Ҳаёт дарахтидан мўъжизавий малҳам

Она табиатнинг сиру синоатларга тўла мўъжизалари бисёр. Ер куррасида халқ табобатида қўлланадиган шифобахш гиёҳлар дов-дарахтлар ҳамиша қадрлаб келинган. Марокаш кенгликларида ўсувчи арган дарахти ҳам ўзининг ноёб ва шифобахшлиги билан ажралиб туради

Уни ноёб деб аташимизга сабаб шундаки, дарахтдан бир литр арган мойини олиш учун 100 кг сархил мевага 12 соат ишлов берилади. Ва шу ҳажмдаги ёғ учун 6-7 дарахтдан мева териб олиш керак бўлади. Ҳозирда бу ноёб ёғни юртимиз дорихоналаридан ҳам топиш мумкин. Бу маҳсулот косметология оламида ўзининг ноёб ва тезда самарали эканлиги билан қимматбаҳо саналади. Арган мойи халқ табобати, замонавий тиббиёт ҳамда пазандачиликда ҳам кенг қўлланилади. Шунинг учун ерлик аҳоли мазкур дарахтни “Ҳаёт дарахти” дея эъзозлашади. Арган мойи турли салат, енгил газакларга, балиқли таомларга ўзига хос хуштаъм ёнғоқ мазасини беруви хусусиятига эга. Шунингдек, ниҳоятда фойдали ҳамдир. Ноёб, сезиларсиз ўзининг ифорига эга мазкур арган мойи таркибида кимёвий моддаларнинг комплекси: турли кислоталар, Е витамини (ҳатто зайтун ёғидан ҳам кўп ), инсон териси учун зарур бўлган стероллар мавжуд. Унинг таркибидаги микроэлементлар нафақат қондаги холестерин таркибини камайтиради, ичак орқали қонга синггишига тўсқинлик қилади. Арган мойи таркибидаги Е витамини юрак қон томир тизимининг фаол ишлашига кўмаклашади. Кислоталарнинг умумий комплекси эса организмнинг яллиғланишга қарши хусусиятини оширади. Арган мойи билан уқалаш орқали ёғ тезда тери орқали қонга ва суякка синггиб, тўқималар фаолиятининг бузилишига тўсқинлик қилади. Бўғимлардаги оғриқдан халос этади.

Олимларнинг ўтказган тажрибаларига кўра арган мойини мунтазам истеъмол қилиб турган кишиларда гипертония (артериал қон босимининг ошиб кетиши) касаллигининг ривожланиши 50 фоизга камаяр экан. Шунингдек, жигар фаолиятига самарали таъсир кўрсатади. Терининг қариш жараёнини секинлаштиради. Мушакларни соғлом ва бақувват сақлайди. Ёшга оид ўзгаришларни тўхтатади. Арган мойи турли аллергик тошмалардан сизни халос этиб, болаларда таглик сабаб юзага келган тошма, диатезларда самаралидир. Ўсмирликка оид ҳуснбузар ва турли тошмаларни йўқотади. Яраларни битиб кетишига кўмаклашади. Шунинг учун марокашлик ҳар бир оиланинг тиббий қутичасида арган мойининг бўлиши табиий. Арган ёғи қуруқ юзларга самарали таъсир этиб, майда ажинларни текислайди. Жумладан, кўз атрофидагиларни ҳам. Терини майинлаштиради, унинг соғлом ва хушрўйлигини таъминлайди. Эластиклигини сақлаб қолишга ёрдам беради. Енгил турдаги чандиқларни йўқотишга, шилинган териларни тезда тузалишига кўмаклашади. Муаммоли юз териси учун қора зира ва арган мойи тенг миқдорда қўшилиб, терининг зарарланган қисмига эрталаб ва кечқурун суртилса яхши натижа беради. Шунингдек, нозик қовоқлар учун жуда яхши парвариш воситаси саналади. Тери соҳасидаги пўст ташлаш жараёнини олдини олади ва даволайди.

Яна ўқинг:  Кумуш хосияти ва хусусиятлари

Юз учун арган мойидан тайёрланган ниқоб: бир ош қошиқ арган мойига бир ош қошиқ асал солиб бир хил масса ҳосил бўлгунга қадар аралаштирилади. Юз терисига суртиб, уни 15 дақиқага қолдиринг. Бу ниқоб терининг юмшатади, намлантиради, тетиклаштиради. Ниқобни лабларингизга ҳам суртишингиз мумкин.

Сочларингизни қазғоқдан халос этишни истасангиз бош ювишдан ярим соат олдин арган ёғини соч илдизларига енгил уқалаб суртасиз. Сўнг соч узунлиги бўйлаб силанади ёки тароққа арган мойини томизиб енгил тараш лозим. Чакамуғ ҳамда арган мойининг аралашмасини сочларингизга 30 дақиқа давомида суртиб қўйинг. Бу усул сочларингизни мустаҳкамлайди. Қуруқ ва синувчан сочлар учун эса бир чой қошиқ арган ёғи, икки чой қошиқ зайтун ёғи, тухум сариғи, беш томчи марварак ёғи 10 томчи лаванда (ҳаворанг ёки бинафшаранг гулли, хушбўй, доим яшил ўсимлик) ёғи солинган ниқобдан фойдаланиш мумкин. Сархил лимон сувини арган мойи билан аралаштириб соч илдизига суртилади. Иссиқ сочиққа ўраб ярим соатдан сўнг ювилади. Соч тўкилганда эса икки ош қошиқ арган мойига беш томчи зира ёғини солиб, соч илдизига суртилади. Сочиққа ярим соат ўраб сўнг юмшоқ шампун билан ювиб ташланади. Шуни унутмангки, мазкур мойни сотиб олишдан олдин уни ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилинг. Сабаби табиий ҳеч қандай аралашмасиз бўлган ёғ ҳидсиз ва майин бўлади.

Маърифат ТОЛИПОВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: