Кўзларида юлдуз бор

Қуёш укпар булутлар орасидан мўралайди. Шабадада кўклам ҳиди. Бир дуркун қизлар сайил бўлаётган адир томон ўрлайдилар. Олдинда бораётгани беихтиёр тўхтаб қолади.

– Қизларжон, бу ёққа бир қаранглар!

Қияликдаги яхлаган ер устида нозиккина бойчечак тебраниб турарди. Қизлар унга соғинчу меҳр билан тикилиб ҳайратланишади.

– Вой, бунчаям чиройли! Аёзли кунда очилиб туришини-чи?

Қизлардан бири бойчечакни узмоқчи бўлди. Дугонаси унинг қўлидан ушлади.

– Қўй, узма, биздан бошқалар ҳам кўрсин.

Кейин шу йўлдан йигитлар ўтишди. Улар бойчечакни кўриб дарров узиб олишди.

“Қизларга кўрсатиб мақтанамиз”, дейишди. Қизлар эса бойчечакни йигитлар қўлида кўриб, кўнгиллари оғринди. Бойчечакни узган йигит хижолатомуз жилмайди. Қизлар уни “кечирган” бўлди.

– Бойчечакни бизга беринглар.

– Йўқ, шартларимиз бор.

– Айтинг.

– “Бойчечак базми” ўйнаймиз. Лапарда ким енгса бойчечак ўшаники бўлади.

– Бўпти!

Йигитлар бир тараф, қизлар бир тараф бўлишди. Бўз йигит ўртага чиқиб лапарни бошлаб беради:

Қишлоғимда бир қиз бор,

Кўзларида юлдуз бор.

Юлдузидан олай десам,

Отаси кўп жаҳлдор,

Ёрдам беринг ёронлар!

Қизлар ясама араз билан лаб буришади, сўнг йигитга дарровгина жавоб ҳозирлайдилар:

Ҳой йигит-а, ҳой йигит,

Мақтанишни қўй, йигит.

Сен у қизни олмоқ бўлсанг,

Бор, рақибингни йиқит!

Буни қаранг, ёронлар…

Йигит “таслим” бўлгандек ерга қарайди, сўнг бойчечакни қизга узатади. Йигитнинг шери ўртага чиқади ва янги лапарни бошлаб юборади:

Қўшни қизнинг боғига,

Олма отдим, ҳай ёра.

Учрашгани чиқар деб,

Пойлаб ётдим, ҳай ёра.

Бир қиз унга жавоб сўзи айтади:

Олма отманг боғимга,

Мен на кўйда, ҳай ёра.

Учрашувга чиқолмам,

Отам уйда, ҳай ёра.

Сўнг йигит ўзича “аразлаб” нари кетади. Сал ўтиб, яна ортига қайтадида, қизга лутф қилади:

Ҳой қўшни қиз, бу қандай,

Нозу фироқ, ҳай ёра.

Бир бор кулиб, дилимга,

Ёққин чироқ, ҳай ёра.

Қиз юзларини тўсиб четга қарайди. Кейин дугоналари ёнига бориб “аҳволини”уларга тушунтиради. Унинг ёнидаги қиз ўртага чиқиб, йигитга дейди:

Куюнманг-ей, бу қизнинг

Боши боғлиқ, ҳай ёра.

Сизга бир сўз айтолмай,

Дили доғлик, ҳай ёра.

Шунда йигит бошини “чангаллаб”, бир зум туриб қолади. Сўнг аста-секин йигитлар томон юради. Кетаётганида қизлар гуруҳи томон боқиб шундай дейди:

Яна ўқинг:  Осойишта юртнинг бозорлари

Ҳой, қўшни қиз, севмасанг,

Йўқдир зорим, ҳай ёра.

Дунёда қай ошиқ бор,

Кўнгли ярим, ҳай ёра!

Айтишув ва лапарлар поёнига етгач, қизлару йигитлар давра-давра бўлишиб сирлашадилар.

Бахт ва севги ҳақидаги гўзал суҳбатлар то кечга қадар давом этади.

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: