Ёрқинойнинг ойдин йўли

“Қадамидан ўт чақнайди” деган ибора айнан Ёрқиной Жумановага атаб айтилган десак муболаға эмас. Зеро, Шаҳрисабзнинг Темирчи қишлоғидаги 30-умумтаълим мактабида ўқиб юрган кезларида тез югуриш бўйича ҳеч ким унга тенг келолмасди. Доимий ҳаракат ва соғлом турмуш тарзи билан ошно бўлган Ёрқиной келажакда ҳам ҳаётини спорт билан боғлашини тасаввур қилмасди. Боиси, отаси қиз боладан спортчи чиқишига “тиш тирноғи” билан қарши эди. Шу сабабдан келажакдаги режаларида спортга ўрин йўқдек туюларди унга. Аммо, улар таҳсил оладиган мактабга Ўғилой Мирзахонова жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб келгандан сўнг буларнинг барчаси ижобий тарафга ўзгара бошлади.

Унинг мураббийлигида мактаблараро ўтказилган кросс мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган 8-синф ўқувчиси Ё.Жуманова тезлик кўрсаткичини ҳам яхшилаб борди.

– Ёрқиной, қизим, спорт саломатлик кафолати бўлибгина қолмай, ўз иқтидорингни намоён этиш учун катта имконият ҳамдир. Қобилиятинг билан эса катта зафарларни қўлга киритишинг мумкин. Бунинг учун мунтазам шуғулланиш ва қилаётган ишингни севиш керак бўлади, – деди Ўғилой опа Ёрқинойни ғалаба билан табриклаб.

Бу сўзлардан руҳланган Ёрқинойнинг кўнглида спортчи бўлиш орзуси куртак ёза бошлади. Бироқ, мактабни битириб отасига мақсадини баён қилган қиз қатъий рад жавобини олди.

– Ўзингга ярашадиган касб танла. Спорт билан шуғулланиш қизларнинг иши эмас.

Ота сўзини икки қила олмаган Ёрқиной шу билан педагогика коллежига ўқишга кирди. Коллежни битиргач, ўзи таълим олган мактабида ўқитувчи бўлиб иш бошлади.

Орадан ўтган вақт давомида бир он бўлсада Ёрқинойнинг спортга бўлган меҳри пасаймади. Аксинча борган сари иштиёқи ортиб бораверди. Шу боис устозлари билан маслаҳатлашиб мактабда спорт тўгараги ташкил қилди.

Аввалига тўгаракка болаларни жалб этиш бироз қийин кечди. Асосан қизлар билан иш бошлаган мураббия кейинчалик ўғил болаларни ҳам ўз тўгарагига қабул қила бошлади. Тумандаги кўплаб мактабларда бўлиб, ташвиқот-тарғибот ишларини олиб борди. Ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш йўлида ўз меҳнатларини аямади.

Бу эса аста-секин ўз самарасини бера бошлади. Тўгарак аъзоларининг бирин-кетин туман ҳамда вилоят миқёсида ғолибликни қўлга киритаётганларини эшитган ота-оналар ҳам ўз фарзандларининг спорт билан шуғулланишлари учун Ёрқиной Жуманова мураббийлигидаги спорт тўгарагига олиб келишди.

Яна ўқинг:  Зулуклар – табиатнинг табиий мўъжизаси

Истиқлол инъом этган имкониятлар туфайли амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ кўплаб соҳалардаги иқтидорли йигит-қизларимиз учун талай имкониятлар яратилди. Хусусан, спортга, айниқса, болалар спортига катта эътибор қаратилмоқда. Замонавий спорт иншоотларининг барпо этилиши, мавжудларининг тўлиқ реконструкциядан чиқарилиб, замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланаётгани бу соҳада қўлга киритилаётган ютуқларнинг ҳам салмоғини оширмоқда.

2008-2010 йилларда “Камолот маликалари” спорт мусобақасининг республика босқичида спорт мактаби тарбияланувчиси Ўғилой Раҳмонова ғолиб бўлди. Бу эса Ёрқинойга қўшимча иштиёқ ва эртанги кунига ишонч бағишлади.

Шогирдлари билан биргаликда мунтазам машқлар бажариши натижасида Ёрқинойнинг югуриш бўйича тажрибаси ошиб борди.

– Спортда ва ҳаётда қўлга киритган ютуқларимда шубҳасизки устозимнинг ўрни беқиёс, – дейди енгил атлетика бўйича Осиё чемпиони Азизбек Самадов. – Мусобақалар давомида юз берадиган ҳар қандай вазиятда ҳам ўз хотиржамлигини сақлаб қолиши ва тўғри йўл-йўриқ кўрсатиши билан устозим шогирдларини ғалабалар сари етаклаб боради. Машғулотлар давомида биз билан баравар шуғулланиши эса ўзимизга бўлган ишонч ва масъулият ҳиссини ошириб, фақат ғалаба руҳи билан баҳсларга киришишга ундайди.

Бугунги кунда Зиёда Умирова, Маржона Абдураҳмонова, Мадина Умарова, Азизбек Самадов сингари шогирдлари айни вақтда устоз ўгитларига амал қилиб кўплаб муваффақиятларга эришиб келмоқда.

– Спорт саломатлик гарови бўлиши билан бирга энг самарали тарбия воситаси ҳамдир, – дейди Ёрқиной Жуманова. – Шунинг учун ҳам болалар ва ўсмирлар, оила ва маҳалла спортига, хотин-қизлар спортига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, аёл мураббийларнинг сафини кенгайтириш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўлида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси мустақиллигимиз шарофатидан деб биламан. Ҳар бир кишига меҳнат қилиши учун барча имконият яратилган.

Спортга нафақат меҳрини, қалб қўрини ҳам бағишлаган Ёрқиной бугунги кунда шогирдлар меҳрини қозонган. Ўзи суйган касбидан саодатга эришиш бахти насиб этган қаҳрамонимизнинг ҳаракатларини кўрган одам борки унинг ғайратига, шижоатига тан беради. Спорт билан шуғуллантириш баробарида шогирдларига мустақилликнинг нақадар улуғ инъом эканини тушунтиришда ҳам фаоллик кўрсатиб келаётган мураббийларимизнинг келгуси фаолиятларида ҳам зафарлар ёр бўлиши шубҳасиз.

Фарҳод ТОЛИПОВ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: