ЁРУҒ КУНЛАРДАН ОЙДИН КЕЛАЖАККА ТУҲФА КЎПРИКЛАР

Тонгги уйқу ширин бўлади. Миянг тиниқиб, кайфиятинг ўзгаради. Танинг янаям куч-қувватга тўлади. Айниқса, субҳидам ҳавоси саломатлик учун кони фойда. Дераза туйнугидан ўғринча кирган насимнинг ёқимлигина “чимчилаш”и кишини сергаклантиради. Беихтиёр кўзимни очаман. Илк кўрганим – манзара баҳри-дилимни яшнатиб юборади: Мовий осмон бағрида парвоз этаётган гала кабутар. Қанотлари эндигина замин узра қулоч ёзишга киришган бобо Қуёшнинг заррин нурларида худди кумушдек “ял-ял” товланади. Гўё улар само узра бахтиёрлик, аҳиллик, тинчлик-хотиржамлик, ризқ-рўз, тўкинлик ва барака рақсини ижро этаётгандек. Ҳа, бу юртнинг қушлари ҳам бахтиёр. Одамлари каби эркин ва озод парвоз этаётир.

Шу ўй-фикрлар оғушида ишга отланаман. Йўл-йўлакай қуриб фойдаланишга топширилган Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларини боғловчи Себзор ва Абдулла Қодирий номидаги кўчалар кесишган чорраҳада бунёд этилган янги кўприк мажмуаси диққатимни тортади. Қайта таъмирланган хиёбонда бироз сайр қилиш ниятида илдамлайман.

Фуқаролари бахтиёр мамлакат бахтлидир

Хиёбон – ободлик, фаровонлик ва хотиржамлик маскани. Бу ерда ғамли қиёфани учратмайсиз. Ҳамма шод-мамнун. Бугунидан, келажагидан кўнгли тўқ. Шундай экан, йил сайин бундай сайргоҳларнинг кўпаяётгани ва ҳар бирининг гавжумлиги мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, тўкинлик ҳамда аҳиллик ҳукмрон эканидан далолат беради. Бир муддат хотирамда рақамлар тилга киради. Мени ислоҳотлар ҳақида мушоҳада юритишга чорлайди…

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида жонажон Ўзбекистонимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. Кенг ва равон кўчалар, осмонўпар бинолар, хиёбону, истироҳат боғлари, соғлиқни сақлаш, спорт ҳамда таълим-тарбия ва илм масканлари барпо этилди. Ҳар бир гўша замонавий қиёфа касб этди. Ёш оилалар учун қишлоқ жойларда барпо этилаётган намунавий турар-жойларнинг сифати ва сони дунё ҳамжамиятини ҳайратга солаётгани сир эмас. Мазкур қурилиш ишлари орқали ҳар йили ўн минглаб оила узоқ муддатли имтиёзли кредитлар эвазига ўз бошпанасига, шинам ва замонавий ҳовли-жойига эга бўлаётир. Ваҳоланки, кўплаб ривожланган давлатларда оилаларнинг ярмидан кўпи ижарага олинган хонадон ва уйларда истиқомат қилади. Шунинг ўзигина юртимизда инсон омили қадрият даражасига кўтарилганидан далолат бериб турибди.

Қарийб чорак асрлик истиқлол даври тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан ёзилса, ажаб эмас. Боиси мазкур қисқа даврда халқимиз ўзининг бунёдкорлик салоҳиятини тўлиқ намойиш эта олди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, фикри, дунёқараши ўзгарди. Илму маърифатли, маънавиятли авлод шаклланди ва ўзининг иқтидори, билими билан дунё ҳамжамиятини лол қолдириб келаётир. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз ўзининг қадимий салоҳиятини қайта тиклади, халқаро майдондаги нуфузи мислсиз даражада ортди. Кишиларнинг турмуши фаровонлашди, орзу-мақсадлари йўлида собитқадамлик билан олға интила бошлади.

Яна ўқинг:  RAQAMLAR OLAMIGA SAYOHAT

Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектларида 164,1 миллиард сўм, жумладан, Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 72,5 миллиард сўм, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати кафолати остида хориждан олинган заёмлар ҳисобидан 37,7 миллион доллар ўзлаштирилди.

Мамлакатимизда ҳар бир ҳудуд, ҳар бир шаҳар қиёфасини тубдан ўзгартириш борасида улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир. Хусусан, Тошкент, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Наманган, Урганч, Қарши, Термиз, Самарқанд ва бошқа кўплаб шаҳарлар ободонлаштирилди, замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида қайта барпо этилди. Ҳар бир ҳудудда, аввало, аҳолининг яшаши, дам олиши, ижод қилиши ва эркин фаолият юритиши учун қулай муҳит ҳамда шароитлар яратилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 2014 йил Буюк Британиянинг “Экономист” журнали берган баҳога кўра пойтахтимиз ободлиги ва яшашга қулайлиги жиҳатидан дунё рейтингида 140 шаҳар орасида 58-ўринни эгаллади. Жаҳон таснифида истиқомат учун энг қулай бўлган йирик шаҳарлар қаторига киритилди.

Хиёбонда сайр этаётган бахтиёр кишиларни кузатарканман, уларнинг хотиржамлиги, кўзларида акс этган қувончи ҳукуматимизнинг ҳар бир кишига ғамхўрлик кўрсатаётганининг яққол далили сифатида фикри-ёдимни банд этади. Юртимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотларнинг самараси бахтли ва фаровон турмушнинг кафолати эканидан севинаман.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” мавзусидаги тадқиқотда Ўзбекистон 158 давлат ичида 44-ўринни, МДҲ давлатлари орасида эса биринчи ўринни эгаллагани ва бу натижага Президентимиз билдирган муносабати юрагимни тўлқинлантиради:

“Бу ниманинг далолати, ниманинг исботи? Бу авваламбор мустақиллик даврида биз эришган улкан марраларни, иқтисодиётимиз барқарор суръатлар билан ривожланаётгани, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ошиб бораётгани ва бу ютуқларни дунё ҳамжамияти яна бир бор тан олаётганини кўрсатади.

Энг муҳими буларнинг барчаси кўпни кўрган, эртанги кунга ишонч билан яшаётган, иродаси бақувват, имони бутун халқимизнинг меҳнати, мардлиги ва матонатининг натижасидир”.

Фавворалар – фараҳбахш кунлар куйчиси

Фавворалар атрофида ҳайрат ва ҳаяжон билан термилиб турган болажонлар диққатимни тортади. Улар ота-онаси бағрида озод ва обод Ватаннинг эртаси сифатида камолга етаётир.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ёш авлод қаторида жажжи авлод учун ҳам кенг имкониятлар яратилган. Уларнинг маънан ва жисмонан соғлом улғайиши йўлида самарали ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, ўтган 2014 йилнинг Президентимиз ташаббуси билан Соғлом бола йили деб эълон қилингани, шу номдаги Давлат дастурининг қабул қилингани сўзимизнинг тасдиғидир. Ушбу дастур доирасида юртимиздаги барча МТМларда таълим-тарбия тизими чуқурлаштирилди. Уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Спорт билан мунтазам шуғулланиши учун имкониятлар янада кенгайтирилди. Қолаверса, МТМларга қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлаш борасида ота-оналар учун беш турдаги ўқув қўлланмалар чоп этилди ва республикамиз бўйлаб тарқатилди. Шундай экан, улардан фақат ва фақат ўқишга, билим олишга интилиш, ғамхўр она Ватан равнақи йўлида собитқадам авлод бўлиб вояга етиш талаб этилади. Дилга яқин мусиқалар оғушида шуларни ўйларканман, руҳим истиқлол инъомларидан масрурлик ҳиссини туяди. Биздан-да бахтли авлод сифатида улғаяётган жажжиларга ҳавас билан боқаман.

Яна ўқинг:  Педагогик маҳорат ва тажриба – таълимда муҳим омил

Дарвоқе, янги кўприк атрофида, хиёбон майдонида учта рангли-мусиқали фаввора қад ростлади. Биттаси қайта таъмирланди. Кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Диаметри олти метрлик ушбу фавворалар атрофида ўриндиқлар ўрнатилди. Унда ёш оилалар, нуроний отахону онахонлар мусиқа оғушида тинч ва фаровон замондан баҳра олишмоқда. Ёшлик ҳаловати ҳамда кексалик роҳатини суришмоқда.

Мажмуа деса арзигулик

Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларини боғловчи кўприк. 427 метр узунликдаги, эни 26 метрлик мазкур мажмуа муаззам пойтахтимизнинг чиройига чирой қўшиб, ўз салобатини кўз-кўз этаётир. Икки томонидаги осмонўпар турар-жойлар ва замонавий савдо марказлари унинг гўзаллигига тароват бахш этади. Мазкур равон кўприк нафақат автомобиль йўлидаги тиғизликларнинг олдини олади, балки қулай ҳаракатланиш механизми сифатида ҳам йўловчиларнинг узоғини яқин қилади. Ёнилғи ва вақтнинг бесамар сарфини камайтиради. Қолаверса, ушбу мажмуада пиёдалар ҳаракатланиши учун барча шароит яратилган. Иккита ер усти ва ости йўллари барпо этилган.

Ер усти йўлларидан ўтиш учун ҳозирланаман. “Эсколатор” (кўтарма зина)дан юқорига кўтарилар эканман, хотирамда мумтоз адабиётимизнинг нодир дурдонаси Алишер Навоийнинг “Хамса” асаридаги бешинчи достон “Сабъаи Сайёр” воқеалари жонланади. Ундаги ҳикоялардан бирини эслайман. Подшоҳ устани ёнига чақириб, унга бир зина қуриб беришини, у ўзининг мўъжизавийлиги ва ягоналиги билан ажралиб туриши кераклигини уқтиради. Узоқ изланишлардан сўнг уста бир зина барпо этади. Подшоҳ биринчи зинапояга оёқ қўйиши билан ўз-ўзидан зинанинг юқорисига кўтарилади. Шу ҳақида ўйларканман, мутафаккир бобомизнинг қарийб беш юз эллик йил олдин шундай мўъжизани башорат қила олганига лол қоламан. Ҳақиқатда бу замин улуғ сиймоларнинг хокидан бунёд бўлганига амин бўламан.

Мазкур ер усти йўллари ўзининг замонавийлиги ва атроф манзараси бутун борлиғи билан кўриниб туриши билан завқимни оширади. Бири 111 метрлик, иккинчиси 102 метрлик мазкур пиёдалар йўлагида ҳордиқ чиқариш мақсадида ўриндиқлар ташкил этилган. Унда шаҳарнинг яқин манзараларини томоша қилиш, қолаверса дам олиш имкони бор. Ер ости йўли эса ўзининг салқинлиги, ҳаво яхши айланиши билан ажралиб туради.

Ҳа, бу мажмуа халқимизнинг бирдамлиги, аҳиллиги, хотиржам ва фаровон турмушини, юртимизнинг тинчлиги, куч-қудратини намойиш этаётган иншоотлардан бири сифатида қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

Яна ўқинг:  Сурат ва сийрат мусаввири

Баҳодир ҲАЛИМОВ,

Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: