Полвон қадрини баланд тутсин!

Болалик чоғларимда бўладиган тўйкурашларнинг тасвири хотирамда, сурури қалбимда муҳрланиб қолган.

Ўша вақтларда бундай томошаларни ташкил этиш анча муаммо эди. Бир томондан Шўролар даврида халқимизнинг миллий қадрияти ҳисобланмиш кураш мусобақасига ғайри кўз билан қарайдиганлар, уни эскилик сарқити деб биладиганлар кўп бўлса, иккинчи томондан пахта яккаҳокимлиги авж олган, йилнинг тўрт фаслида ҳам далада иш қайнайдиган бир даврда бундай ўйинларни ташкил этишга вақт қани, дейсиз. Бироқ тўйкурашларни севган халқимиз ана шундай шароитда ҳам бу мусобақадан воз кечмас, қишлоқда бўлиб ўтадиган аксарият хатна тўйлари сўнггида кураш бериларди. “Фалон куни фалончиникида кураш бўлар экан”, деб эшитсак, ўша дақиқадан бошлаб бутун хаёлимиз, ўй-фикримиз ўтказилажак ана шу мусобақада бўларди. Ҳар даврада курашга қаердан қайси полвон келишидан тортиб, кимлар ўзини кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги баҳс-мунозаралар авж оларди. Хуллас, бу ўйинга ёшу қари бирдек қизиқар, ўша кун келишини кун санаб, орзиқиб кутардик. Бунга арзигулик сабаблар ҳам бор эди.

Аввало, кураш тушаётган полвон қанчалик куч сарфлаётган, ғалаба учун қанчалик тиришаётган бўлса, унга мухлислик қилаётганлар, яъни қишлоқдошлари, яқинлари бундан-да қаттиқроқ ҳаяжонда, юрак ҳовучлаб турарди. Чунки даврага тушган полвон нафақат ўз обрўси, балки қишлоғининг, овулининг орини, ғурурини, ишончини ҳам зиммасига олиб тушарди. Даврада бир полвон йиқилса, унинг орини олиш учун шу қишлоқлик иккинчи полвон ўрнидан ирғиб туриб, уни йиқитган рақиб билан бел олишар, ана у даврадаги ҳаяжонни, шукуҳни сўз билан таърифлаб бўлмасди. Гўёки майдонда полвонлар эмас, икки қишлоқнинг ғурури, ори баҳсга киришар, бундай вазиятда соврин деган нарса умуман четга чиқиб кетарди. Соврин ғолиб полвонга мукофот, ишқибозларнинг эътирофи рамзи сифатида бериларди. Ғолиб полвон совринни олар экан, уни пешонасига суртиб қўяр, бу “она сутидай ҳалол қилиб олаяпман”, дегани бўларди. Мағлуб полвон эса рақибининг елкасига секин қоқиб, сўнг майдонни тарк этарди. Бу унинг мардлиги, рақибига тан берганига ишора эди. Оддийгина кўринадиган ана шу жиҳатлар давра четида ўтирган кўплаб ёшларнинг қалбида ҳалоллик, мардлик, тантилик туйғуларини уйғотганига шубҳам йўқ.

Айниқса, тўйкурашларнинг юқори нуқтаси саналадиган “товоқ” учун майдонга тушадиган полвонлар ўзининг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир амали, куч ва маҳорати, юриш-туриши билан ёш полвонларга, умуман давра аҳлига ўрнак вазифасини ўтаган. Қолганлар ана шу полвонларга қараб, улар каби бўлишга ҳаракат қилган.

Тўйкурашларда баковулга жуда катта масъулият юкланган. Баковуллик учун суяги курашда қотган, курашни жуда яхши тушунадиган, шу билан бирга, катта давра кўрган, халқнинг эътирофига, ҳурматига сазовор бўлган, адолатли, ҳалолликни қадрлайдиган, бир сўзли, ўз ўрнида қаттиққўл киши танланиб, даврани бошқариб боришга таклиф этилган. Бу борада маълум тажриба тўплаган, одамларнинг ишончини қозонган кишилар узоқ йиллар давомида шу ҳудуддаги тўйкурашларга бошчилик қилган. Ана у баковулнинг даврада гапи гап, сўзи сўз бўлган. Қачонки, йиқилган полвоннинг ҳар икки кураги ерга тегмаса, баковул”ҳалол” деган сўзни ишлатмаган.

Яна ўқинг:  Жонларга жондош яхши одамлар

Ҳозир эса айрим тўйларда бошқа соҳаларда обрў-эътибор қозонган ёки тўй эгасига яқин бўлган кишиларга баковулликни топшириш ҳолатлари кўп учрамоқда. Бу киши ўз соҳасида зўр бўлиши мумкин, аммо катта даврани ўзига бўйсундириши, адолат ва тартиб ўрната олиши қийин. Шу боис, тажрибасиз, тўйкурашнинг асл моҳиятини тушунмаган одам бошчилик қилаётган даврада мувозанат бузилади, маҳаллийчилик, тарафкашлик, ноҳалоллик каби иллатлар авж олади.

Қадим-қадимдан ёшларимизни нафақат жисмоний чиниқтириш, балки ҳалоллик, рақибга ҳурмат, юксак ғурур ва орият руҳида тарбиялаш воситаси бўлиб келган миллий тўйкурашларимиз бундай қусурлардан холи бўлмоғи лозим. Бунинг учун ҳаммамиз бирдек ҳаракат қилишимиз, ноҳалолликка нисбатан муросасиз бўлишимиз керак.

Бир вақтлар бўлганидек, тўйкурашларда аввалига кичик соврин айтиб, полвоннинг ҳаракатига, даврани қиздиришига қараб, унинг миқдорини ошириб бориш, агар биринчи “товоқ”ни олган полвонга талабгор чиқмаса, унга совринни бериб, бошқа “товоқ” айтмаслик каби рағбатлантирувчи, яхши курашмаган жуфтликка совринни бермаслик каби таъсир чораларини кенг қўллаш лозим. Шундагина ҳар бир полвон кучига, ҳаракатига муносиб баҳога эга бўлади. Орият унинг жисмига куч бағишлаб туради.

 

Сирожиддин САТТОРОВ,

Сурхондарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: