ЮКСАК САЛОҲИЯТ, СОҒЛОМ РАҚОБАТ

Билимлар беллашувининг республика босқичи ана шундай самимий руҳда ташкил этилди

Мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом вояга етиши йўлида қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши, санъат ва маданиятда ўз иқтидорини намойиш этиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Биргина умумтаълим мактабларининг 5-8-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган Билимлар беллашуви фикримизнинг тасдиғидир.

Мазкур анъанавий мусобақа доирасида кўплаб ёш илм соҳиблари аниқланмоқда ва муносиб рағбатлантирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган бу йилги Билимлар беллашуви ҳам 2 миллион нафардан зиёд ўқувчини қамраб олди. Тўрт босқичда ўтказилган мазкур танловда энг кучли, билимли деб топилган 500 нафар ўғил-қиз турли фанлар бўйича республика босқичида дарс давомида ўрганганларини яна бир бор синовдан ўтказади.

– Билимлар беллашувининг республика босқичида иштирок этиш қанчалик муваффақиятли бўлса, шунчалик масъулиятли ҳамдир, – дейди Навоий шаҳридаги 10-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Севара Ҳамроқулова. – Мусобақада география фанидан иштирок этяпман. Рақибларимнинг ҳаммаси билимли, салоҳиятли. Улар мен каби ўзларини ғолиблар сафида кўришни жуда исташади. Бунга ҳақлари ҳам бор. Боиси ҳар бири ушбу фаннинг ёшига доир сирларини пухта ўзлаштирган. Қунт билан ўқиган. Бундай танловлар эса биз ўқувчи ёшларнинг дунёқарашимиз кенгайишига замин ҳозирлайди. Бир-биримиз билан фикр алмашамиз. Дўстлашамиз. Мактаблардаги дарс ўтиш жараёнлари, у ердаги ишчан муҳит ҳақида ўртоқлашамиз.

Мазкур тадбирнинг очилиш маросими ҳам юқори савияда ташкил этилди. Унда вазирлик мутасаддилари, давлатимизнинг юксак унвони ва мукофотлари билан тақдирланганлар, малакали мутахассислар, маҳалла фаоллари ҳамда ота-оналар сўзга чиқиб, мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим соҳасида эришилган ютуқларларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Билимлар беллашувини ташкил этишдан асосий мақсад ўқувчиларнинг қобилият ва иқтидорларини қуйи синфлардан бошлаб аниқлаш, мактабларда соғлом рақобатни ташкил этиш орқали ёшларнинг билим олишга бўлган қизиқишини ривожлантиришдан иборат. Шунингдек, беллашув натижасида Давлат таълим стандартларида белгиланган талабларнинг бажарилиш ҳолати ҳам таҳлил қилинади. Таълим сифати кўрсаткичлари орқали умумтаълим муассасалари, ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари фаолияти баҳоланиб, республикамиздаги мавжуд 194 та туман (шаҳар)ларнинг рейтинги аниқланади.

Билимлар беллашувининг республика босқичи жорий йилнинг 16-17 июнь кунлари бошланди. Унда аниқ, табиий ва ижтимоий фанлар йўнилишида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан сараланган ўқувчилар иштирок этди.

Яна ўқинг:  Yoshlik

– Математика фанларнинг шоҳи даражасида эътироф этилади, – дейди Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ихтисослашган умумтаълим мактаби ўқувчиси Аббос Сайлиев. – Шу фанни пухта ўзлаштираётганимдан мақсад ҳам ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиш. Билимлар беллашуви менинг иқтидоримни намойиш этиш учун зўр имконият майдонига айланди. Шу орқали Хитой Халқ Республикасида математика фани бўйича умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган навбатдаги халқаро фан олимпиадасига йўлланмани қўлга киритдим. Худо хоҳласа, ушбу нуфузли мусобақада ғолиб бўлиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиламан.

Ҳар йили беллашувларда юқори натижа кўрсатган 500 нафар ўқувчи учун республика миқёсида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Қуёшли” болалар оромгоҳида, ҳудудларда эса энг намунали оромгоҳларда 1 минг 400 нафар ўқувчи учун ҳудудий “Интелектуал-ривожлантириш оромгоҳлари” ташкил этиб келинмоқда.

Мазкур муассасаларда ўқувчиларнинг соғломлаштирилишини ташкил этиш билан бир қаторда ҳар бир фан бўйича мамлакатимизнинг етакчи педагог-ўқитувчилари, маданият ва санъат намояндалари иштирокида турли тадбир ва викториналар ташкил этилади. Хусусан, фан кечалари, маҳорат дарслари, турли танлов ҳамда мусобақалар шулар жумласидандир.

“Интеллектуал-ривожлантириш оромгоҳлари”нинг 1-навбати 18-29 июнь кунлари, иккинчи навбати эса 1-12 июль кунлари ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, Билимлар беллашувининг филология фанлари йўналиши бўйича республика босқичи 29-30 июнь кунлари ўтказилиши режалаштирилган.

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: