ФАРМАЦЕВТИКА: Миллий маҳсулот ҳажми ошмоқда
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни томонидан фармацевтика саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва истиқболдаги вазифаларга бағишланган матбуот анжумани соҳадаги ютуқ ва камчиликлар, фармацевтика саноатининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, дори-дармон ишлаб чиқаришни ривожлантириш, соҳага инвестиция лойиҳаларини жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича фикр юритилди.
Бугунги кунда мамлакатимиз фармацевтика саноатида бир юз ўттизга яқин корхона фаолият кўрсатмоқда. Улардан тўқсонга яқини “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни тизимидаги корхоналардир.
Инвестиция дастурлари доирасида фармацевтика саноатига ҳам хорижий сармояларни кенг жалб этиш, ишлаб чиқариш жараёнини модернизациялаш, аҳолининг сифатли дори-дармонга бўлган эҳтиёжини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Анжуманда таъкидлаб ўтилишича, ҳозирги вақтда суюқ шаклдаги дори воситалари ҳамда боғловчи материалларга бўлган ички бозор эҳтиёжи маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан тўлиқ қондирилмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказилган ҳапдори, инъекцион ва инфузион эритмалар, сурмалар, антибиотиклар, иммунобиологик препаратлари ички бозор эҳтиёжини 20 фоиздан 40 фоизгача қондирмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти мустаҳкам қонуний тизимга солинганидан, тадбиркор ва ишбилармонлар учун имкониятлар кенгайтирилганидан далолат беради.
– 2014 йилда “Ўзфармсаноат” ДАК таркибига кирувчи корхоналар томонидан 543,8 млрд. сўмлик фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Уларнинг 425,4 млрд. сўмлигини дори воситалари ва 118,4 млрд. сўмлигини тиббий ёрдам учун мўлжалланган буюм ва маҳсулотлар ташкил этади, – дейди “Ўзфармсаноат” ДАК бошқаруви раҳбари Жамолиддин Нажмиддинов.
Юртимизда фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, янги дори турларини ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун барча шароит мавжуд. Бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, фармацевтика саноатига инвестиция лойиҳаларини кенг жалб этиш, тиббиётнинг турли соҳаларида қўлланиладиган шифо воситалари ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма корхоналар барпо этиш юзасидан ҳамкорлик лойиҳалари кенгайтирилмоқда.
Мутасаддиларнинг маълумотига қараганда “Ўзфармсаноат” ДАК таркибига кирувчи корхоналарнинг дори маҳсулоти 9 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Бу давлатларда 302 номдаги препаратимиз рўйхатга олинган. Жорий йилда инвестиция жалб қилиш йўналишида умумий қиймати 222,52 млн. АҚШ долларига тенг 48 та лойиҳа амалга оширилиб, улардан 23 тасини шу йилда якунлаш белгиланган.
Юрак қон-томир касалликларини даволаш учун қиймати 4 млн. АҚШ доллари миқдорида бўлган “Милдронат” фармацевтика субстанцияси асосида капсула ва ампула дори воситаларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш, қиймати 3,2 млн. АҚШ долларли хапдори, маз ва суппозиторийларни ишлаб чиқаришни кўзда тутган.
Маълумки, бу соҳани ривожлантиришда ҳам малакали кадрларга алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Анжуманда таъкидланишича, соҳада малакали кадрлар, шу жумладан, илмий кадрлар таркиби билан таъминланган бўлиб, юқори инвестиция потенциалига эга. Кимё-технолог, биотехнолог, муҳандис, формацевтлар каби мутахассислар тайёрлаш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.
Республикамизда ишлаб чиқариладиган дори воситаларини клиник тадқиқотлардан ўтказувчи етарли база мавжуд бўлиб, янги дори воситалари ҳамда фаол таъсир қилувчи моддаларни яратиш соҳасида изланишлар олиб боришга мўлжалланган 15 та илмий тадқиқот институтлари ва марказлари фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан сўнгги йилнинг ўзида 40 тадан янги оригинал препаратлар яратилганлиги ва ишлаб чиқаришга жорий этилгани ҳам бугунги кунда ўзбекистонлик формацевтларнинг дунё формацевтика соҳасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётганидан дарак беради.
М.ТОЛИПОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири