ШОШИЛИНЧ ТИББИЙ ЁРДАМ: БЕМОР ҲАЁТИ УЧУН МУҲИМ АСОС

Халқимизда “Иссиқ жоннинг иситмаси бўлади”, деган гап бор. Кутилмаганда тобимиз қочиб қолса ёки бирор кўнгилсизлик рўй бериб, жароҳат олсак, албатта, энг аввал шифокорларга – тез тиббий ёрдам ходимларига мурожаат қиламиз. Уларнинг саъй-ҳаракати билан минглаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинади, оғир асоратларнинг олди олинади.

ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМГА ҚАЧОН АСОС СОЛИНГАН?

Манбаларда келтирилишича, тез тиббий ёрдам хизматининг юзага келишига 1881 йилнинг 8 декабрида Вена комик опера театрида юз берган кучли ёнғин сабаб бўлган экан. Бу офат натижасида 479 киши ҳаётдан кўз юмган. Ўша вақтда Венада бир қанча тиббий клиникалар бўлишига қарамай, ярадорларга ўз вақтида ёрдам кўрсатишнинг имкони бўлмаган.

Машъум ҳодисани ўз кўзи билан кўрган профессор-жарроҳ Яромир Мунди жабрдийдаларга ёрдам бера олмаганидан қаттиқ изтиробга тушган ва эртаси куниёқ кўнгилли қутқарув жамиятини тузишга киришган. Ўша даврнинг бадавлат кишиларидан бири граф Ганс Гильчек ушбу ташкилотга 100 минг гульден миқдорида маблағ ажратади. Жамият ўша йилнинг ўзида икки минг нафардан ортиқ беморга тиббий хизмат кўрсатган ва тез орада Вена университетининг бир гуруҳ кўнгилли талабаларини ўз сафида жамлаган. Кўп ўтмай ана шундай жамиятлар Берлин, Лондон, Париж сингари Европанинг йирик шаҳарларида иш бошлаган.

“ОЛТИН СОАТ”НИНГ АҲАМИЯТИ

Биринчи тиббий ёрдамнинг инсон учун аҳамияти жуда юқори. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларида қайд этилишича, ҳар йили ер юзидаги йўл-транспорт ҳодисалари, ёнғинлар, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар ва фавқулоддаги жароҳат олган одамларнинг 10 фоизи вафот этади, 15 фоизи эса ногирон бўлиб қолади.

– “Шошилинч тиббий ёрдам” тизимида фаолият юритувчи тиббий ходимларда “олтин соат” деган ибора бор, – дейди Миришкор тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли “Шошилинч тиббий ёрдам” бўлими бошлиғи Қаҳрамон Имомов. – Бунинг маъноси шуки, оғир жароҳат олган киши биринчи соатдаёқ шифохонага етказилса ёки тез тиббий ёрдам кўрсатилса, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имконияти анча юқори бўлади. Қолаверса, жароҳатлардан турли асоратлар қолиши сезиларли даражада камаяди.

Халқаро андозаларга кўра, тез тиббий ёрдам хизмати фавқулодда ҳолатлар ва бахтсиз ҳодисалар вақтида 15-30 дақиқада, сурункали хасталиклар хуруж қилганда ва ҳарорати ошган беморларга 30 дақиқадан 1 соатгача бўлган вақтда етиб бориши белгиланган. Аҳамиятлиси республикамизда фаолият юритаётган “Шошилинч тиббий ёрдам” хизматининг бундай андозалар даражасида хизмат кўрсатиши учун барча имкониятлар яратилган.

Яна ўқинг:  “OILAM – QUTLUG' BOG'IM” TANLOVIGA

БИР ЙИЛДА ЯРИМ МИЛЛИОН КИШИ…

Мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт тизимида ҳам изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинаяпти. Юртбошимиз ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимининг миллий модели яратилди ва унинг юксак самараси дунё ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлди.

Президентимизнинг 2009 йил 21 майдаги “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

– Бугунги кунда Қашқадарё вилояти аҳолисига 266 нафар шифокор ва минг нафардан зиёд ҳамширадан иборат 118та “Шошилинч тиббий ёрдам” бригадаси хизмат кўрсатаяпти, – дейди Республика “Шошилинч тиббий ёрдам” илмий маркази вилоят филиали бош шифокори Сайфулла Маҳматмўминов. – Бундан ташқари ушбу тизмига вилоятда 156 та махсус тиббий машина жалб этилган. Биргина ўтган йилнинг ўзида воҳамизда 477 мингтадан зиёд чақирув бажарилиб, 500 минг нафардан ортиқ кишига тиббий ёрдам кўрсатилди.

“Шошилинч тиббий ёрдам” хизмати ходимлари фаолиятини баҳолаш мақсадида ҳар йили республика миқёсида танловлар ўтказиб келинмоқда. Ғолиблар рағбатлантирилмоқда. Унда вилоятимиз вакиллари ҳам юқори ўринларни эгаллаб келишаяпти. Масалан, Ғузор тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли “Шошилинч тиббий ёрдам” бўлимида фаолият юритувчи шифокор Рустам Очилов ҳам ана шу беллашувлар ғолиби бўлган.

Биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш фақат шифокорларининг вазифаси эмас, балки ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Шунинг учун бу борада билим ва кўникмага эга бўлиш, шунингдек, доимо уни ошириб бориш лозим. Ахир кимгадир нафингиз тегса, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолсангиз, бу улкан савоб-ку, тўғрими, азизлар?!

Абдураззоқ МУРОДОВ,

Қашқадарё вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: