“ТАЪҚИҚЛАНГАН МЕВА ТОТЛИ БЎЛАДИ”…МИ?

Ёки ўсмир йигит-қизларни кашандаликдан қандай асраш мумкин?

Инсон ташқи муҳитдан асосий маълумотларни кўпроқ кўриш ва эшитиш орқали олади. Бундан ташқари ҳид сезиш, тери орқали сезиш, таъм билиш сабабли ҳам одам мияси маълумотга эга бўлади. Аммо психологларнинг фикрича ҳар бир киши кўпроқ кўриш орқали маълумотларни эслаб қолар экан. Шу нуқтаи назардан катталар кўпроқ ёшларга ўз эзгу амаллари билан ибрат бўлишларини истар эдик.

Тамаки маҳсулотининг таркиби никотин (кучли заҳарли модда), углерод оксиди, ўсма касаллигини чақирувчи қўрғошин, радиоактив изотоп, азот, асосан оғир металлар (симоб, кадмий, никель, кобальт ва ҳ.к.)лардан иборат. Унинг тутунидаги моддалар бир-бири билан кимёвий реакцияга киришиб, заҳарли таъсири янада ортади. Никотин моддаси организмга осонлик билан кириб, ҳаётий муҳим аъзоларга тўпланади, натижада уларнинг фаолияти бузилади. Одам никотин билан заҳарланганда кучли бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши ва қайт қилиш кузатилади. Сурункали заҳарланиш натижасида эса хотиранинг пасайиши ва иш қобилиятининг сусайиши кузатилади.

Дунёдаги энг нуфузли ва йирик халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланувчи БМТ (Бирлашган миллатлар ташкилоти)нинг таркибига кирувчи ЖССТ (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти) 1988 йилда 31 май санасини халқаро кашандаликка қарши кураш куни дея эълон қилди. Шундан буён ушбу сана анъанавий тарзда нишонланиб келинмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёдаги барча давлатлар ва уларнинг соғлиқни сақлаш тизими мутасадди ходимлари билан ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Ушбу ташкилот ХХI асрда дунёда тамаки чекиш бутунлай барҳам топиши учун жуда кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Кашандаларнинг тинимсиз тамаки чекишига сабаб – бу уларнинг никотинга тобелигидир. Никотин организмни бўшаштирувчи ва тинчлантирувчи таъсирга эга. Шунинг учун у сохта енгил лаззатланиш сезгисини беради. Инсон тамаки чекишни бошлагандан кейин унинг организмида табиий эндорфин ишлаб чиқариш тўхтатилиб, ташқаридан келаётган никотинга талаб орта боради. Кўпинча кашандалик гиёҳвандлик дебочаси деб ҳам аталади. Лекин шунга қарамасдан ҳозирда кўпгина Ғарб давлатларида турли ёшдаги аҳоли ўртасида тамаки чекиш жуда кенг тарқалган ва бу ҳолат оддий ҳолдай қабул қилинади.

Никотин заҳарли модда бўлганлиги сабабли қизлар ва аёллар яъни, бўлғуси оналарнинг тамаки чекишлари мутлақо нотўғридир. Чунки, келажак авлодни дунёга келтирувчи хотин-қизлар аввало соғлом бўлишлари зарур. Кашанда оналарнинг болалари она қорнидаёқ никотинга тобе бўлиб дунёга келишади.

Яна ўқинг:  Гижжадан йироқ бўлай десангиз...

Ҳомиладор аёлларга никотин ҳар томонлама салбий таъсир кўрсатади. Мутахассис-шифокорлар фикрича кашанда онадан туғилган гўдак кўпинча никотин хумор қилгани учун ҳам бесабаб чинқириб йиғлар экан. Никотин юрак-қон томир тизими, майда қон томирлар (капиллярлар)га салбий таъсири натижасида ички аъзолар зарур моддалар ва кислород билан яхши таъминланмайди. Шунинг натижасида барча қон томирлар торайиши сабабли бош мия, ўпка, юрак ва буйракнинг фаолияти сусаяди. Эркакларда бу ҳолат унчалик сезилмаслиги мумкин. Лекин тамаки маҳсулотлари ҳомиладор аёлга жуда ҳам тез ва кучли салбий таъсирини кўрсатади. Чунки, ҳомиладор аёл организми икки жон учун фаолият юритади. Натижада ҳомила дунёга келганида унинг вазни ҳам меъёрдан анчагина паст бўлади. Чекувчи оналардан кўпроқ чала туғилган гўдаклар дунёга келиши кузатилади. Тамаки чекиладиган хонадонда вояга етаётган ёш болаларнинг уйқуси ёмон бўлади. Чунки, никотин марказий асаб тизими фаолиятига ҳам зарар етказади. Меъда-ичак тизими фаолияти ҳам сусаяди. Бола тенгдошларидан ҳам жисмонан ҳам ақлан орқада қолади.

Чекувчи аёлларнинг қони никотин таъсирида қуюлиб кетади. Шу сабабли гипоксия ривожланади. Натижада тўқималарга кислород етиб бориши қийинлашади. Ушбу ҳолатда қон томирлар деворининг ички юзасида қоннинг қуюлишини янада кучайтирувчи модда пайдо бўлади. Бу эса томирларда тромб (қон лахтаси) ривожланишига сабаб бўлади. Гормонал контрацепция воситалари ҳам қон қуюлишини келтириб чиқаради. Шу сабабли қон томирларда тиқилма (тромбоз) ҳосил бўлади. Яна шуни айтиб ўтиш жоизки, айниқса, самолётда учиш бу хавфни янада кучайтириб юборади. Юқорида таъкидлаб ўтилган барча хатарли омиллар биргаликда тезгина веналар тромбози пайдо бўлишига катта замин яратади. Агар веналар яллиғланса тромбофлебит касаллиги ривожланади. Бундан ҳам оғир ҳолат қон лахтаси (тромб) узилиб қон томирлар орқали ҳаракатланиб ўпка томирларига тиқилиб қолиши мумкин. Натижада тромбоэмболия кузатилади. Бу эса ўз навбатида тўсатдан ўлим ҳодисасига сабаб бўлади. Шундай қилиб хотин-қизларнинг чекиши нақадар ўзларининг ҳаётлари учун хавфли эканлигини яна бир бора таъкидлашни жоиз деб билдик. Айниқса, чекувчи аёллар ҳапдори (таблетка)ли контрацепция (исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олувчи) воситаларни қабул қилсалар уларнинг қонлари янада қуюлиб, ҳаётларига катта хавф солиши мумкин.

Ёшларнинг тамаки чекишга қизиқмасликлари учун ота-оналар фарзандлари тарбиясига эътиборлироқ бўлишлари керак. Улар болаларини қаерда ва кимлар билан юрганини, дўстлари кимлигини аниқ билишлари ҳамда уларни албатта сўраб-суриштиришлари керак. Чунки, халқимизда “Дўстинг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтаман” деган мақол бежизга айтилмаган. Оиладаги катталар болаларни турли тўгаракларга жалб килишлари зурур. Уларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланишларини назорат қилишлари шарт.

Яна ўқинг:  СУМАЛАК МЕЪДА-ИЧАК ФАОЛИЯТИНИ ЯХШИЛАЙДИМИ?

Никотиннинг организмга салбий таъсири кўп. Меъда-ичак тизимида яллиғланиш ва яра касалликларини келтириб чиқаради. Никотиннинг буйрак фаолиятига ҳам салбий таъсири натижасида пешоб ажралиши камайиб кетади. Қон қуйилади. Марказий асаб тизимига таъсири натижасида эса бирданига мия қўзғалиб ва тормозланиши сабабли унинг фаолияти бузилади.

Чекиш қон босимининг ошиши, (қон қуйилиши сабабли) бунинг натижасида миокард инфаркти, инсульт, меъда-ичак тизими яра касалликлари, ўпка касалликлари, яъни, ўпка раки, милкларнинг яллиғланиши сабабли тишларнинг тушиб кетиши каби касалликларни келтириб чиқаради.

Чекмайдиган инсон тамаки чекаётган инсоннинг ёнида заҳарли тутундан нафас олади ва пассив (нофаол) чекувчига айланади. Пассив чекувчилар кашандалардан ҳам кўпрок заҳарланадилар. Чунки, чекувчи тутунни ютиб, нафас йўлларидан қайта чиқариб юборади. Унинг маълум қисми организмда қолади. Кашанданинг ёнидаги пассив чекувчи эса тутунни ичига ютаверади. Натижада унда ўпка раки, бурун, кўз шиллиқ қаватларининг яллиғланиши, ўпка фаолиятининг пасайиши, йўтал кузатилади. Кўкрак қафасида турли нохуш ҳолатлар ва ноқулайликларни келтириб чиқаради. Булар жумласига қийналиб нафас олиш сабаб йўтални киритиш мумкин. Пассив чекувчиларда қонда кислород айланишининг бузилиши натижасида жисмоний фаолият пасаяди.

Фуқароларнинг соғлиғини, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг саломатлигини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ҳамда бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишда, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг ташкилий, хуқуқий шарт-шароитларини яратишда ҳукуматимиз томонидан қонун қабул қилинди. Ушбу қонун ёш авлодни зарарли иллатлардан асрашда катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикасининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуни чиқди. Бу қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 27 июнда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2011 йил 26 августда маъқулланди. Ушбу қонуннинг мақсади алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: