СОҒЛОМ ФАРЗАНД –ОИЛА БАХТИ

Одам ўз аъмоли ва бахтини ўзи яратади. У ҳаётда тўғри йўлни ихтиёр этиб, юксакликка эришиши, аксинча, ёмонлик билан тубанлик ботқоғига ботиши мумкин.

Бугун мамлакатимизда қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамай, айрим юртдошларимиз ҳали ҳам орзу-ҳавас ортидан қувиб, ўз фарзандларининг ҳаётини барбод қилмоқда. Ачинарлиси, қондошлик ришталарини боғлаш оқибатида ногирон фарзандлар дунёга келмоқда.

Бир умр ногирон фарзандни парваришлаш, руҳий хаста “айбсиз айбдор”ларнинг кўзига тик боқиб яшаш қандай азоб. Бундай аччиқ тақдирнинг ҳазилида кимни айбдор санаймиз?

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги болалар «Мурувват» уйида 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган руҳий хаста туғилган болаларнинг 187 нафари тарбияланадилар. Муассасада бундай болаларни тиббий назоратда сақлаш, даволаш, парваришлаш, овқатлантириш, ювиб-тараш учун 4 нафар врач, 11 нафар ҳамшира, юзга яқин энага, 30 нафар фидойи ҳамширалар фаолият олиб боради.

Муассасада бешта бўлим мавжуд. Жумладан, катта ёшдаги ўғил болалар, кичик ёшдаги ўғил болалар, доимий ётоқли болалар, катта ёшдаги қиз болалар ва кичик ёшдаги қиз болалар бўлимларидан иборат. Хоналарни айланар эканман, ҳиссиз-ҳаяжонсиз бир нуқтага тикилиб ётган тақдир туҳфаларидан бенасиб болаларга қараб қалбим ларзага келади. Юрак зирқираб, қалбдан бир нидо отилади: “Эй, бегуноҳ мурғаклар, сизнинг айбингиз ногирон ёки руҳий хаста туғилганингизми? Ҳаётнинг завқини, лаззатини туймасангиз сизларни азобга қўйиб, ота-онангиз нега дунёга келтирди?”

…Бу Ватанда инсон азиз, унинг қадр-қиммати юксак. Хаста қалб, хаста тан юртдошларимиз ҳам давлатимиз ҳимоясида, ғамхўрлиги ва доимий эътиборидадир.

“Мурувват” уйида руҳий хаста болалар доимий тиббий назоратда парваришланади. Даволаш билан биргаликда уларга таълим-тарбия берилади. Бунинг учун муассасада навбатчилик асосида фаолият юритадиган ходимлар ҳар бир бола билан индивидуал тарзда шуғулланади. Бу ерда уларнинг яшашлари ва тарбияланишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, беш маҳал овқатланиш, физиотерапия, спорт зали, мусиқа, тикувчилик, расм тўгараклари, футбол майдончаси, шунингдек, уларнинг қисман таълимга лаёқатлилари учун дарслар ташкил этилган. Болалар ҳовлидаги мавжуд спорт майдончасида соғломлаштиришга йўналтирилган жисмоний машқлар билан шуғулланади.

Тарбияланувчилар билан алоҳида тарзда иш олиб бориш, уларни ўз фарзандидек парваришлаш, овқатлантириш, ювиб-тараш, муассаса ходимларидан меҳр-мурувват, бағрикенглик, инсонийлик каби юксак фазилатлар эгаси бўлишни талаб этади.

Яна ўқинг:  AYOL – MUQADDAS

Ҳа, муассасада тарбияланаётган руҳий хаста болаларга ўз меҳр ва қалб қўрини, меҳнатини бахшида этиб келаётган фидойи тарбиячи ва шифокорларнинг хизмати ҳақиқатан, таҳсинга лойиқ. Бунинг самараси ўлароқ, болаларнинг фикрини шакллантириб, ақлини янада ривожлантириб, турли спорт ўйинлари ва тўгаракларга жалб этиш туфайли бир қанча ютуқларга ҳам эришилди.

Жумладан, ҳар йили “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказиладиган паролимпия спорт мусобоқасида Қарши болалар “Муруват” уйи кўп йил дан бери фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.

Руҳий хаста болаларни соғломлаштириш ишлари муассасада яхши йўлга қўйилган. Қарши шаҳар Тиббиёт бирлашмаси, 2-болалар шифоахонаси ҳамда Скрининг маркази “Мурувват” уйи тарбияланувчиларини йилда икки марта тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишларини амалга оширишда ўз кўмагини аямайди. Муассаса тарбияланувчиларининг фикрлаш ва сезгиларини янада ошириш мақсадида сенсор хоналар ташкил этилиб, мусиқа хонасини замонавий жиҳозлаш, кўнгилочар хоналар ташкил қилиш ишлари амалга оширилди. Талимаржон ИЭС, “Дунё-М” Очиқ акциядорлик жамияти каби ҳомий ташкилотлар томонидан муассасада қўшимча қайта қуриш ишлари олиб борилди. Физиотерапия, спорт ва маънавият зали, кириш фойелари қайтадан таъмирланди. Муассасада янги бинор қурилиб фойдаланишга топширилди.

Саҳифани Марям АҲМЕДОВА тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: