“КАМАЛАК ЖИЛОСИ”: Янги иқтидорлар кашф этилмоқда
Камолот ёшлар ижод саройида “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчилари иштирокида “Камалак жилоси” болалар расмлари республика кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди томонидан бу борада тегишли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар амалга оширилаётир. “Камалак жилоси”, “Сайёрамизга тинчлик” мавзуида ташкил этилаётган танловларда ижодкор ёшлар ўз машқларини устозлар назаридан ўтказиб, тажриба ва маҳоратини оширмоқда.
Мазкур тадбир “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Sen yolg‘iz emassan” республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ташкил этилди.
Ушбу кўрик-танловда республикамиздаги “Меҳрибонлик” уйларининг 1 минг 500 нафар тарбияланувчиси иштирок этиб, вилоят босқичларида ғолиб деб топилган 100 дан ортиқ акварель расмлар ва 80 дан ортиқ амалий санъат асарлари мазкур кўрик-танловнинг якуний босқичига тақдим этилди. Болалар ижодий ишларида миллий анъаналаримиз ва қадриятларимиз, диёримизнинг гўзал табиатини акс эттирган.
Кўргазма давомида Тошкент шаҳрининг барча “Меҳрибонлик” уйларининг иқтидорли тарбияланувчилари ўртасида алоҳида, тезкор расмлар кўрик-танлови ҳам ташкил этилиб, расмлар шу вақтнинг ўзида ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди.
В.ПЎЛАТОВА