ФАРЗАНД – ОИЛА КЎЗГУСИ

У ота-онасидан олган тарбиясини оқлаб, уларга раҳмат олиб келиши зарур, дейди Тошкент Темир йўл касб-ҳунар коллежи “Тиллар” кафедраси мудири Шаҳноза Иноғомова.

Шаҳнозахонни илк бора учратганимда унинг инсонга бироз синчковлик ва меҳр билан боқувчи шаҳло кўзлари ёдимда муҳрланиб қолган эди. Пойтахтдаги Навоий кўчаси 30-уйда “Чўлпон” болалар нашриёти ҳам фаолият юритади. Ш.Иноғомова шу нашриётда мусаҳҳиҳ лавозимида ишлаган эди.

У ҳаётнинг ширин ташвишлари билан андармон бўлиб юрганида тўсатдан суянган тоғи, умр йўлдоши Рашотхон ака вафот этди. У киши нуфузли идорада масъул лавозимда ишлар эди. Энди оиладаги уч нафар фарзанд – Нозимахон, Жаҳонгиржон, Нодирахонларни “оёққа турғазиш” Шаҳнозахоннинг нозик елкаларига тушди. Унинг ҳаётидаги шиори “Ҳеч қачон қийинчиликларга бош эгмаслик ва олға интилиш”. Ич-ичидан вулқондай отилиб турадиган бу сўзлар унга қувват берарди. Чунки, зиёли ота-онаси унга ҳаётда қатъиятли бўлишни ўргатган. “Малика” тўқимачилик корхонасида муҳандис лавозимида ишлаган Шоаброр ака (раҳматли) ва ҳуқуқшунос Моила опа Шаҳнозахон ва унинг укаси Жамолбекни гўзал инсоний фазилатлар эгаси этиб тарбиялашди. Чунки, ўқимишли кишилар болалар тарбиясида китобнинг аҳамияти жуда катталигини яхши англашар эди. Шу сабабли уларнинг туғилган кунлари ва байрамларда болаларнинг севимли ўйинчоқларидан ташқари албатта китоблар ҳам совға қилишарди. Айниқса, оилада ота-оналардан ташқари бобо-бувилар панду насиҳатини эшитиб улғайган болажонлар атроф-муҳитга, инсонларга меҳру муҳаббатли бўлиб улғайишади. Отанинг салобати ва талабчанлиги, онанинг меҳр-ла уйғун қаттиққўллиги Шаҳнозахон ва унинг укасини ҳаётда ростгўй ва инсонпарвар бўлиб улғайиши ҳамда ҳаётда ўз ўринларини топишига туртки бўлди. Чунки, лавҳамиз қаҳрамони ўқитувчилик касбини танлаган бўлса, унинг укаси ҳозирда адвокат сифатида фаолият юритмоқда. Ота-онанинг ҳаётий тамойиллари ростгўйликка асослангани туфайли у ҳам адолат қарор топишида инсонларга кўмаклашмоқда.

Шаҳнозахон Иноғомова педагог сифатида бола тарбиясида ҳам ота-онаси тутган йўлни тўғри деб билади. У ўз дилбандларининг китобга меҳр қўйиб улғайиши учун барча шарт-шароитларни яратиб берган. Зеро, онаси Моила опа ҳам илк бора унга эртак китобларни совға қилганида қизининг кўзлари қувончдан порлаб кетган эди.

– Китоб инсон учун энг бебаҳо ва беғараз дўст. Унинг сатрларидаги фалсафий фикрлар одамнинг ҳаётда тўғри йўлни топишига кўмаклашади. Шу сабабли фарзандларимнинг ҳам китобларни танлаб ўқишларини ва ундаги маъноларни уқиб, энг аввало яхши инсон деган номга сазовор бўлишларини истар эдим, – дейди Шаҳнозахон биз билан суҳбатда.

Яна ўқинг:  Туғруқ муассасалари: ота-оналар у ердан рози бўлиб чиқиб кетиши керак

Илму зиёли оилада тарбия олган фарзандлар ҳам маърифатга интилиб яшашмоқда. Нозимахон Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетининг 1-босқич магистуратурасини битираяпти. Жаҳонгирхон Тошкент Педиатрия тиббиёт инстититутининг 3-босқичига ўтиш арафасида. Кенжа қиз Нодирахон эса Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети қошидаги академик лицейнинг 1-босқичини тугаллади.

Шаҳнозахоннинг таржимаи ҳолини ўқир эканман у йиллар давомида босқичма босқич, ўз фаолиятида муваффақиятларга эришаётгани эътиборимни тортди. Лавҳамиз қаҳрамони илк меҳнат фаолиятини рус тили ва адабиёти фанидан мактабда ўқувчиларга сабоқ беришдан бошлади. Кейинчалик у лицейга ишга кирди. Бир муддат “Чўлпон” нашриётида мусаҳҳиҳ лавозимида фаолият юритди. Сўнгра “Vektor-Press” нашриётида муҳаррир сифатида ишлаган бўлса, 2008 йилдан эса Тошкент Темир йўл касб-ҳунар коллежида рус тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга сабоқ бериб келмоқда. Иқтидорли ва тиниб-тинчимас, изланувчан Ш.Иноғомова 2014 йилдан буён шу коллежда кафедра мудири лавозимида фаолият юритмоқда. Ҳа, Шаҳнозахон нафақат ўз фарзандларига, балки ўқувчиларга ҳам эзгулик ғояларини сингдириб, ёниқ қалб билан яшамоқда.

“Болаларингизга яхшиликни сингдириб ўстиринг, унга бахтни фақатгина шу беради” – деганида немис бастакори Людвиг ван Бетховен нақадар ҳақ эди.

Гулчеҳра ШИРИНОВА,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: