“БОЛАЛАР КУНИ” БОШҚА МАМЛАКАТЛАРДА ҚАНДАЙ НИШОНЛАНАДИ?
1 июнь – Халқаро Болаларни ҳимоя қилиш куни дунёнинг бошқа мамлакатларида қандай байрам қилиниши барчани, айниқса, болажонларни қизиқтирса керак? Ҳа, бу байрам кўплаб мамлакатларда, турлича йўсинда ва йилнинг бошқа фасли ҳамда бошқа кунларида нишонланар экан.
Японияликлар “Болалар куни”ни бир йилда уч маротаба байрам қилар экан.
3 март куни – “Қизлар байрами” бўлиб, у кичик ёшдаги қизалоқлар учун махсус ташкил этилади. Ҳар йили ота-оналар қизлари учун хонадонларида чиройли кимоно ва кўғирчоқлар кўргазмасини ташкил этишади ва шу кўргазмадан жой олган буюмлар ота-оналарнинг ўз “малика”ларига совғаси ҳисобланади.
5-май куни – “Ўғил болалар байрами”.
Байрам куни уйга кираверишда ўғли бор хонадонларга зоғора балиқ тасвири туширилган байроқлар осиб қўйилади. Бу келажакда фарзандининг билим даражасини белгилар экан. Агар ўғил болалар кўпчилик бўлса, хонадон эшигига мовий-яшил рангдаги байроқлар илинади. Байроқларнинг сони оилада ўғил болаларнинг кўплигини билдиради. Японияликларнинг тасаввурича зоғора балиқ куч-қудрат ҳамда довюраклик рамзи ҳисобланар экан.
15 ноябрь – “Уч, беш, етти ёшли болалар куни”.
Японлар анъанасига кўра уч, беш, етти – энг бахтли ёш ҳисобланади. Шу боис ҳар йили 15 ноябрь куни шу ёшдаги болалар ўз байрамларини шоду хуррамликда ўтказишади.
Жанубий Кореяда ҳар йили 5 май куни ота-оналар фарзандларига улар хоҳлаган ўйинчоқни совға қилишади. Кўпчилик болалар корейс миллий кийимларини кийиб, мамлакатнинг анъанавий маданиятини тарғиб этадилар.
Кейин болажонларга катталар совғалар улашади.
Колумбияликлар ҳар йили 4 июль – “Болалар куни”ни тантанали тарзда нишонлайдилар. Ушбу байрамнинг ўзига хос томони шундаки, ниқобли масхарабозлар байрам қаҳрамони ҳисобланади.
Байрам куни барча мактабларда турли тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Болалар одатда масхарабозларга ўхшаб турли-туман ниқоблар тақиб, кўчаларда сайр қиладилар. Атрофда байрамона кайфият ҳукм суради.
Бразилияликлар 15 август – “Болалар куни”да “Саломатлик ҳамма нарсадан устун”, деган шиор билан кўчага чиқадилар. Шу боис ушбу кун болаларда юқумли касалликка қарши кураш куни бўлиб, шифокорлар болаларни тиббий кўрикдан ўтказишади. Ҳамда беш ёшгача бўлган кичкинтойлар полиомиелитга қарши эмланади.
Азиза ШОДИЕВА,
Тошкент Тиббиёт академияси III босқич талабаси