Кўрманага аталган бешиклар

Олганингиз олтин бўлсин! Илоҳим, сизлар ҳам мендек фарзандларингизнинг ҳузур-ҳаловатини кўриб юринглар, болаларим…

Мирзамаҳмуд ота фарзандлари даврасида ҳар доим ана шундай оқ фотиҳа беради.

Дуолар Оллоҳнинг қудрати ила ижобат бўлади, – дейди халқимиз.

Наманган вилояти Бешқўрғон қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келиб, суяги меҳнатда қотган Мирзамаҳмуд ота Саттибоев ёшликдан тиришқоқ, билимга чанқоқ, айниқса, тарихий қадриятларга қизиқувчан инсон. Қизиқиш ва интилишлари боис у Фарғона Давлат педагогика институтининг тарих факультетига ўқишга кирди. Институтни тугаллаб Бешқўрғон қишлоғидаги 22-умумтаълим мактабида тарих фанидан дарс бера бошлади. Педагоглик фаолияти мобайнида устозларидан ибрат олди, шогирдлар етиштирди. Бугунги кунда унинг ўқувчилари юртимизнинг турли бурчакларида эл-юрт корига яраб келмоқдалар.

Ҳаёт бамисоли дарёга ўхшайди. Ёш авлод таълим-тарбиясига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Мирзамаҳмуд ота Саттибоев 9 нафар фарзандини аёли Дилбархон ая (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) билан вояга етказди. Уларни олий маълумотли, касб-ҳунарли қилди.

– Биз бугун аждодларимиз орзу қилган дориломон кунларда фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз. Бунинг учун Юртбошимиздан, ҳукуматимиздан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди. Юртимизда кексаларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик бошқа ҳеч бир мамлакатда топилмаса керак. Бу йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили деб номланиши ҳам фикримга яққол далилдир – дейди шукроналик ила Мирзамаҳмуд ота.

“Ҳар ким экканини ўради”, – дейди доно халқимиз. Мирзамаҳмуд ота фарзандларини қандай тарбиялаб, меҳр берган бўлса, бугунги кунда улар отани ана шундай ардоқламоқда. Отанинг фарзандларидан бири қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритади, яна бири ҳуқуқшунос, уч нафари эса ота касбини эгаллаган педагоглардир.

Байрам ва таваллуд кунларида бобонинг қучоғи совға-саломга тўлиб кетади.

– Ота-онанинг меҳр-муҳаббатидан қимматли нарса йўқ, дунёда. Уларни эъзозлаш эса биз фарзандларнинг бурчимиздир. Чунки улар бизга шундай мустақил юртни, ойдин ва фаровон ҳаётни бахшида этишди. Бугун отамизнинг ўттизга яқин невара-чеваралари атрофида парвона, – дейди Мирзамаҳмуд отанинг қизи Замира Мирзаева.

Ҳа, кексалик шундай бир даврки, киши бирор меҳнат билан машғул бўлмаса, зерикиб қоларкан. Мирзамаҳмуд ота ҳам халқ табобатидан бироз хабардор ва ўз яқинларини табобат йўли билан даволашни билади.

Энг қизиғи, бобо нафақага чиқиш олдидан сўнгги марта пойтахтга малака оширишга келади ва бир касбдоши билан танишади. Кейин билса, у бўш вақтларида бешик ясаркан. Тарих ва миллий қадриятларга қизиққан ва унинг тубига етмай қўймайдиган Мирзамаҳмуд Саттиев таътилда ўша танишиникига бориб, унга шогирдликка тушади ва бешик ясашни мукаммал ўрганиб олади.

Яна ўқинг:  Тўрт минг ёшли атир

Ҳозирда Мирзамаҳмуд отанинг “ҳобби”сига айланган бешиксозлик унинг энг севган машғулоти ҳисобланади. Ҳайратланарлиси, ота бирор марта бу бешикларни сотган эмас. Мирзамаҳмуд ота бешикларини фарзандлари ва набиралари, яқинлари, ошна-оғайнилари фарзанд кўрганида совға тариқасида кўрманага олиб боради.

Фарзанд кўриш энг қувончли воқеа бўлса, туғилган фарзандга бешик совға қилиш ундан-да завқли

Мирзамаҳмуд отанинг зерикишга вақти йўқ. Унинг ўқувчилари ҳозир ҳам эшикдан йўқлаб келишади.

Муҳими, инсоннинг ҳаётда яшаб, ўз ортидан яхши ва эзгу амаллар қолдириши. Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам ана шундай фидойи инсонлардан.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: