи ўринда туради, – дейди тиббиёт бирлашмаси бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Адҳам Усмонов. – Соғлом фарзандларни дунёга келтириш, уларни жисмонан бақувват вояга етказиш, оилада соғлом турмуш тарзини таъминлаш, она-болалик муҳофазаси, ёшларни алкоголизм ва гиёҳвандлик каби иллатлардан асраш биз тиббиёт ходимларидан фидоийликни талаб этади. Шу боис марказдаги ҳар бир шифокор ўз ишига масъулият билан ёндашади. Шу кунгача шифо истаб келган беморларнинг саломатлиги 99 фоиз яхшиланди деб айта оламан.

Дарҳақиқат, марказ фаолияти тизимли йўлга қўйилгани боис узлуксиз хизмат кўрстади. Мавжуд шарт-шароитлар ҳам аъло даражада. “Саломатлик-3” ло­йиҳаси доирасида шаҳар тиббиёт бирлашмасига энг замонавий флюрография-рентген аппаратлари, рақамли ультратовуш сканери, биохимик анализатор, функционал монитор каби тиббий асбоб-ускуналарни босқичма-босқич етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, лойиҳанинг яна бир режаси мазкур шифо масканлари мутахассислари касбий таълим йўналишида ўқитиб келинаётгани ҳам бирламчи тизим фаолиятида самарали натижалар бермоқда. Шу ўринда таъкидлаш муҳимки, тиббиёт муассасасига сўнг­ги русумдаги аппаратларнинг кириб келиши инсон саломатлиги учун қатор қулайликларни яратиб бермоқда.

Яна бир қувонарли жиҳати шундаки, 2014 йилнинг май ойидан бошлаб бирлашма тасарруфида ишга туширилган 3 та катталар ва 3 та болалар поликлиникаси аҳоли саломатлиги йўлида хизмат қилаётир. Поликлиникаларда ҳам олий тоифали шифокорлар фаолият кўрсатмоқда.

Жорий йилда 411 нафар уруш ва меҳнат фахрийлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга малакали ёрдам кўрсатилди. 212 нафар нуроний ва 18 нафар уруш фахрийларига санаторий-курортларга йўлланма берилди.

Яна ўқинг:  RO‘YI ZAMIN SAYQALI SAMARQANDGA SAYOHAT

SHU O‘RINDA

Мазкур тиббиёт маркази 135 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳудуддаги 258 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатади. 207 нафар ходимларнинг 32 нафарини олий маълумотли шифокор-мутахассис, 2 нафари тиббиёт фанлари номзоди, 96 нафари эса ўрта махсус маълумотга эга.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: