УЧАР ГИЛАМ ФАҚАТ ЭРТАКЛАРДА БЎЛМАЙДИ

Хива – бизнинг жонли тарихимиз, бу дунёга келиб кетган қанча-қанча салтанатлар гувоҳи, юртимизнинг, халқимизнинг, миллатимизнинг мислсиз ўтмишидан, ота-боболаримизнинг даҳосидан, маънавий мулкимизнинг буюк иқтидори ва қудратидан далолатдир.

Ислом КАРИМОВ

Хива – асрлар сирини ўзида мужассам этган Марказий Осиёдаги тарихий шаҳар. Ўтмиш нафаси уфуриб турган обидалари, жаҳон бозорларида харидоргир ипаги билан дунёга машҳур бу ўлка ҳамиша хорижлик меҳмонлар нигоҳида. Айниқса, ранг-баранг гиламларининг таровати ўзгача.

Юртимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос ҳунармандчилик буюмлари билан бир-биридан фарқланади. Хусусан, Марғилон шойи атласлари ва дўппилари, Нурота кашталари, Бухоро зардўзи буюмларининг довруғи етти иқлимга ёйилган. Шулар қаторида Хива гиламлари бугун дунёнинг кўплаб музейларидан, халқаро кўргазмалардан жой олган. Гиламларда халқимизнинг ўзига хос турмуш тарзи, бебаҳо қадриятлари ва нозик санъат турлари акс этган.

Хива азалдан миллий ҳунармандчилиги билан бутун Шарқда ном қозонган. Ичан қалъа обидасида “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттираётган кўплаб гиламдўзларни учратасиз. Айниқса, тўртта дарвозанинг бири – Ота дарвозадан ичкарига кирар экансиз эртаклардаги мўъжизакор “учар гилам”ларни кўргандек қалбингизни чексиз ҳайрат эгаллайди.

– Хива гиламларининг жилоси шундаки, ундаги нақшлар кўп йиллик тарихга эга Ичан қалъа обидаларидаги эшик ва кўшклар безакларидан олинган, – дейди Ёқуббой Хўжа мадрасасида узоқ йиллардан буён гиламчилик билан шуғулланаётган Райҳон Маткаримова. – Масалан, Темурийлар тўплами – 15 аср миниатюраларидан олинган дизайнлар асосида тўқилган гиламлар ва сўзаналар. Хива Маёлика тўплами, кўзни қамаштирувчи бирюзалар асосида тайёрланган бўлиб, уларнинг оқ ва тўқ кўк рангдаги шакллари Хивадаги қадимий саройларни безаб турибди. Кейингиси Хива ёғоч эшиклари ва устунлари тўпламидир. У мураккаб ўйиб ишланган ёғоч эшиклар ва устунларга асосланади. Темурийлар ва Хива маёлика тўпламлари асл нусхада топилган гиламлар ва плиталар рангларини ўзида мужассам этади.

Дарҳақиқат, бу гиламлар тарих муҳитини ўзида акс этгани билан қадрли ва қимматли ҳисобланади. У хорижликларни ҳам асло бефарқ қолдирмайди. Йилнинг тўрт фаслида ҳам гиламдўзларнинг устахонасидан харидорлар аримайди. Бу иқтисодни ривожлантиришга ҳисса қўшиш билан бирга, ҳамюртларимиз ва хорижлик дўстларимизнинг хонадонига ўзгача шукуҳ бағишлайди.

Шу ўринда гиламнинг яратилиш тарихи ҳақида ҳам бироз тўхталсак. Тарихий солномаларда ёзилишича, гилам милоддан аввалги VI-V асрларга оид бўлиб Тоғли Олтойдан топилган. У Ахмонийлар даври форслари ёки Ўрта Осиё қабилалари орасида тайёрланган.

Яна ўқинг:  Саводхонлик айёми ёхуд ота-она ҳамёни ҳақида

Хоразмдаги археологик қазишлар пайтида милоддан аввалги I минг йилликка мансуб гилам намунаси топилган. Гилам тўқиш билан асосан аёллар шуғулланган. Безакларида йўлбарс ва туя излари, олма гули, узум занги, қалқон, ўсимликлар тасвирланган.

– Хоразм воҳасида азалдан аёлларнинг асосий машғулоти гилам тўқиш ҳисобланган, – дейди Райҳон Маткаримова. – Гилам тўқиш учун қирқилган жунлар ювилиб тозаланади, темир тароқларда таралади, таралган жунлардан ип йигирилади. Иплар турли табиий бўёқлар билан бўялади. Шунинг учун гилам ранглари ўзгармайди ва ўзининг сифатини йўқотмайди.

Бугунги кунда Хоразмда тўқилаётган гиламлар кириб бормаган хонадон бўлмаса керак. Замонавий дизайн ва сифат маҳсулотнинг харидоргирлигини таъминловчи омилдир. Шу боис гилам тўқувчилар энг аввало сифат даражасига аҳамият қаратади. Масалан, жунларни ва ипакларни бўяш учун турли дарахт баргларидан махсус бўёқлар тайёрланади. Нақшлар дизайнер томонидан чизилади. Хуллас, биргина ўрта ҳажмдаги гиламни тайёрлаш учун беш ой вақт сарфланади.

Айни пайтда “очиқ осмон остидаги музей”да бўлаётган ўзгаришлардан кўзингиз қувонади. Ҳар тарафда айём шукуҳи сезилиб туради. Юртимиз бўйлаб Наврўз шодиёнаси кунларида гиламдўзлар ҳам ўзининг ўзгача услубда тўқилган гиламларини намойиш этишмоқда.

Дилдора ҚАРШИБОЕВА,

Хоразм вилояти

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: