Меҳр ва мурувват улашиб

“Саломатлик” поезди Навоий вилоятида бўлди

Юртимизда аҳоли турмуш тарзини яхшилаш борасида самарали ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан соғлом авлодни камол топтириш мақсадида самарали ишлар йўлга қўйилди. Қолаверса, боқувчисини йўқотган, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини таъминлаш мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Узоқ йиллардан буён юртимизнинг чекка ва олис ҳудудлари аҳолисини малакали тиббий хизмат билан қамраб олиш мақсадида фаолият юритиб келаётган “Саломатлик” поезди лойиҳаси фикримизнинг яққол исботидир.

Таъкидлаш жоиз, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ҳамкорлигида ташкиллаштирилган “Саломатлик” поезди бу гал Навоий вилоятида бўлди. Юртимизнинг ҳудудий жиҳатдан чекка ва экологик ноқулай жойларида истиқомат қилувчи аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида жорий йилнинг 23-31 март кунлари Тошкент – Тинчлик – Конимех – Мустақиллик – Бузоубой – Учқудуқ II – Тошкент йўналишида “Саломатлик” поезди сафарда бўлди.

“Саломатлик” поезди ҳам ушбу эзгу ишларнинг узвий давомидир. Тиббий кўрик ва инсонпарварлик ёрдамларини тарқатиш давомида 3 минг 445 нафар фуқарога ҳамда Навоий вилоятининг 50 та ташкилот ва муассасаларига 700 миллион сўмдан зиёд миқдоридаги озиқ-овқат, кийим-кечак, турли мавзудаги буклетлар, дори-дармон ҳамда санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдами кўрсатилди.

Ҳудудий жиҳатдан чекка ва экологик шароити ноқулай жойларда истиқомат қилувчи аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда ҳам замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувларни ўтказиш юртимизда инсон ва унинг манфаати энг олий қадрият эканидан далолат беради. Шу боис тиббий кўрик давомида аниқ лаборатория таҳлиллари ҳамда замонавий текширув усулларига таянган ҳолда ташхис қўйилади. Жумладан, ушбу “Саломатлик” поезди доирасида 2 минг 50 нафар фуқаро чуқур тиббий кўрикдан ўтказилиб, шифокорлар томонидан касаллик аниқланган беморларга соғломлаштириш юзасидан тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Мутахассислар томонидан замонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида текширувлар ўтказилиб, аниқ лаборатор таҳлилларга ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташхислар қўйилди. Жумладан, 606 нафар фуқаро ЭКГ текшируви, 644 нафар фуқарога 1 минг 175 та УТТ текшируви ҳамда 824 нафар фуқарога 2 минг 484 та лаборатория текширувлари (қон ва пешобнинг умумий таҳлили, суртмаларнинг таҳлили, эритроцит, лейкоцит, ЭЧТ текширувлари ва қондаги гемоглобин миқдори аниқланди) ўтказилди. Хусусан, айрим болаларда эндокрин тизими касалликлари (эндемик бўқоқ), камқонлик, аллергик хасталиклар ва моддалар алмашинувининг бузилиши (рахит) аниқланди.

Яна ўқинг:  Доимо ҳушёр, доимо огоҳ

“Саломатлик” поездида кўрик учун зарур бўлган барча асбоб-ускуналар мавжуд. Тиббий кўрик давомида катта ёшдаги фуқаролар ўртасида турли хасталиклар, яъни юрак-қон томир, асаб ва эндокрин, нафас олиш тизими, таянч ҳаракат тизими хасталиклари аниқланди. Бемор болалар ва ўсмирларга амбулатор шароитда, шунингдек, туман ва вилоят миқёсидаги шифохоналарда стационар даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Бу каби фуқаролар кўп йиллардан буён она ва бола саломатлигини муҳофаза қилаётган тиббиёт ходимларининг ёрдами ҳамда қўллаб-қувватлашларидан мамнун.

Тиббий кўрик “Ўзбекистон темир йўллари” ДАКнинг “Саломатлик” тиббий санитария ёрдам поезди шифокорлари, фонднинг Навоий вилоят ҳудудий филиали тиббий ижтимоий патронаж бригадаси мутахассислари ва Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси шифокорлари томонидан амалга оширилди.

Мурувват юкларининг биринчи манзили “Тинчлик” темир йўл бекати бўлди. У ерда Навоий шаҳри, Навбаҳор, Нурота, Кармана, Хатирчи, Қизилтепа туманлари аҳолисига инсонпарварлик ёрдамлари топширилди. Меҳр-мурувват “карвони”нинг дебочаси бўлмиш ушбу бекат Тинчлик қўрғони, Конимех, Томди, Учқудуқ туманлари ва Зарафшон шаҳрининг чекка ва олис манзилларига уланди.

Сафар давомида фонд вакиллари ва шифокорлар ҳамкорлигида Навоий шаҳридаги педагогика коллежи ўқувчилари билан аҳоли тиббий маданиятини шакллантириш, “Она ва бола” скрининги текширувларининг моҳиятини тушунтириш мақсадида давра суҳбати ўтказилди. Унда ўсмир қизлар учун “Эрта никоҳ қуришнинг салбий оқибатлари ҳақида биласизми?”, “Қариндошга қуда бўлманг” каби бир неча турдаги буклетлар тарқатилиб, ўзаро фикр алмашилди.

Шунингдек, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар, ногирон ва боқувчисини йўқотган кишиларга (500 нафар фуқарога) манзилли тарзда озиқ-овқат маҳсулотлари, уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ва санитария-гигиена воситаларидан иборат инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берилди. Шу билан бир қаторда фонднинг Навоий вилояти филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси орқали марказий ва болалар шифохоналари, туғруқ мажмуалари ҳамда болалар махсус мактаб-интернатларига хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

Дори-дармон, санитария-гигиена воситалари, тиббиёт жиҳозларидан иборат юклар темир йўл бекати тиббиёт пунктлари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, қишлоқ врачлик пунктлари, туман Тиббиёт бирлашмаларига қарашли марказлар ҳамда фонднинг таянч масканларига топширилди. Шунингдек, 30 та ногиронлик аравачаси ногиронлар ва боқувчисини йўқотган фуқароларга манзилли етказиб берилди.

Аббосжон ЭРГАШЕВ,

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди матбуот котиби,

Абдумутал Норбоев,

Яна ўқинг:  ЯХШИ САБОҚ булоққа ўхшайди

Навоий вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: