Кўз илғамас хасталик деб ўйламанг

ёки аллергенларнинг зарарли оқибатлари ҳақида

Сир эмаски кейинги йилларда нафақат бизнинг диёримизда балки бутун дунё миқёсида аллергик касалликлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Ҳозирда дунё миқёсида аллергик касалликлар дарднинг энг кўп тарқалган тури бўлиб қолмоқда. Шу боис бугунги кунда аллергология фанига эътибор ортиб бормоқда. Қуйида биз Республика илмий ихтисослашган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Озодбек Назаровга ўзимизни қизиқтирган бир неча саволлар билан мурожаат этдик.

– Аллергик хасталикларнинг келиб чиқиш сабаблари хусусида маълумот берсангиз.

– Аллергия юнонча “аллос” – бегона, “эргос” – таъсир сўзларидан келиб чиққан бўлиб, у организмнинг бегона ёт моддаларга ўзгача таъсир қилиш хусусиятини англатади. Ана шу бегона моддаларни биз тиббий ибора билан аллергенлар деб атаймиз. Аллергенларнинг бир қанча турлари мавжуд бўлиб улардан энг асосийлари:

Озиқ-овқат аллергенлари, дори аллергенлари, уй-рўзғор аллергенлари, ўсимлик гуллари чанги келтириб чиқарадиган аллергенлар, эпидермал ва инсект аллергенларни санаб ўтишимиз мумкин. Бу аллергенларнинг инсон организмига ўзига хос таъсири мавжуд. Жумладан, озиқ-овқат аллергенларига цитрус мевалар, шоколад, кофе, асал, ёнғоқ, қовун, тарвуз, балиқ, қулупнай, шафтоли, сут, тухум, товуқ гўшти, от гўшти, дуккакли маҳсулотлар, спиртли ва турли сунъий бўёқли ичимликларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин.

Дори аллергенларига эса энг кўп аллергик хасталик чақирувчи дори воситалари анальгин, аспирин, пенициллин, В гуруҳи витаминлари, сульфаниламид гуруҳи препаратларини кўрсатиб ўтишимиз мумкин.

Уй – рўзғор аллергенлари қаторига маиший аллергенлар – уй чанги, кутубхона чанги, ёстиқларга солинган парранда патлари чанглари сингари аллергенларни мисол келтирамиз.

Ўсимлик гуллари чангини тарқатувчи ўсимликлардан эрмон, бурган, шўра, шувоқ, терак, айниқса, оқ терак, заранг дарахти, мажнунтол, бошоқлилардан буғдой, арпа, сули ва бошқаларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин.

Эпидермал аллергенларга эса уй ҳайвонлари жунлари ва қазғоқлари киради. Уларга ит, мушук, қўй, от ва бошқа жунли ҳайвонларни кўрсатиб ўтамиз.

Инсект аллергенларга эса арилар (сариқ ари, қовоқ ари, асалари)нинг заҳри, чивинлар, сувараклар ҳамда бошқа ҳашаротларнинг устки қобиғи қолдиқлари киради.

– Ушбу касалликлар насл сурадими?

– Аллергиянинг насл суриши ҳақида ягона фикр мавжуд эмас. Фанда насл суришнинг турли шакллари, яъни аутосом-рецессив (яширин) ва аутосом-доминант, полиген каби йўллари тасвирлаб берилган. Айни пайтда полиген насл суриш кўпроқ деб ҳисобланади. Янада оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак аллергик касалликларни кучли хуруж даврида бемор аёллар ҳомиладорликдан вақтинча сақланиб турганлари маъқул.

Яна ўқинг:  Билганимиз ҳақида билмаганимиз

– Она сути билан эмизиб боқиш аллергенларга қарши курашда қандай аҳамиятга эга?

– Она сути билан эмизиб боқилган болаларда аллергик хасталиклар кам учраши фанда исботланган. Она сутининг таркибида аллергик хасталикларни ривожланиб кетишига қарши омиллар бор. Ҳозирги вақтда кўпчилик ёш оналар боласини тезда кўкрак сутидан чиқариб, сунъий сутли аралашмалар билан озиқлантиришга ўтказиб юбормоқда. Гўдак болани турли хил сунъий, таркибида кимёвий моддалар бўлган озиқ-овқатлар билан овқатлантириш ўз-ўзидан мурғак бола организмида турли хил кўринишдаги аллергик хасталикларни келиб чиқишига ва уларни авж олишига сабабчи бўлмоқда.

– Чилла яра (диатез) га мойиллиги бор гўдакларни нотўғри овқатлантириш, яъни парҳезга амал қилмасликнинг салбий оқибатлари ҳақида нималар дея оласиз?

– Юқоридаги фикримиздан келиб чиққан ҳолда болаларда диатез хасталиги мавжуд бемор болаларни нотўғри овқатлантириш ушбу касалликнинг оғир тури бўлган атопик дерматит хасталигини келтириб чиқариши мумкин. Диатез хасталигида боланинг фақат юзида тошмалар пайдо бўладиган бўлса, атопик дерматит хасталигида эса беморнинг бутун танасини айниқса, букулувчан аъзоларни тошмалар қамраб олади. Бу жараён кучли қичишиш билан кечади. Бола инжиқ бўлиб қолади. У овқат емай қўяди. Бу ҳолат ўз вақтида даволанмаса ички шиллиқ қаватларнинг зарарланиши, шунингдек, терини янада оғир яллиғланиши бўлган иккиламчи экземага олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам мана шу даврда гипоаллергик парҳезнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир.

Агар бола шу пайтда кўкрак сути билан боқилаётган бўлсаю, лекин болада юқоридаги ҳолат юзага келган бўлса у меъда-ичак тизимида онанинг ўзи то болани кўкракдан ажратгунга қадар албатта гипоаллергик (яъни, аллергик моддалар бўлмаган) парҳезга амал қилиши шарт.

– Кўпинча ота-оналар ёш болаларга турли сунъий бўёқли газли ичимликлар, маринадли, майонезли, дудланган озиқ-овқатлар, чой каби гўдакларга мумкин бўлмаган маҳсулотларни ҳам беришади. Тажрибали ва малакали мутахассис сифатида уларга ўз тавсияларингизни берсангиз.

– Юқорида айтиб ўтилган маҳсулотларни нафақат ёш болалар, балки аллергияга мойиллиги бор ҳар қандай ёшдаги инсонлар истеъмол қилмагани маъқул. Чунки, бу маҳсулотлар ҳазм жараёнини бузади ва ўзи ҳам турли хил кўринишдаги оғир аллергик хасталиклардан қаварчиқлар, аллергик дерматитлар, Квинке шишлари, бронхоспазм (бронхлар сиқилиши) ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин. Бундай шошилинч ҳолатларда агарда беморга тиббий муолажа ўз вақтида кўрсатилмаса, беморнинг аҳволи жуда оғирлашиб, у ҳатто нобуд бўлиши мумкин. Аллергик хасталикларни қўзғатувчи ва уларнинг авж олишига туртки берувчи ҳамда оғир оқибатларга олиб келувчи бундай озиқ-овқатларни беморнинг таомномасидан чиқариб ташлаш зарур.

Яна ўқинг:  Болалар ўртасида саратонга чалиниш ортиб бормоқда

– Ҳар фаслда қандай аллергик касалликлар кузатилади? Уларнинг олдини олишда қандай чора – тадбирлар қўллаш зарур?

– Баҳор фаслида ўсимликларни гуллаши сабабли уларнинг гули чангидан поллиноз ёки мавсумий аллергик ринит хасталиги келиб чиқади. Бу ҳолатни биз куз фаслида ҳам кўришимиз мумкин. Қишнинг совуқ кунларида нам ва зах жойларда яшайдиган беморларда замбуруғлар таъсирида келиб чиқувчи аллергик ринит ва бронхиал астма (зиққинафас) ривожланиши мумкин. Уй чанги, унинг таркибида бўладиган майда кўзга кўринмас каначалар, шунингдек, парранда момиғи, эски газета-журналлар, китоб чанги таъсиридан бронхиал астманинг атопик тури, аллергик ринитнинг доимий тури келиб чиқиши мумкин. Ушбу касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, яъни этиологик омилларига қараб беморларга керакли тавсиялар берилади. Аввало аллергик хасталикларни ҳар қандай турида биринчи галда беморлар гипоаллергик парҳезга риоя қилишлари зарур. Шунингдек, маиший аллергенларга айниқса, уй чанги, унинг таркибида бўлган каначаларга сезувчанлик ошганда беморлар албатта бурунларини тузли сувда чайишлари, ётоқхоналарни ҳам тузли сувда артишлари мақсадга мувофиқдир. Ўсимлик гуллари чангига сезувчанлик юқори бўлганда эрталаб уй деразаларини соат 10-11 га қадар очмаслик, машина ойналарини ҳам ёпиб юриш, кўзга нимқора кўзойнак тақиш, кучли шамолда сайр қилмаслик, уйга киргач эса енгил душ қабул қилиш лозим. Беморда аллергик хасталикнинг қандай тури бўлишидан қатъий назар ҳеч қачон ўзбилармонлик билан даволанмаслик зарур. Албатта шифокор-аллерголог билан бамаслаҳат даво муолажаларини олиб бориш керак.

– Аллергик хасталикларни халқ табобати усулида ҳам даволаса бўладими?

– Аллергик хасталикларда халқ табобати усулида даволанмаган маъқул. Чунки, айрим лицензияси йўқ сохта табибларнинг турли шифобахш ўт-ўланлардан ва гиёҳлардан тайёрланган ҳар хил дори-дармонларни нотўғри қўллаши, айниқса, қўлбола дори воситалари аллергик хасталикларни кучайтириб, беморнинг аҳволини оғирлаштириб қўйиши мумкин.

Аллергик хасталикларни кўз илғамас дард деб бефарқ бўлмай, бу хасталикка нисбатан панжа орасидан қарамасдан касаллик аломатлари бошланиши билан фақат мутахассис шифокор-аллерголог тавсияси билан даволаниш мақсадга мувофиқдир.

Гулчеҳра ШИРИНОВА суҳбатлашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: