БОЛАЛАРНИ АЛДАБ БЎЛМАЙДИ

Торгина эски ҳовли. Кекса, ғарибгина бемор она ичкари хонада кўрпа-тўшак қилиб ётибди. Сувсизликдан қуриб қолган лабларини қимтиб йўлакка термилади. Келиннинг эса парвойифалак. Ҳовлида саккиз-тўққиз ёшлардаги ўғил набираси велосипедини таъмирлаш билан овора. Келин бир оғиз ширин сўзга, атрофидаги яқинларининг меҳрига зор хаста момонинг дилига озор бериб, бурнини жийирганича чети синган сопол косада овқат беради. Буни кузатиб турган ўғли эса: – Ҳали шошмай туринг, катта бўлсам, сизга шу косада овқат бераман, – дейди ва жаҳл билан қўлидаги болғачасини улоқтиради…

Хўш, бу воқеа сизга танишдай туюляптими? Ҳа, жуда тўғри, бу томошабинларнинг севиб кутадиган “Оталар сўзи, ақлнинг кўзи” кўрсатуви орқали намойиш этилган “Заррин коса” телеспектаклидан бир лавҳа эди.

Ёмон келин образини маромига етказиб ижро этган пойтахтимиздаги “Ёш томошабинлар театри”нинг етакчи актрисаларидан бири, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” Ҳакима Отахонова билан унинг ҳаёти ва фаолияти хусусида суҳбатлашдик.

Санъат йўли синовлари

Ҳ.Отахонова саккизинчи синфда ўқиб юрган кезлари мактабдаги драма тўгарагига қатнай бошлайди. Шунда устози тўгарак аъзолари билан биргаликда “Ибн Сино” спектаклини саҳналаштиради. Андижон шаҳридаги 46-умумтаълим мактаби драма тўгараги аъзолари ана шу спектакль билан шаҳар ва вилоят миқёсида ўтказилган санъат фестивалларида иштирок этиб ғолибликни қўлга киритадилар. Шу тариқа Тошкентда ўтказилган Республика санъат фестивалида ҳам бу тарихий мавзудаги спектакль ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланади. Ҳайъат аъзоларидан бири театршунос олим Тошпўлат Турсунов малика Сайёра ролида чиққан Ҳакимани ёнига чақириб, келажакда қайси касбни танлаши ҳақида сўраганида у: – Дадамга ўхшаб ўқитувчи бўлмоқчиман, – дейди.

Ундаги иқтидорни пайқаган Т.Турсунов ундан яхшигина актриса чиқишига, унинг ўрни Тошкентдаги собиқ Театр ва рассомлик институтида эканига ишонч билдиради. Эртасига устознинг таклифи билан у ана шу институтга боради. Бу даргоҳда Тошпўлат ака Ҳакимани саҳна нутқи фани ўқитувчиси, профессор Назира Алиева билан таништирар экан, опа унга дарс жараёнини кузатишни таклиф этади. Н.Алиеванинг синчков нигоҳлари, ўзига ярашган салобатидан тортинибгина хонага кирган қиз бир лаҳзада талабаларнинг шеър ўқиши, ундов ва ундош товушлар талаффузи устида ишлашларини кузата бошлайди.

– Ўтирган жойимда сеҳрланиб қолдим, – дейди Ҳакима опа ўша лаҳзаларни эслар экан. – Лекин фурсат шунчалик тез ўтиб кетди-ки, бирдан жаранглаган қўнғироқ овозидан чўчиб ўзимга келдим. Сўнгра бошқа аудиторияда “Саҳна маҳорати” дарсида ижод жараёнини кузата бошладик. Ҳалигача эсласам яна ўша ҳаяжонли ҳолатга тушавераман. Санъатга бўлган меҳр ва орзу қалбимни бутунлай забт этганди…

Яна ўқинг:  ЮРТ НОМИНИ ШАРАФЛАГАНЛАР

Уйга келиб орзу-ҳаваслар ила тонг оттирдим. Оиладаги олтита қизнинг учинчиси эдим. Келажакда актриса бўлмоқчи эканимни эшитган ота-онам Тошкентда ўқишимга қарши эдилар. Мактабни битириб, ўзим ўқиган мактабда ишлай бошладим. Пойтахтга ўқишга бориш орзуси билан юрган кезларим домла Тошпўлат ака Турсунов яна мактабимизга келди. Устоз мендан ҳол-аҳвол сўраб, яна режаларим ҳақида суриштирганида йиғлаб юборганман ва “уйдагилар”, дея олганман, холос. Буни тушунган устоз мактаб директоримиз Фарида опа Қосимова билан уйимизга келиб ота-онамга бу институтни битирганлар мактабда адабиёт ва эстетика фанидан дарс бериши мумкинлигини айтганидан кейин улар менинг ўқишимга рози бўлганлар.

Устозлар сабоғи

Санъатга ошуфта қиз 1974 йилда собиқ Театр ва рассомлик институти(ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)нинг “Драма ва кино” факультетига ҳужжатларини топширади. Кириш имтиҳонларини аъло баҳоларга топширган Ҳакимахон талабалик бахтига мушарраф бўлди. Иккинчи курсда ўқиб юрганида телевизорда “Ғазалхонлик кечаси” кўрсатувида ғазал ўқиётган қизини кўрган ота-онаси у билан фахрланиб, касб танлашда адашмаганлигидан хурсанд бўладилар.

Мана 36 йилдирки Ҳакима Отахонова каттаю кичик ёшдаги томошабинларни болаликнинг сеҳрли оламига етакловчи “Ёш томошабинлар театри”да фаолият юритиб келмоқда. У турли хил мавзулардаги спектаклларда ўзига хос характерли образлар яратиб келаётган, эл ардоғидаги актёрлардан биридир. Ҳ.Отахонованинг бу муваффақиятларида устозларининг ўрни беқиёс, албатта.

Эндигина санъат йўлига тушган ёш актрисага “Ўқитувчи” спектаклида “Ўзбекистон халқ артисти” Муҳаббат Йўлдошевага дублёр бўлиш насиб этди. Аввалига бундан чўчиган тортинчоқ, актрисага устозлари томонидан билдирилган ишонч саҳнада ўз қаҳрамони образини ишонарли қилиб яратишига ёрдам берди. Устозларнинг “болаларни алдаб бўлмайди” деган ўгитлари, саҳнада ўзини тутиш, образга кириш, асосийси партнёрнинг кўзига қараб уни уқиш ва қўллаш сирларини ўргангани ҳақида тўлқинланиб гапиради. Албатта актёрларнинг тили билан айтганда спектакль давомида импровизация ҳам бўлиб туради.

Актрисанинг томошабинлар олқишига сазовор бўлган “Зумрад ва Қиммат” спектаклидаги Қиммат образи кўпчиликнинг ёдида. Саҳнада унинг хатти-ҳаракатидан нафратланган ёш томошабинлардан бири зарб билан актрисага қарата олма ирғитади. Ҳакима опа кўзига қаттиқ теккан олманинг оғриғидан “дод” дейишига сал қолади. Аммо ҳозиржавоблик билан буни билдирмаслик учун импровизация қилиб: – Ойи, қаранг, анави қиз менга олма отди, дея ҳолатдан чиқиб кетади. Бундай воқеалар болалар театрида кўплаб кузатилгани боис актёрдан ҳозиржавоблик ва маҳорат талаб этилади, албатта.

Яна ўқинг:  Ватанимизнинг бош майдони

Истеъдодли актириса Ўткир Ҳошимовнинг “Умр дарахти” спектаклида она, “Маликани ким қутқаради?”да сеҳргар аёл, Эргаш Матсафоевнинг “Зафар, Зуфар ва сеҳргар” спектаклида бир йўла иккита образ, чет эл ёзувчиси Карл Гоценинг “Қирол буғу”сида Смералдина, Анвар Обиджоннинг “Қўнғироқли ёлғончи”, “Қорин ботир” эртакларида тулки, Ҳожиакбар Шайховнинг “Фартуннинг ҳалокати” асарида Анна Шварц, Омон Шариповнинг “Раҳмат, капитан” спектаклида аълочи қиз Назира, “Қайнар хумча”да Ойбодоқ каби характерли образлари билан томошабинларнинг ҳурматига сазовор бўлиб келмоқда.

Оилам – суянчим

1998 йилда Ҳакима Отахонованинг кўп йиллик меҳнатлари муносиб баҳоланиб “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан мукофотланди. Опанинг бахти шундаки, умр йўлдоши, драматург Тўра Мирзо ҳар қадамда уни қўллаб-қувватлайди. “Ўзбекистон телерадиокомпанияси” дастурларида намойиш этиладиган видеофильмлар, қисқа метражли фильм, новеллаларнинг кўпчилиги улар қаламига мансуб. Улар фарзандлари Моҳинбону, Шохруҳмирзо, Туронбекаларни эл-юртга нафи тегадиган, ақлли, ўқимишли инсонлар этиб вояга етказишмоқда. Шохруҳмирзо режиссура, Туронбека журналистика соҳасини танлашган.

Ҳакима опанинг бугунги орзуси ўз ёшига мос замонамиз қаҳрамони образини яратишдир. Зеро, жамиятимизга нафи тегадиган, барчага ибратли ишлари билан намуна бўла оладиган, мард, жасур нафақат тарихий, балки замонавий аёл қиёфасини яратиш барча актрисаларнинг сўнмас орзусидир.

Муҳаббат ХЎЖАМУРОДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: