ЮМУШИНГИЗ ЯНАДА ЕНГИЛ
Электр қувватисиз ишлайдиган кир ювиш машинаси ҳақида эшитганмисиз? Бу тиниб-тинчимаган олимлар нималарни ўйлаб топишмайди дейсиз.
“Drumi” номли кир ювиш машинаси бир килограммгача оғирликда бўлган кирларни ҳеч қандай электр қувватисиз тозалаб бериши мумкин. Кир ювиш машинасининг ҳажми оддий катта челак сиғимича келади. Бир марта кир ювиш учун унга 10 литр сув ва озгина кир ювиш кукуни солиш зарур. Ушбу агрегатнинг баландлиги 55 сантиметр. Беш дақиқа давомида бу митти кир ювиш машинаси кийимларингизни топ-тоза қилиб ювади. Унинг оддий кир ювиш машиналаридан афзаллиги шундаки, унинг оғирлиги 7 кг бўлиб, сувни беш баробаргача тежаш хусусиятига эга. Бу машинани дам олиш мақсадида табиат қўйнига чиқанингизда ҳам ҳеч қийналмай ўзингиз билан бирга олиб кетишингиз мумкин. Унинг ёнидаги оёқ билан босиладиган мосламаси туфайли барабанни айлантириш мумкин. Натижада кир машина ишлайди. Унинг тубидаги кичик тешикчани очиб, ишлатиб бўлинган сув тўкиб ташланади.