ҲАР ҚАТИДА ГЎЗАЛЛИК МУЖАССАМ

Дўппидўзлик халқимизнинг миллий ва қадимий ҳунарларидан бўлиб, унинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Момоларимиздан мерос бўлиб келаётган дўппидўзлик бугунги кунда ҳам авлоддан авлодга ўтиб, янада сайқал топмоқда. Шаҳрихон туманининг “Андижонлик” маҳалласида яшовчи Мўътабархон Бозорова ҳам мазкур ҳунар сирларини ёш авлодга ўргатиб келаётган уста ҳунармандлардан. У биз билан бўлган суҳбатда болалик чоғларини ёдга олди:

– Болалигимиз жуда оғир ўтган. Раҳматли отам атлас тўқиб, саккиз фарзандини ҳалол меҳнат билан боққан. Онам ҳам уйда дўппи тикиб, рўзғорга ёрдамлашарди. Ўша кезларда биз опа-сингилларда дўппи тикишга иштиёқ уйғонган. Ишонсангиз, етти ёшимдан мустақил дўппи тика бошлаганман. Йиллар ўтган сайин тажриба ва маҳоратим ҳам ошди. Ҳар бир оилада бўлгани каби бизнинг хонадонимизда ҳам қийинчилик кунлари бўлган. Турмуш ўртоғим билан рўзғорни ҳунаримиз орқали тебратганмиз. Ҳозир ҳам ким эшик қоқиб келса, бажонидил ҳунарим сир-асрорларини эринмай ўргатаман.

Чиндан ҳам Мўътабархон ҳожи ая ва унинг сингиллари Эътиборхон ҳамда Инобатхон опалар қўли гул дўппидўз сифатида танилган. Онахон муборак 75 ёшда бўлса ҳам ҳамон дўппидўзлик билан шуғулланади. Маҳалланинг ҳунарманд аёллари унинг шогирдлари ҳисобланади. Беш нафар келини ва қизи Барнохон ҳам она касбини эгаллаган. Онахоннинг айтишича, у келинлари билан бир ҳафтада дўппининг “Чуст”, “Сирға”, “Ниҳол”, “Ловия” турларидан 20, 30 дона тикар экан. Бу дўппилар қўшни туманлардан ташқари Навоий, Самарқанд вилоятларида ҳам харидоргир.

– Бу ҳунарни шу хонадонга келин бўлиб тушганимдан кейин ўргандим, – дейди аянинг келини Малоҳатхон. – Очиғи, бошида жуда қийналганман. Чунки, дўппидўзлик инсондан энг аввало сабр-қаноат ва нозик дидни талаб этади. Йиллар ўтиб бунга кўникиб ҳам қолдим. Ҳозир кунига ўзим бемалол битта дўппи тика оламан. Шу ҳунар орқали ҳеч кимдан кам бўлганимиз йўқ.

Дарҳақиқат, Бозоровалар оиласи сингари ўз ҳунари билан тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ҳамюртларимиз кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг машаққатли меҳнатлари, қалб қўри ва меҳридан яралган ҳамда гўзал санъат асарлари даражасига кўтарилган дўппиларни кўриб, уларга беихтиёр қойил қолмасликнинг иложи йўқ.

Миролим ИСАЖОНОВ,

Андижон вилояти

Яна ўқинг:  Махсус болалар муассасаларига витаминлаштирилган сабзавот аралашмалари юборилади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: