Ҳуқуқий тарбия жиноятнинг олдини олади

Тамаддун жадаллашгани сари жамият ўзгаради. Шунинг баробарида жиноят турлари ҳам ортиб бораверади. Буни кўп йиллик тажрибамда ҳам кузатдим. Чунки фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва бурчларини билмаслиги, четдан турли ахборотларнинг кириб келиши ва уларнинг таъсирига тушиб қолиш натижасида турли жиноятлар содир бўлади.

Бу жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ҳуқуқ-тартибот ходимлари, балки юртимизнинг ҳар бир фуқароси ўзида масъуллик ҳиссини сезиши, бунинг учун ўз ҳақ-ҳуқуқини, бурчини яхши билиши зарур.

Президентимизнинг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони айнан фуқароларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини танитишга кўмак беради. Бунда судларнинг ҳам алоҳида ўрни бўлиб, уларнинг мақсади фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш орқали жиноятчиликнинг олдини олишдир.

 

Сайёр суд муаммолар ечимини топяптими?

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқий масалалари юзасидан муаммоларни тизимли ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини доимий ошириб бориш мақсадида “Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида маҳаллаларда сайёр суд муҳокама ташкил этилмоқда. Унда аҳоли билан судьялар ўртасида очиқ мулоқотлар ҳар ойда камида икки марта ташкил этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 февралдаги “Тошкент шаҳридаги жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, туман суди томонидан ҳуқуқбузарлик профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш ҳамда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан маҳаллаларда сайёр суд ва сайёр учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Бугун ушбу учрашувлар натижасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги бирмунча ошганини ҳам кўришимиз мумкин. Буни уларнинг профилактика нозирларидан ташқари, судьяларга, прокурорларга ечимини топмаётган ҳуқуқий муаммолар, саволлар билан мурожаат қилишидан ҳам билиш мумкин. Бироқ, шунга қарамай, ўзи ва фарзандларининг ҳаётига бефарқ, ҳуқуқ ва бурчаларига эътиборсиз ёки ҳуқуқий билими бўлмаган фуқароларга ҳам дуч келяпмиз. Уларнинг бировга зарари тегмаслиги мумкин. Аммо уларнинг ўзлари фирибгарларга “чув” тушиб қолиши ёки қизиққонлиги оқибатида кимгадир тан жароҳати етказиб қўйиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис бундай учрашувлар орқали уларни содир этилиши мумкин бўлган жиноятлардан, ҳуқуқий тажовузлардан асраш мақсад қилинган.

Яна ўқинг:  Академик таътил қандай касаллик билан оғриган талабага берилади?

 

Жиноятлар нега содир этилади?

Бугун жамиятда содир этилаётган жиноятларнинг тури хилма-хил. Буни биргина Мирзо Улуғбек тумани миқёсида олсак, 2017 йилда туманда жиноятнинг учта тури, яъни фирибгарлик, тан жароҳати етказиш ва гиёҳвандлик жиноятлари энг кўп содир этилган.

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Жиноят кодексининг 168-моддаси, яъни фирибгарлик жиноятини содир этган 114 та шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 104-, 105-, 109-моддалари, яъни тан жароҳати етказиш жинояти билан 62 шахсга нисбатан, Жиноят кодексининг 270-, 271-, 272-, 273-, 274-, 275-, 276-моддалари, яъни гиёҳвандлик билан шуғулланиш жинояти билан 64 та шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилган. Бундан кўринадики, айнан шу турга мансуб жиноятларга аҳоли бефарқ ёки шунга мойил. Бу ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқишига эса турли омиллар сабаб бўлиши мумкин. Бу сабабларнинг туб моҳиятини эса биз айнан сайёр учрашувларда топишга ҳаракат қиламиз.

 

– Кўпинча оиладаги нотўғри муҳит болалар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Бунга отанинг ичкиликка берилиши ёки боланинг қаровсиз етим бўлиб қолиши ҳам сабаб бўлади. Бу эса шу оилада вояга етаётган боланинг руҳиятида тажавузкорликка мойилликни келтириб чиқаради. Бу эса жиноятга йўл очади. Болаларнинг ана шундай ноқобил оилаларда азият чекиб, улғаймаслиги ва жамият ривожига рахна солмаслиги учун маҳалла ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг аҳоли билан учрашувлари ижобий самара беради. Бунда судьялар маҳалла фаолларига аҳолининг ҳуқуқий онгини ривожлантиришга кўмаклашади, – дейди “Катта Қорасув” маҳалласи раиси Наима Пўлатова.

 

Чиндан ҳам сайёр учрашувлар аҳоли билан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини бирмунча яқинлаштирмоқда. Бунинг натижасида ёшлар, вояга етмаганлар ўртасидаги тан жароҳати етказиш каби жиноятларга бир мунча чек қўйилмоқда. Бундан ташқари, маҳаллаларда ўтказилаётган сайёр суд мажлисларида Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлимлари мутахассисларининг иштироки аҳолида ўзига ишонч туйғусини уйғотмоқда. Шунинг баробарида аҳолида ўзгаларга нисбатан хайрихоҳлик, зарар етказмаслик, ёрдам беришни бурч деб билиш каби муносабатлар шаклланяпти. Буни эса туманда тушунмовчиликлар сабаб юзага келган ҳуқуқбузарлик ва даъво аризалари сабаб бошланган суд ишларининг ярашув билан тугатилаётганида ҳам кўрсак бўлади.

 

Ёқутхон ҲАЙДАРОВА,

Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди раиси

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: