АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ЙЎЛИДА
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида дори воситалари ва фармацевтика фаолиятига оид қонунчилик асосларини такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Ё. Умаров ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тиббий-ижтимоий соҳада амалга оширилаётган узлуксиз ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш ва саломатлигини муҳофазалашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Инсон саломатлигини таъминлашда тиббий ёрдам тизими билан бир қаторда фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳолининг сифатли дори-дармонга бўлган эҳтиёжини қондириш муҳим аҳамиятга эга.
1997 йил 25 апрелда қабул қилинган “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонун бу соҳадаги ишларни ташкил этишда муҳим дастуриламал бўлаётир. Истиқлолнинг дастлабки йилларида мамлакатимизда атиги иккита фармацевтика корхонаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 149 тага етди. Ушбу корхоналар томонидан қарийб бир ярим минг номда дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
Илм-фан, тиббиёт соҳаси, фармацевтика саноатининг кундан-кун тараққий этиши ушбу соҳадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришни тақозо этаётир. Шундан келиб чиқиб, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида турли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу йўналишдаги қонуности ҳужжатлари рўйхати шакллантирилди. Ривожланган давлатларнинг ушбу соҳага оид қонунлари қиёсий таҳлил қилинди.
Халқаро амалиётга мос равишда ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида аҳолини сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар билан таъминлаш меъёрлари, фармацевтика фаолиятини ҳуқуқий тартибга солувчи барча йўналишлар қамраб олинган бўлиб, унда тегишли ташкилотлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари аниқ белгиланган. Дори воситалари ва тиббий буюмларни сақлаш, ташиш ва зарарсизлантириш, уларни олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби, бошқа қатор масалалар қамраб олинган.
Тадбирда дори воситалари ва фармацевтика фаолиятига оид миллий қонунчилик ва халқаро тажриба, янги қонун лойиҳасининг ўзига хос жиҳатлари, унга биноан киритилаётган янгиликларнинг соҳа ривожидаги ўрни хусусида фикр алмашилди.
Б. ХИДИРОВА,
ЎзА мухбири