Алимент тўлаш мажбурийми?

Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шундай бўлса-да, бола тарбиясидаги энг катта масъулият ва саъй-ҳаракатларнинг асосий қисми уларнинг ота-оналари зиммасига тўғри келади. Улар ўз фарзандларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти тўғрисида, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя этилиши ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Шунингдек, мазкур моддада давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ҳамда ўқитишни таъминлайди, деб кўрсатилган бўлиб, қонун нормаси мазмунидан ота-она зиммасидаги вазифа мажбурий характерга эга экани англанади.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96-моддасига мувофиқ ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Буни ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Қонунчиликда давлат томонидан амалга ошириладиган ижтимоий таъминот борасидаги ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларга “нафақа” сўзи ишлатилади. Алимент мажбуриятлари эса фақат оила аъзолари ўртасида, яъни оилавий-ҳуқуқий муносабатлардан вужудга келади.

Оила кодексининг 98-моддасига биноан ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартибини ўзаро келишган ҳолда белгилашга ҳақлидир. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш учун алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув (алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби) алимент тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчи ўртасида тузилади. Агар алимент олувчи муомалага лаёқатсиз бўлса, келишув унинг қонуний вакили билан тузилади. Оила кодексининг 131-моддасига мувофиқ алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёзма шаклда тузилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши лозим. Акс ҳолда келишув ҳақиқий ҳисобланмайди.

Нотариал тартибда тасдиқланган бу келишув ижро варақаси кучига эга бўлади ва мажбурий ижро этилади.

Оила кодексининг 132-моддасига кўра алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Бу ҳам ёзма равишда амалга оширилиб, нотариал тартибда тасдиқланиши зарур.

Алимент тўлаш тўғрисидаги келишувнинг бажарилишини бир тарафлама рад қилишга ёки унинг шартларини бир тарафлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Яна ўқинг:  Ёрқинойнинг ойдин йўли

Оила кодексининг 135-моддасида ихтиёрий алимент тўлаш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра алимент тўлаётган шахс алиментни ихтиёрий равишда шахсан ёки ўз аризасига кўра ишлаб турган жойида ёхуд пенсия, нафақа, стипендия ва бошқа турдаги маблағ олаётган жойида тўлайди.

Алиментнинг ихтиёрий равишда тўлаб турилиши алимент олувчини алимент ундириш ҳақидаги даъво ёки ариза билан хоҳлаган вақтда судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Оила кодексининг 136-моддасига мувофиқ, алимент олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс, алимент талаб қилиш ҳуқуқи вужудга келганидан сўнг қанча муддат ўтганидан қатъи назар, хоҳлаган вақтда алимент ундириш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Мазкур шахс низо бўлмаган тақдирда, вояга етмаган болалар учун алимент ундириш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли бўлиб, бу ариза буйруқ тартибида иш юритиш тарзида кўриб чиқилади.

Алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб ундирилади.

Агар таъминот учун маблағ олиш чоралари судга мурожаат қилингунга қадар кўрилгани, аммо алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг уни тўлашдан бош тортганлиги оқибатида алимент олинмагани суд томонидан аниқланса, ўтган давр учун алимент судга мурожаат этилган пайтдан бошлаб уч йиллик муддат доирасида ундириб олиниши мумкин.

Бола оғир шикастланиши, касал бўлиши ва шунга ўхшаш ҳолатлар юз берганда, унинг таъминоти учун қўшимча харажатлар юзага келиши мумкин. Ота-она бундай қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.

Агар алимент тўловчи қўшимча харажатдан бош тортса, суд унинг оилавий ва моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Агар вояга етмаган бола давлат ёки нодавлат муассасаларнинг тўлиқ таъминотида бўлса суд алимент тўлаётган ота (она)нинг моддий аҳволини ҳисобга олиб, тўланаётган алимент миқдорини камайтириши ёки бутунлай озод қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Бундан ташқари алимент тўлаётган ота (она) ногирон бўлиб, моддий томондан қийналиб қолса ёки алимент олаётган томон мустақил даромадга эга бўлган тақдирда ҳам суд алимент миқдорини камайтириши мумкин. Шуни ёдда тутиш шартки, алимент миқдорини камайтириш ёхуд алимент тўлашдан озод қилишга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгандан сўнг манфаатдор томон қонунда кўрсатилган миқдорда яна алимент ундиришни талаб қилиб судга мурожаат этишга ҳақли ҳисобланади.

Яна ўқинг:  Тинчлик куйин куйлаётган фавворалар

Дилноза АДИЛОВА,

адвокат

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: