Замонавий, малакали ва тезкор хизмат
Норин ТТБ ҳақида шундай фикр юритиш мумкин
Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик ҳамда соғлом оилани шакллантириш масалалари устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар аввало аҳоли саломатлигини сақлаш ва тиббий маданиятни юксалтиришга йўналтирилган.
Наманган вилояти Норин туман Тиббиёт бирлашмаси Республика ихтисослаштирилган тиббиёт маркази ва тиббиёт олийгоҳлари мутахассислари иштирокида 12 нафар Иккинчи жаҳон уруши фахрийси ва 222 нафар кекса нуронийлар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда зарур тиббий хизматлар кўрсатилди.
151 минг 223 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган Норин Тиббиёт бирлашмаси 285 бемор ўрнига мўлжалланган. Муассасадаги мавжуд 18 та бўлим ва 17 та ҚВПларда жами 187 нафар олий маълумотли шифокорлар ҳамда 860 нафар ўрта тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатмоқда.
Эътиборли томони шундаки, жорий йилда бирлашмада кексалар учун юқори технологияли диагностика ва даволаш усулларидан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида кўз катарактасига чалинган 3 нафар, глаукомага чалинган 8 нафар беморларга кўз жарроҳлик, пешоб-тош, простата бези аденомаси, саратон хасталигига чалинган 3 нафар беморга ҳам инвазив урологик операцияларини амалга ошириш режалаштирилди. Шунингдек, туман ИИБ ва Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда 281 нафар рўйхатга олинган ўқиш ёки иш сабабли хорижга чиқиб келган тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, касаллиги аниқланган 14 нафар бемор соғломлаштиришга йўналтирилди.
Тиббиёт бирлашмасининг саъй-ҳаракати билан аҳолининг 68 минг 50 нафари жорий йилнинг 1-чорагида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан 19 минг 54 нафари амбулатор ва стационар шароитда соғломлаштирилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган 22 минг 49 нафар фертиль ёшидаги аёлларнинг, экстрагенитал касаллиги мавжуд беморларнинг 14 минг 253 нафари, яъни 13,5 фоизи соғломлаштирилди.
Бирлашмада исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш учун туғиш ёшидаги аёлларни замонавий контрацепция воситалари билан қамраб олиш ўтган йилга нисбатан 1 минг 159 тага, инъекцион контрацепция билан қамраб олиш 458 тага, ихтиёрий жарроҳлик контрацепцияси билан қамраб олиш 29 тага оширилгани олиб борилаётган тарғибот ишларининг самарасидир.
– Юртимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, бунёдкорлик ва ободончилик ишлари қаторида, бизнинг бирлашмада ҳам “Инвестиция дастури” доирасида “Норин сантехмонтаж” МЧЖ томонидан қурилиш ва реконструкция ҳамда мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бундай бунёдкорлик ишларини амалга ошириш учун давлат бюджетидан 8 млрд. 683 млн. сўм маблағ йўналтирилгани ҳукуматимизнинг тиббиёт ходимларига, хусусан, эл саломатлиги йўлида кўрсатаётган катта ғамхўрлиги ифодасидир, – дейди муассаса раҳбари, олий тоифали жарроҳ Абдували Мавлонов. – Айни пайтда, Шошилинч тиббий ёрдам бўлими биносида қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Муассасада фаолият юритаётган Ғофиржон Мамажонов, Улуғбек Ўрмонов каби малакали жарроҳлар, бош гинеколог Умида Низомова, педиатрлар Мухтор Темиров, Жанона Фозилова, терапевтлар Азимжон Рустамов, Файзулла Мансуров, Шуҳратжон Ғаниев, патронаж ҳамширалари Сабоҳат Мадаминова, Малика Ғаффорова, Гулчеҳра Мамасолиевалар хизматларидан аҳоли миннатдор.
М. ҚОДИРОВА