Тулпор минган баҳодир

Тоғ ёнбағирлари баҳор нафасидан ҳали ранг олишга улгурмасиданоқ, бу ерларни отларнинг дупури-ю, тойларнинг кишнаши тутади. Юртга берилган кўпкарини эл қутлагани йиғилади. Қишлоқнинг кайвонисидан тортиб, энг кенжа вакилигача кенгликларда жам бўлиб, ўйинни томоша қилишга шайланади.

Улоққа ҳеч бир чавандоз таклиф этилмайди. Элга берилган тўйдан хабар топгач, узоқ-яқиндан чопағонлар чопқир улови билан келаверади. Чавандозни борар йўлининг қийинчилиги-ю, кўпкарини ким бераётгани қизиқтирмайди. Унга шу улоқда иштирок этиш завқи, муросасиз олишувлардан сўнг номи, уловининг чопқирлиги эътироф этилиши муҳимроқ.

Зангиоталик Мурод ҳожи отанинг чавандозликка бўлган иштиёқи, отларга бўлган ҳаваси болалик пайтларида ана шундай завқли томошаларни кузатиб уйғонган бўлса, ажаб эмас. Кейинчалик, у отларга меҳр қўйиб, бутун умрини тулпорларни парваришлашга бағишлади. Элнинг ғурури, йигитнинг ори бўлган отларнинг сара наслларини кўпайтириб, моҳир чавандозларни тарбиялади.

Отани сўзга тутар эканмиз, тулпорларнинг минг бир хислатлари ҳақида сўз бошлайди:

 

Отлар – Яратганнинг инояти. У ўзи қўним топган хонадонга барака, ризқ-рўз тилайди. Шунинг учун қадимда бу жониворларга оиланинг давлати, дея қаралган.

 

Отнинг бел тузилиши, олди ва жағ тишлари орасида жиловни солишга мос бўшлиқ борлигининг ўзи бир мўъжиза. Қолаверса, мунтазам от миниш умуртқа тизимига ижобий таъсир этади.

Кўнгилдаги эзгу ният, чин ихлос ва қобилият қон орқали авлодларга ўтади, дейишади. Мурод ота ҳам 5 нафар ўғлини чавандоз бўлишга мажбурламади. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деганларидек, болалар ҳам ота изидан бориб, кўпкарининг, чин ихлосмандига айланишди. Вақт ўтиб, улар моҳир чавандоз бўлиб етишишди. Бугун юртда бўладиган ҳеч бир кўпкари, улоқ Мурод отанинг ўғиллари – Олимжон, Одилжон, Орифонжон, Ҳасанжон ва Ҳусанжонлар иштирокисиз ўтмайди. Улар ҳар бир пойгада ғолиб чавандозлар сафидан жой олади. Отанинг ўғилларидан бири Одилжон халқаро турнир ғолиби, республика чемпиони саналади.

– Чопағон ва тулпор йиллар давомида тобланади, – дейди Мурод ота. – Кўпкари учун отлар махсус табла (ҳеч ким кўрмайдиган ер)да боқилади. Бундай отларга арпа ва гулбеда берилади. Арпа миқдори кун сайин кўпайтириб борилади. Отлар маълум муддат боқилгач, вақти-вақти билан улоқ чоптириб, совутиб турилган. Улоқчи отлар асосан қорабайир, араби ва тўриқ зотли отлардан танланган.

Яна ўқинг:  ЁШЛАР – ЮРТ ТАЯНЧИ

Айтишларича, қадим замонларда бир овулга кўк бўри оралайди. Аҳолининг қўй, эчки, молларини бўғизлаб, кўп зиён етказади. Одамлар бўридан қандай қутилиш йўлларини излай бошлайди. Шунда оқсоқол овулнинг орини оладиган, мард йигитларни тўплаб, кимда ким бўрини ўлдириб, жасадини овулга олиб келса, шу ботир йигит кишлоқнинг энг сулув қизига уйланишини айтади. Шундан сўнг йигитлардан бири тонг саҳарда бўрининг жасадини овулнинг бошига олиб келиб ташлайди. Одамлар уйқудан уйғонгач, баҳайбат йиртқичнинг жасадини кўришади ва йигитлар ўлжани тортқилашиб, “кўк бўри”, “кўк бўри”, дея от чоптиришади. Шундан кейин “Кўк бўри” сўзи халқ орасида “Кўпкари” атамасига айланиб кетган экан.

Афсоналар нечоғли ҳақиқатга яқинлиги бу – муҳим эмас. Асосийси, кўпкари ўйини миллат эр йигитларини тарбиялашга хизмат қилувчи, уларни ор-номус учун курашишга ундайдиган синов майдонидир.

Ушбу қадимий ўйин маълум қонун-қоидалардан иборат. Улоқни майдондан олиб чиқиш ғолиблик саналади. Лекин бундай талотўпдан ўлжани ажратиб олишнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун яхши от, чавандознинг билак кучи ва улкан тажрибаси бўлиши лозим. Ўйин бошланишидан олдин улоқнинг чин ихлосмандлари майдонга чорланади. Юртимизнинг айрим ҳудудларида улоқ тақимга эмас, тўғридан-тўғри эгар қошига олинади. Жанубий вилоятларда бу услуб ғирром саналиб, тақимга босиб олиб чиқилган улоққина ҳалол, дейилади. Аслида гап ғирромликда эмас, услубий ранг-барангликдадир. Соврин эса ғолибни рағбатлантиришга хизмат қилувчи қадимий анъана саналади. Улоқда кимгадир буюм, кимгадир жонлиқ тегади. Аммо, чавандознинг орияти учун кечган беллашув энг муҳими саналади. Улоққа завқ ва жозиба бағишловчи яна бир жиҳат, унинг бетизгин шавқидир. Ўйинга сакрайдиган, тепадиган отлар киритилмайди. Шунингдек, беллашув чоғида рақиб отининг жиловидан тортиш, унга қамчи ниқташ мумкин эмас. Баҳсни кузатиб борадиган ҳакам бўлмайди. Шу боис, беллашув чавандозларнинг ҳалол ўйинига бевосита боғлиқ. Кўпкари соатлаб, баъзан кунлаб давом этиши мумкин. Улоқда отбоқарлар тулпорини, чавандозлар эса ўзини синовдан ўтказади. Улар беллашувда ўз хато ва камчиликларини тузатиб, тажрибаларини ошира борадилар. Ҳар мусобақада янги-янги чавандозлар ҳамда отлар кашф этилади. Энг муҳими, ҳар бир кўпкари халқ хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади.

Мурод ота бу ҳақида ўйлар экан, ўғиллари ана шу сифатлар билан камол топаётганидан беҳад севинади. Яратганга шукроналар айтади…

Яна ўқинг:  Ранглар билан тиллашиб...

 
 

Маърифат ТОЛИПОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: