АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИНИ САҚЛАШДА ЯҚИН КЎМАКЧИ

Аҳоли саломатлигини асраш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда тиббиёт ходимлари билан бир қаторда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳам жонбозлик кўрсатаётир. Хусусан, шаҳар ва қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган кишиларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолияти самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар фикримизнинг тасдиғидир.

Маълумки, мамлакатимизда она ва бола саломатлигини асраш, фертиль ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, нуроний отахону онахонларимизнинг соғлиғини мунтазам назорат қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина, фуқароларнинг ўзи истиқомат қилаётган ҳудудга яқин ҚВП ва оилавий поликлиникалардан рўйхатдан ўтгани, уларнинг ҳар бири учун тиббий қайдномалар юритилиши юртимизда инсон омили нечоғли улуғ қадрият сифатида эъзозланишининг ёрқин далолатидир. Бу ислоҳотларнинг изчил давом этишида овул, қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Соғлом оила – соғлом келажак

– Жорий йилнинг биринчи чораги давомида республикамиздаги мавжуд фуқаролар йиғинларида ҳамкор ташкилотлар иштирокида 26 мингдан ортиқ учрашув, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ташкилий-назорат бўлими бошлиғи Учқун Маҳмудов. – Қолаверса, маҳаллаларда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш мақсадида фуқаролар йиғинлари томонидан ҳудудлардаги мавжуд қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар билан ҳамкорлигимизни самарали йўлга қўйганмиз. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма қарор ҳам имзоланган. Қолаверса, фуқаролар йиғинларида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари томонидан ҳудуд аҳолиси саломатлигини таъминлаш йўналишида йилнинг ҳар чорагида қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва тез тиббий ёрдам муассасалари томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлар бериб бориш анъанага айланган.

Дарҳақиқат, қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли тиббий маданиятини шакллантириш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш, эрта никоҳнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Шунингдек, фонднинг бўлим ва бўлинмалари томонидан одам иммунитети танқислиги вирусини келтириб чиқарадиган касалликлар тарқалишига қарши курашиш ҳам самарали кечмоқда. Бу борадаги ишлар вилоятларда ҳам кенг миқёсда амалга оширилиб, чекка ва экологик жиҳатдан яшашга ноқулай ҳудудлар аҳолисининг саломатлигини янада яхшилаш борасида талайгина ишлар амалга оширилмоқда.

Яна ўқинг:  СИЛГА ЧАЛИНГАН БЕМОРЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛАР

Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас

Мазкур жараён Сирдарё вилоятида ҳам изчил давом этаётир. Жорий йилнинг 1-чораги давомида тиббиёт таълими муассасалари, ҚВП ва ОП мутахассислари иштирокида 18 маротаба “Фертиль ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини мустаҳкамлаш ҳафталиги” ўтказилди.

– Ҳафталик доирасида ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтдик, – дейди гулистонлик Марям Абдуллаева. – Хасталиклар аниқланган кишиларга даволаниш учун йўлланмалар берилди. Қолаверса, давра суҳбатларида иштирок этиб, кўпгина касалликларнинг келиб чиқиши, уй шароитида унинг олдини олиш борасида қимматли маълумотлар олдик. Тиббий хизматдан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари ҳақида тушунчага эга бўлдик.

Шунингдек, вилоятда кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан 1 минг 200 нафарга яқин Иккинчи Жаҳон уруши ва меҳнат фахрийлари малакали мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тиббий маданият яшашга масъулият демакдир

Ушбу жумла Навоий вилояти аҳолисининг шиорига айланган. Бу борада фуқаролар йиғинлари томонидан ташкил этилаётган давра суҳбатлари, учрашув ва семинарларнинг ўрни беқиёс. Хусусан, эрта турмуш қуришнинг олдини олиш, никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиш зарурати, гиёҳвандлик, ичкиликбозликка қарши бағишланган тадбирлар шулар жумласидандир.

– Аввало, касалликнинг олдини олиш учун инсоннинг ўзи курашиши зарур, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими бошқаруви раиси Нормурод Исоқов. – Бу борада тиббий саводхонлик асқотади. Шу мақсадда вилоятимиздаги 10 та туман ва шаҳарлар фуқаролар йиғинларида кўплаб тадбирлар ташкил этиляпти. Мутахассислар аҳоли саломатлигини назорат қилиш билан бир қаторда уларда аниқланган хасталикнинг келиб чиқиш омиллари, даволаш усуллари ҳақида ҳам тушунчалар бериб боришаяпти. Жорий йилнинг биринчи чорагида 10 минг нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Қолаверса Навоий вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, экологик ноқулай шароитда яшовчи аҳоли, хусусан болалар ва аёллар, шунингдек, кексалар тиббий кўрик билан қамраб олинмоқда.

Бу каби тадбирлар нафақат Сирдарё ва Навоий вилоятларида, балки юртимизнинг барча ҳудудларида изчил амалга оширилмоқда. Маҳаллий телевидениелар билан ҳамкорликда қатор кўрсатувлар ташкил этилаётир. Бир сўз билан айтганда мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаролар йиғинида аҳоли саломатлигини асраш борасидаги ислоҳотлар ўз самарасини бериб келаётир.

Яна ўқинг:  MUVAFFAQIYATLARIMGA QANOTSAN VATAN!

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: