ҲАЁТГА УМИД БАҒИШЛАБ

Ҳар бир инсон наслининг давомчиси – фарзандининг тўрт мучаси соғ туғилишини орзу қилади. Аммо ҳаётда бунинг акси кузатилса, бутун борлиғини бағишлаб, фарзандининг дардига даво излайди. Айрим сабабларга кўра носоғлом туғилган болалар ҳамиша шифокор назоратида бўлиши зарур.

Бухоро вилояти Болалар психоневрология шифохонаси ҳам ана шундай дардманд болалар учун нажот маскани бўлиб хизмат қилмоқда.

Олий тоифали шифокор-невролог тиббиёт фанлари номзоди Мавлуда Артиқова раҳбарлик қилаётган бу шифохонада туғилганидан то 18 ёшгача бўлган бемор болалар даволанишади. Улар церебрал фалаж, менингоэнцефалит (менингит ва бош миянинг яллиғланиши) каби касалликларнинг асоратлари, бош мия ва орқа мия жароҳатларидан сўнг қолган асоратлар, наслий туғма хасталикларнинг асосан оғир турлари асоратлари сабабли имконияти чеклангандир. Даволаш натижасида ногирон болаларнинг кўпчилиги юриб кетади. Улар мумкин қадар ижтимоий ҳаётга мослашадилар.

Шифохона 70 ўринга мўлжалланган. 7 нафар шифокор, 31 нафар ҳамшира беморларга намунали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Мавлуда опа томонидан ишлаб чиқилган “Энг яхши нарсалар – болаларга” лойиҳаси 2012-йилда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан эътироф этилиб, шифохонага 88,4 минг АҚШ доллари миқдоридаги 5 турдаги ташхис ва даволашда ишлатиладиган чет эл асбоб-ускуналари жумладан, Кореядан ультратовуш сканер ускунаси, бош мия фалажи билан касалланган беморларни даволаш учун Германиядан келтирилган тренажёрлар тўплами, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган “Мицарь” номли реограф ускунаси принтери билан ҳадя этилган. Яна шу давлатда ишлаб чиқарилган ультраюқори частотали электр майдон таъсири билан даволовчи тиббий ускуна, кўп фаолият бажарувчи “Элэскулап” ускунаси ҳам Япония гранти асосида сотиб олинган.

– Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилган эътибор ва амалий ёрдам туфайли бемор болаларга аниқ ташхис қўйиш ва ўз вақтида даво усулларини қўллаб, уларни ижтимоий ҳаётга мослашишига эришмоқдамиз. Айниқса, “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга ошириш муассаса ходимлари зиммасига янада маъсулият юклайди. Ҳозирда шифохонада ортопедик жарроҳлик бўлимини ташкил этиш лойиҳаси устида ишлаяпмиз, – дейди муассаса бош шифокори Мавлуда Артиқова.

Албатта, муассасанинг муваффақиятларида тажрибали мутахассисларнинг ҳам ҳиссаси катта. Жамоанинг Зулайҳо Алиева, Нозима Набиева, Санжар Жўраев каби малакали ва тажрибали шифокорлари ва Ҳадя Бакаева, Гулжамол Эрнафасова, Мавлуда Жўраева сингари фидойи ҳамширалар қўлида муолажа олиб ўз дардига шифо топаётган бемор болаларнинг ота-оналари улардан миннатдор.

Яна ўқинг:  БЎЙ УЗУНЛИГИ ВА ИНТЕЛЛЕКТ НАСЛГА БОҒЛИҚ ... МИ?

Шоира РАҲМОНОВА,

Бухоро вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: