БОЛА ВА МУТОЛАА

Инсон камолоти ва билимининг манбаи китоб билан боғлиқ. У инсонни комиллик сари етаклайди. Дарҳақиқат, бу маънавий сарчашма фарзандларимизнинг дунёқарашини бойитади, нутқини ўстириб, хотирасини мустаҳкамлайди. Китоб маслаҳатчи, садоқатли ҳамрох, энг яқин дўст ва бебаҳо бойлик ҳисобланади. Бола тарбиясида унинг ўрни муҳим. Ҳамма асрларда бўлгани каби айни даврда ҳам ёшларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялашда бадиий адабиётнинг ўрни беқиёс. Китоб ўқиган бола ўз билими, дунёқараши, руҳияти ва манавиятини бойитиб, оламни теран англай бошлайди. Ҳаёт ва гўзалликни қадрлашни, аждодларимиз меросини асраб-авайлашни ўрганади.

Ўзбек оилаларида китобга муҳаббат, китобни асраб-авайлаш ва китобхонлик қадимий анъаналардан бири бўлиб, халқимиз маънавий камолотида муҳим ўрин тутиб келмоқда.

Болам китобхон бЎлсин десангиз

Барчамиз ёшлигимиздан турли эртакларни эшитиб ва ўқиб катта бўлганмиз. Болага яхши хислатларни сўз билан сингдириш жуда яхши самара беради. Шунинг учун фарзанд туғилиши биланоқ унга алла айтилади. Болага кечки уйқудан олдин турли эртаклар айтиб, китоблар ўқиб бериш асносида унинг мутолаага бўлган қизиқиши ошади. Бола китобни севиши учун ота-онасининг мутолаага меҳри баланд бўлиши лозим. Бунинг учун уйда китоб кўп бўлса, айни муддао. Агар уйга китоб олиб келиб, оилада ўқилса, фарзандлар, албатта, бу анъанани давом этиради. Киши болаликдан китоб ўқишни одат қилмас экан, кейинчалик ҳам китобга қизиқиши қийин. Шунинг учун, бизнинг вазифамиз болалар қалбида унга меҳр уйғотишдир.

Китобхонликни оиламиздан бошлашимиз керак. Ўсиб келаётган боланинг соғлом вояга етиши ва маънавий етук бўлишида оилавий муҳит муҳим ўрин тутади. Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она фарзанди соғлом бўлиб вояга етиши, ўқиши, ҳунар ўрганиши, спорт билан шуғулланиши, илм олиши учун доимий ҳаракатда бўлмоғи лозим. Комил фарзандни тарбиялаш учун ҳеч қандай жиҳатни назардан четда қолдирмаслик зарур. Унутмайлик, соғлом бола она Ватаннинг ишонган таянчидир.

Хонадонларимизда фарзандларимиз зўр қизиқиш билан ўқийдиган “Ўзбек халқ эртаклари”, “Алпомиш”, “Гўрўғли” достонлари, “Одам ва олам энциклопедияси”, “Болалар энциклопедияси” ва жаҳонга машҳур китоблар ўрин олса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бугун компьютер, телевизор, уяли телефонинг кўпгина салбий таъсиридан фарзандларимизни ажратиб ололмаймиз. Демак, ёшларимиз бутунлай техника таъсирига тушиб қолмасликлари учун ягона йўл – бу китоб ҳисобланади. Болани фикрлашга, мушоҳада қилишга ўргатиш бизнинг асосий мақсадимиз.

Яна ўқинг:  Табиатга имкон беринг!

2000 дан ортиҚ номдаги адабиётлар

“Болалар китоб ўқимай қўйган”, “Китобнинг нархи баланд”, “Ёшлар мутолаага қизиқмайди” деган фикрлар қулоғимизга тез-тез чалиниб туради. Менимча, бундай эмас. Китоб дўконларида китобга ошно тутинган ёшларни кўп учратамиз. Баъзида айрим салбий ҳолатлар ҳам учраб туради. Масалан, китоб дўконларида аксарият кишилар китобнинг ўзига эмас, орқа муқовасига – нархига қарайди: қимматроқ туюлса, сотиб олмайди. Бироқ, китобдан бошқа нарсаларга пулни аямайди.

Бугунги кунда дўконда исталган мавзудаги китоб топилади, нархи ҳам ҳамёнбоп. Юртимизда турли мавзулардаги китоблар етарли даражада чоп этиляпти. Бугунги китобларимизнинг сифати ва савияси жаҳон андозаларидан қолишмайди.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 100 дан зиёд нашриёт, ташкилот ва илм-фан муассасалари ҳузурида 50 га яқин ноширлик бўлимлари фаолият юритмоқда. Нашриётларимиз томонидан ҳар йили 2000 дан ортиқ номдаги адабиётлар нашр этилмоқда. Аҳолининг китобга бўлган талаб ва эҳтиёжи эса йилдан йилга ошиб бораётир.

Республикамизда фаолият олиб бораётган нашриётлар, матбаа корхоналари ҳамда китоб савдоси ташкилотларининг маҳсулотлари кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, оналарнинг болалари учун эртак ҳамда бадиий китоб харид қилаётгани жуда қувонарли. Фарзандларимизни китобнинг инсон ҳаётида нечоғли ўрни катта эканлигини ҳар дақиқада ҳис этиб яшашга ўргатишимиз зарур. Чунки, бадиий асар ўқиган бола қаҳрамонларининг бошидан кечирган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш орқали дунёни англайди, фикрлашга ўрганади.

Эртак китобларни қизиқиб ўқиш, ундаги рангли суратларни мириқиб томоша қилиш болажонларимизнинг севимли машғулотларидан биридир.

Бу йил фарзандларимиз учун нашриётларимизда эртак китоблар, топишмоқлар ва инглиз тилидан сабоқ берувчи дарсликлар кўплаб чоп этилмоқда. Болаларга атроф-оламни идрок этиш, уларни миллий қаҳрамонлар, ўзбек халқи ва бошқа халқларнинг достонлари, эпослари, эртаклари персонажлари мисолида эзгулик ва адолат тушунчаларини шакллантиришга йўналтирилган билим берувчи, ақлан ривожлантирувчи асарлар яратилиб, болажонларга тақдим этилди.

Маънавият БУЛоҒи

Китоб – тафаккур қаноти. Бу қанот мустаҳкам бўлса, юксак кенгликлар сари интилишдан толмайди. Китобга бўлган қизиқиш китобсеварларни кутубхона томон чорлайди. Ўқувчиларда китобга муҳаббат уйғотиш, уларнинг китобхонлигини оширишда кутубхонанинг роли ҳам катта, деб ўйлайман.

Кутубхона – маънавият ва маърифат ўчоғи. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитишга, китобга бўлган меҳр-муҳаббатнинг ошишига хизмат қилади. Ҳар бир инсон кутубхоналар маънавият хазинасидан, бу чексиз имкониятидан иложи борича кўпроқ фойдаланиши, ўзининг, ўзгаларнинг ҳаётини бойитиши мумкин.

Яна ўқинг:  КОЛЛЕЖДАГИ СОFЛОМ МУҲИТ

Миллатнинг маънавий-руҳий дунёсини китобга муносабати, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Жаҳон маданиятига муносиб ҳисса қўшган аждодларимиз эришган бетакрор ютуқларнинг сабаби ҳам китоб мутолаасидир.

Китоб-руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш нафақат бизни маънан юксалтиради, балки жаҳонни танитади, эзгуликка етаклайди.

Маҳфуза АБДУРАИМОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: