ЮРТНИНГ БУНЁДКОР ЁШЛАРИ

Юртимизда ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларни миллий истиқлол ғоялари руҳида тарбиялаш, ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш мақсадида қатор танловлар ўтказиб келинмоқда.

Ана шундай танловлардан бири Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда “Конституциямиз – бахтимиз пойдевори” шиори остида ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллиги арафасида якунланган ушбу танлов том маънода ўқувчилар учун ҳақиқий синов майдони бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Чунки, 4 босқич ва 3 йўналишда ташкил этилган мазкур танловнинг қуйи босқичларида 3,9 млн.дан зиёд ўқувчилар ўзларининг ижодий ишлари билан иштирок этгани бунинг яққол исботидир.

Ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилган Ўзбек Миллий академик драма театрида ўқувчилар томонидан тайёрланган ижодий ишлар кўргазмаси ташкил этилди. Болажонлар тенгдошларининг ижодий ишлари билан танишиб, Конституциянинг мазмун-моҳияти ҳақида янада мукаммал билимга эга бўлишди.

Рефератимни ҳакамлар ҳайати юқори баҳолагани боис, олий ўринга сазовор бўлдим. Бундай ютуқни қўлга киритишимда устозимиз Сирожиддин Чориев, мактабимиз раҳбари Бибисора Ҳасанова ҳамда онажоним Дилором Жўраеваларнинг муносиб ҳиссаси бор. Улар мени ҳар томонлама қўллаб, ўз ёрдамларини аямади. Ушбу танловда иштирок этиб, кўплаб дўстлар орттирдим, –дейди Яккасарой туманидаги 118-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Азимжон Мирзабоев.

Самарқанд вилояти Самарқанд туманидаги 31-умумтаълим мактаби директори Зебинисо Шодиева “Ўзбекистон келажаги баркамол авлод қўлида” мавзусидаги иншолар танловида I ўринни эгаллаган ўқувчиси Нозина Зиядуллаеванинг ютуқларини шундай ифодалайди: – Мактабимизда 400 нафар ўқувчи таълим олаётган бўлса улар орасида Нозина сингари иқтидорлилари кўпчиликни ташкил этади. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари Гулзода Мухторова, Нигора Йигитоваларнинг бераётган пухта билими боис, Нозина ўқиётган 9-синфдаги 25 нафар ўқувчининг барчаси аълочи ва фаол ўқувчилар сафидан жой олишган.

– “Президент асарлари билимдони” йўналишида II ўринни эгалладим. Бу муваффақиятимдан ота-онам ва устозларим хурсанд бўлишди. Мактабни тугатганимдан сўнг ҳуқуқшунослик йўналишида таҳсил олишни давом эттирмоқчиман. Бунинг учун ҳозирданоқ пухта тайёргарлик кўраяпман, – дейди Бухоро вилояти Бухоро туманидаги 13-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб-интернати 9-синф ўқувчиси Шаҳруз Собиров.

– Менинг ведеоролигим мазмун жиҳатидан юқори баҳоланиб,учинчи даражали дипломга сазовор бўлдим. Танловнинг бошланғич босқичидан то якуний босқичига қадар устозим Ойша Айтимбетова раҳбарлигида кўп нарсаларни ўргандим. Танлов ташкилотчиларига чексиз миннатдорлик билдираман. Ана шундай билимлар беллашуви яна ҳам кўпроқ ўтказилиши тарафдориман, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги 21-мактаб ўқувчиси Тўмарис Қойилбоева.

Яна ўқинг:  Ўзбекистон – оналар ва болалар саломатлигига ғамхўрлик кўрсатаётган мамлакат

Ўқувчиларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, ғолиблик нашидасидан кўкси осмон. Шундай озод ва обод юрт фарзанди эканлигидан фахрланиб сўзлайди.

Ҳа, осмони мусаффо, замини беғубор юртга байрамлар ярашади. Ғолиб ўқувчилар ва уларнинг устозларини бахтимиз қомусининг 20 йиллиги билан қизғин муборакбод этиб, ўқиш ва ишларида зафарлар тиладик.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: