БИЛИМЛИ, ДОНО ВА БАХТЛИ АВЛОД
Яқинда Таиландда математика фани бўйича ўқувчилар ўртасида ўтказилган 56-жаҳон фан олимпиадасида мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари – Бухоро давлат университети қошидаги 3-Қоракўл академик лицейи ўқувчилари Аббос Муҳаммедов ҳамда Жамшид Яхшиев бронза медалига сазовор бўлди.
– Таълим олаётган муассасамизда барча фанларни чуқур ўзлаштириш учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди Аббос Муҳаммедов. – Ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра қўшимча тўгаракларда ҳам мунтазам равишда дарслар профессорлар томонидан олиб борилади. Замонавий ахборот ва педагогик технологиялар кенг қўлланилмоқда. Фан олимпиадасига тайёргарлик жараёнида ўқитувчиларимиз дарсдан кейин ҳам биз билан шуғулланди. Юртбошимизнинг устозларимизнинг меҳнатини, биз ёшларга билдирган ишончини оқлашга ҳаракат қиляпмиз.
Дарҳақиқат, ёшларимиз кўплаб соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда. Бу ҳам бўлса, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг оқилона олиб борилаётганидан далолат беради. Жумладан, ўқувчи ва талабаларимиз халқаро фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришиб, Ўзбекистон ёшлари ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаслигини исботламоқда. Таиландда математика бўйича бўлиб ўтган фан олимпиадасида дунёнинг юздан ортиқ мамлакатлари вакиллари ўртасида ёшларимиз муваффақиятли иштирок этгани фикримиз далилидир.
– 3-Қоракўл академик лицейи 2009 йилда мактаб-интернат негизида ташкил этилган, – дейди лицей директори, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Тўхтамурод Жумаев. – Ўтган давр мобайнида озми, кўпми ғалабаларни қўлга киритдик. Ўқувчиларимиз иқтидорли, ўз устида ишлашни канда қилмайди. Таълим маскани тарбияланувчилари турли фан йўналишлари бўйича бир неча марта халқаро олимпиадаларда муваффақиятли иштирок этган. Улар ҳисобидаги халқаро медаллар сони 33 тага етди.
Улкан зафарлар қучаётган ёшларимизга имкониятлар эшиги ҳамиша очиқ. Улар юртимизда яратилаётан шарт-шароитлардан оқилона фойдаланиб, мамлакат истиқболига ҳисса қўшиш билан бирга аждодларга муносиб авлод бўлишга интилмоқда. Дарвоқе, совриндорлар сафидан ўрин олган бу ёшлар мамлакатимиздаги олий ўқув юртларидан бирига математика йўналиши бўйича имтиёзли асосда ўқишга қабул қилинади.
Дилдора ҚАРШИБОЕВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири