Маҳалла билан сирлашиб

Қатъиятли, дадил, ёши улуғ бўлса ҳам ҳаракатчан, ўз ишига пухта, тўғрисўз бу онахонни маҳаллада ҳамма танийди. У бутун вужудини, фикри-ўйини, оромини шу эл орзу-умидлари, интилишлари рўёбига камарбаста қилаётган аёл. Ўзини маҳалла деб аталмиш гўшага бағишлаб, ана шу гўшани тинч-осойишта, озода ва гўзал заминнинг ибратли бир бўлагига айлантириш учун бутун куч-ғайратини сарфлаётган онахон.

Тошкентнинг Юнусобод даҳасидаги “Ўзбекистон Мустақиллиги” деб аталмиш маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида фаолият юритаётган Бўстон опа Муҳаммеджанова билан учрашиб, маҳалланинг фаоллари билан суҳбатлашиб хаёлимиздан ана шундай фикрлар ўтди. Маслаҳатчи бўлиш учун аввало ўзи, оиласи, келини, фарзандлари ва невара-чеваралари – ҳамма-ҳаммаси ибратли бўлиши керак.

Бўстон опа фолиятини ана шу ўлчамлар билан сарҳисоб қилинганда, ишонч билан айтиш мумкинки, унинг ўзи ва оиласи барчага намуна бўла олади. Катта ўғли Баҳром ўз касбини пухта эгаллаган, ўта саводли ва талабчан банк ходими, катта қизи Гулора ҳуқуқ-тартиботни, иш юритишни, таржимонликни пухта эгаллаган масъулиятли ходима, Зилола инглиз тилини мукаммал билувчи устоз, келини Дурдона камгап, озодаликни шиор қилиб олган, тартибли оилапарвар, сариштали аёл. Неваралар – Бекзод, Ҳасан ва Ҳусанлар академик-лицей ҳамда пойтахтдаги 97-мактабнинг аълочи ўқувчилари. Бу оилада ҳамма ишлайди ва ўқийди. Фақат билим ва ўқиш билан кўзланган мақсадга эришиш мумкинлигини 70 ёшга кираётган бўлса ҳам тиниб-тинчимайдиган Бўстон опанинг оиласи фаолияти мисолида яққол кўриш мумкин. Аслида бу оиланинг ана шундай шаклланишида марҳум Ҳабибулла отанинг ҳам муносиб ҳиссаси, ўзига хос улуши бор.

– Бизнинг маҳалла фахрли “Ўзбекистон мустақиллиги” номи билан аталади. Шу сабабли бу гўшада яшаётган барча – кичик болакайдан тортиб, улуғ инсонларгача, ҳамма ана шу номга муносиб бўлишга интилмоқда. Биз маҳалламиз фуқаролар йиғини раисаси Мавлуда Ҳакимова, хотин-қизлар қўмитаси раисаси Малика Толипова, посбон Нажмиддин Эшмирзаев ва фаоллар билан биргаликда маҳалламизни намунали гўшага айлантириш учун тинмай ҳаракат қилмоқдамиз.

Маҳалла оқсоқоли ва фаолларимизнинг режалари катта. Улар шу йил охиригача маҳалламизнинг кираверишига гўзал бир дарвоза барпо қилиш ниятида. “Энг ибратли турар-жой”, “Энг гўзал ва озода йўлак”, “Намунали оила” сингари кўрик-танловлар ўтказиб, маҳалланинг ҳар томонлама мукаммал гўшага айлантириш учун курашмоқдамиз. Бу маҳалла – болажон маҳалла. Шу заминдаги турар-жойларнинг ҳар бир хонадонида камида 2-3 тадан, айримларида 5-6 тадан ўғил-қиз бор. Кекса-ю ёшнинг, болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё этилган. Маҳалладаги спорт майдончасида аҳоли футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат-шашка билан шуғулланади. Болалар ўйингоҳида эса жажжилар мириқиб ўйнашлари учун ўзларига мос анжомлар ўрнатилган.

Яна ўқинг:  Табиат қўйнидаги сайр иммунитетни кўтаради

Маҳаллада нафақат пойтахтда, балки республикамизда ҳам танилган инсонлар истиқомат қилишади. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, республика Бадиий академиясининг академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, ҳайкалтарош Илҳом Жабборов, филология фанлари доктори, профессор Эркин Худойбердиев, “Эл-юрт ҳурмати” ордени совриндори Эгамназар Қодиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Жаббор Раззоқов ва Сафар Остоновлар… Бундай инсонлар маҳаллада ўнлаб. Уларнинг ҳар бири ўзига хос мактаб яратган устозлар, мураббийлар.

Бу йил – Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан бир неча тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган. “Ватан ҳимоячилари куни” ва “Наврўз” умумҳалқ байрамлари муносабати билан “давра суҳбатлари” ва учрашувлар ўтказилди, дастурхон ёзилиб, ошлар тортилди. Кам таъминланган оилаларга, ёлғиз кексаларга ҳомийлар бириктирилиб, моддий ёрдам кўрсатилмоқда.

Биз Ўзбекистонимиздек – гўзал Ватанимиз ичидаги кичик ватан – “Ўзбекистон мустақиллиги” маҳалласи ва унинг фидойи инсонлари тимсолида, маслаҳатчи Бўстон ая Мухамеджанованинг серқирра, серташвиш фаолияти ҳақида қисқача ҳикоя қилдик. Бу инсонларнинг ҳам қувончли, ҳам ташвишли ишлари ҳақида каттагина китоб ёзса арзийди.

Феруза РАЗЗОҚОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: