СИЛГА ЧАЛИНГАН БЕМОРЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛАР


“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси,

IX боб, 40-модда.


Кейинги йилларда Ўзбекистонда ОИТС касаллигининг олдини олиш ва даво чоралари бўйича салмоқли натижалар қўлга киритилди.

БМТнинг Мингйиллик тараққиёт декларациясига аъзо бўлган юртимиз ўз олдига қўйган мажбуриятлардан бири сифатида ОИВ ва сил тарқалишининг олдини олиш вазифасини қўйган ва 2015 йилга қадар касаллик тарқалишини тўхтатиш бўйича сезиларли натижаларга эрилиши кўзда тутилмоқда.

Мамлакатда, шунингдек, “Одам иммунитет танқислиги вируси билан касалланишнинг олдини олиш тўғрисида”, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилиниб ҳаётга кенг тадбиқ этилмоқда.

Мисол учун биргина сил касаллигига чалинган беморларга давлатимиз томонидан алоҳида ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Масалан, бу тоифа беморлар давлат даволаш-профилактика муассасаларида (махсус диспансерларда) бепул даволанишади. Стационар даволаниш жараёнида улар озиқ-овқат тўловларидан ҳам озод этилади. Амбулатория тартибида даволанишда яшаш жойларидаги дорихоналар орқали асосий дори-дармонларни давлат ҳисобидан бепул олиш имтиёзларига ҳам эга.

Бундан ташқари, сил хасталигига чалинган беморлар учун қуйидаги имтиёзлар белгиланган:

Касаллик оқибатида меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотган шахсларнинг иш жойи, эгаллаб турган лавозими белгиланган тартибда сақланиб туради ҳамда беморларга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади.

Бемор шахсларнинг болалари ихтисослаштирилган мактабгача тарбия муассасаларига, мактаблар, интернатлар ва соғломлаштириш сиҳатгоҳларига навбатдан ташқари қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланадилар.

Сил касаллигига қарши кураш муассасаси ёки сиҳатгоҳида даволанаётган болаларга умумий ўрта таълим дастури бўйича ўқиш имконияти яратилади.

Хасталикка чалинган ва шу туфайли ногирон деб топилган болаларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари) сил касаллигига қарши кураш муассасасида болалари билан бирга бўлиш ҳуқуқига эга.

Сил касаллигига қарши кураш муассасаларига маслаҳат олиш ва даволаниш учун чақирилаётган ёки юборилаётган беморлар бепул даволаниш ҳуқуқига эга.

Шу ўринда 2011 йилнинг 5 мартида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 62-сонли қарори қабул қилинганини қайд этиш жоиз. Ушбу қарор сил касаллиги профилактикаси ва уни даволаш ишларини янада такомиллаштириш, сил касаллигига қарши хизматнинг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, сил касаллигига қарши кураш муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги салмоқли қадам бўлди.

Яна ўқинг:  ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ АСОСИ

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: