ЎҚИТУВЧИ: замон билан ҳамнафас

Бир йигит билан тўрт йил бурун республика педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳовлисида танишиб қолдим. Рости анчадан буён хаёл дарёсига ғарқ бўлиб ўтирган йигитнинг ўзи гап ташлаб қолди:

– Ака, сиз ҳам мактаб директори бўлиб ишлайсизми?

– Ҳа, нима эди, – саволга савол билан жавоб қайтардим.

– Ўзим, шунчаки, – деди янги танишим.

Малака ошириш курслари қисқа муддатли. Атиги йигирма тўрт иш кунини қамраб олади. Аммо шу қисқа фурсатда фақат педагогика фани ютуқлари, янги педагогик технологиялар, бошқарув санъати юзасидан тушунчаларингиз оламини кенгайтириб қолмасдан, ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўласиз. Бир сўз билан айтганда бу жараён келгуси фаолиятингизда бурилиш ясаши, турфа феъл-атвордаги кишилар бириккан жамоани муваффақиятли бошқаришингизга йўл очиб бериши шубҳасиз. Шу боис унда зерикишга ўрин йўқ, бироқ бу йигит…

– Бирон тушунмовчилик бўлдими, бемалол гапираверинг, – дедим унинг кўнглига йўл топишга уриниб. Йигит бир муддат тараддудланиб турди-да, тағин савол берди:

– Неччи йилдан буён директор бўлиб ишлайсиз?

– Ўн йилдан ошди, ўзингизчи?

– Раҳбар этиб тайинланганимга икки ой бўлди, ҳеч кўниколмаяпман, оддий ўқитувчилигимга қайтганим яхшимикин?!

Суҳбат асносида унинг мактаб раҳбарлигига тайинлангунча ўқувчиларга она тили ва адабиёти фанидан дарс берганини, ҳар бир дарсни кўргазмали қуроллар асосида ўтказиб, ижобий натижаларга эришгани боис олий малака тоифасига эга бўлганлиги, таълим-тарбия жараёнидаги қўлга киритган муваффақиятлари учун директор жамғармаси ҳисобидан 40 фоиз устама ҳақ олишини, ишдан бўш вақтлари ўн беш-йигирма нафар ўқувчига репетиторлик қилиб, олийгоҳга кириш имтиҳонларига тайёрлаганини, бундан озми-кўпми манфаатдор бўлганлигини билиб олдим. Энг асосийси, касби, ўқувчилари тўғрисида гапирганида унинг юзларидан нур ёғилиб турарди:

– Директорнинг кўп вақти ташкилий ишларга, турли йиғилишларга сарфланар экан, ўқувчиларимдан бегоналашиб бораяпман.

– Болаларга меҳрингиз кучли экан, яхшиси ўқитувчилигингизга қайтинг, шунда мактаб ишига фойдангиз кўпроқ тегади, – маслаҳат бердим унга. Орадан бир-икки йил ўтиб пойтахтда тағин у билан учрашиб қолдим:

– Маслаҳатингизга кириб, раҳбарликни топширдим, бугун ўқувчиларимни фан олимпиадалари республика босқичига олиб келгандим, – деди у кўзлари яшнаб.

Яна ўқинг:  Спорт хабарлари (2015-30)

Мен бу воқеани бежизга эсламадим, баъзан қулоғимизга бунинг акси, ўқувчилар билан қўпол муносабатда бўлаётган, муомаласи қашшоқ ўқитувчилар ҳақидаги гап-сўзлар чалиниб қолади. Бундай ҳамкасбларимиз ўз хатти-ҳаракатларини хаспўшлаш учун баҳона ҳам топиб олишган:

– Ўқувчи муаллимдан чўчимаса уй вазифаларини бажармайди.

Тўғри, ўқитувчи-ўқувчи муносабатларида онгли интизом бўлгани мақбул, лекин у тазйиқ остида ўрнатилиши эмас, ўзаро ҳурмат асосида қурилиши лозим. Мактабда асосий кўрсаткич сифат ўзлаштириши, яъни синфдаги ўқувчиларнинг умумтаълим дастурига кирган фанларни давлат таълим стандарти талабига мос равишда, ижобий баҳоларда эгаллашидир. Албатта ўқитувчи ўқувчиларининг яхши ўзлаштиришидан ҳам моддий, ҳам маънавий манфаатдор. Шундай экан, ҳар бир ўқитувчи ўқувчиларининг фанни яхши ўзлаштиришига интилиши тайин. Яхши ўқитувчи бунга ранг-баранг услубларни, янги педагогик технологияларни қўллаб ўтаётган, ўқувчиларни қизиқтиришга қодир дарслари билан етишса, нўноқ, бир қолипдан чиқолмайдиган ўқитувчи ўқувчига тазйиқ ўтказиш орқали мақсадига эришишга интилади. Бундан кўриниб турибдики, ўқувчи билан қўпол муносабатда бўлиш, ўша ўқитувчининг ўз билимсизлигини, лаёқатсизлигини яшириш воситаси холос, болажон муаллим ҳеч қачон шогирдлари дилини оғритмайди.

***

Биринчи синфда таҳсил олаётган набирам бор, компьютер ишқибози.

– Яшасин, бугун инглиз тили дарси бор, – деди у бир куни мактабга йўл оларкан.

– Нимаси зўр, – сўрадим ўсмоқчилаб.

– Устозимиз бизга компьютерда “мультик” қўйиб беради.

Шу куниёқ вақт топиб набирам синфдошлари билан “инглиз тили” хонасига кирганда очиқ турган эшикдан мўраладим. Гапнинг рости, экрандаги қаҳрамонлар билан жўр овозда инглиз тилидаги турли сўзларни, матнларни талаффуз қилаётган, қўшиқ куйлаётган болаларни кўриб қувондим. Бугун биргина инглиз тилидан эмас, мактаб ўқув дастурига киритилган бошқа фанлардан ҳам электрон дарсликлар яратилиб, барча билим масканларига етказиб берилган. Уларда мавзуни ўқувчи онгига тўлақонли етказиш учун барча қулайликлар яратилиб қолмасдан, ақлни чархлайдиган бошқотирма, тест саволларига ҳам кенг ўрин берилган. Бир сўз билан айтганда ўқитувчига тайёр дастёр. Мактабларнинг кутубхоналарида даста-даста электрон дарс ишланмалари қалашиб ётибди. Ўқитувчилар улардан самарали фойдаланса-ку яхши, акс ҳолда кутубхона жавони сўнгги манзил бўлиб қолаверади. Ўқитувчиларнинг компьютер саводхонлигини оширишлари, ўз фаолиятларида янги ўқув-техника воситаларидан самарали фойдаланиш кўникмасини ҳосил қилишлари, дарс жараёнига янги педагогик технологияларни жорий этишлари учун мактабларда малака оширишни такомиллаштирувчи ахборот компьютер технологияларини ўрганиш курслари ишлаб туриши талаб этилаяпти. Аммо жойларда бундай курслар амалда эмас, қоғозда фаолият кўрсатиши ҳоллари кўпроқ учраб турибди. Тўғри, ўқитувчига кун сайин такомиллашаётган ўқув-кўргазма воситалари ва тарқатма материалларига таяниб фаолият юритишни, ҳар бир дарсга янги талқинлар олиб киришни кўрсатмалар бериш билан ўргатиб бўлмайди, муҳими унинг ўзи янгиланишга эҳтиёж сезиши, кун ўтарига дарс ўтиш қўникмасини тарк этиши лозим. Бугуннинг ўқитувчиси ҳар бир мавзу бўйича ўқувчи онгида давлат таълим стандарлари талаблари даражасидаги билим, кўникма ва малакани ҳосил қилиш учун дарсликда қайд этилган тушунчаларни такрорлаш билан чекланиб қолмасдан, уни ҳаёт билан боғлаши, жонли мисоллар асосида шогирдлари онгида акс эттириши, шу аснода уларнинг ўқиш, билим олиш истакларини ошириши лозим. Шунда “бизга қандай ўқитувчилар керак” деган савол ўз-ўзидан кун тартибидан тушиб қолади.

Яна ўқинг:  АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА

Абдунаби АБДИЕВ,

Миришкор туманидаги 22-умумтаълим мактаби директори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: